Ўзбекистон диний бағрикенг миллатлараро тотув юртдир.

Мамлакат тараққиёти, унда яшайдиган аҳолининг ўзаро ҳамжихатликда яшашидаги энг муҳим омиллардан бири бу — миллатлар ўртасидаги тотувлик ва диний бағрикенгликнинг ўрнатилиши ҳамда унинг амалда қўлланишидир. Минг шукрки, юртимиз тинч ва хотиржам. Халқимиз осойишта умргузаронлик қилмоқда. Буларнинг барчаси эл орасидаги аҳиллик ва тотувликнинг омилларидан бири бағрикенглик тамойилидир. Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда, кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик, бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади. Дунёда ҳар бир махлуқот биз инсонлар каби жуфт қилиб яратилган. Инсоният жуфтлигидан эса, жамиятнинг таянчи бўлган оилалар ташкил топган. Оилалар тинч-тотув бўлса жамият ҳам осойишта бўлади. Агарда оилада ҳузур-халоват йўқолса жамият ҳам нотинч бўлади. Авваламбор, оиладаги тинчлик унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро хамжихатликда хуқуқ ва вазифаларга амал қилиш билан бўлади. Оила – инсоният жамиятининг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши учун низом ва қонунлар жорий этган. Қуръони каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди: «Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз» (Раъд сураси, 38-оят). Динимизда оила фаровонлиги, саодати учун оила аъзолари ўзларини қандай тутишлари лозимлиги, эр-хотиннинг бурч ва вазифалари, оила бузилишини олдини олиш борасида кўплаб тавсиялар берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло: «Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”, деб марҳамат қилган («Зориёт» сураси, 49-оят).
Юртимизни турли миллатлар ўзида жам бўлган катта бир оилага қиёс қилсак, мустақилликка эришган мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари ва қўлга киритаётган ютуқларини ҳисобга олсак, бу ҳар биримиз учун ҳам қувонарли жараёндир. Ота-боболаримизнинг аҳиллик, тинч-тотув ва фаровон ҳаёт учун қилаётган саъй-ҳаракатларидан тўғри хулоса чиқариб, уларнинг бу эзгу ишларини давом эттирсак – Она юртимиз учун муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилик қисми эътиқод қилувчи ислом дини неча-неча асрлар давомида жамики инсонларни ҳамжиҳат бўлишга, эзгу мақсад йўлида қўлни қўлга беришга, ўзаро низо, урушлар ва миллий ҳамда диний камситишларга йўл қўймасликка, умумий уйимиз-курраи заминда дўст-биродар, аҳилликда яшашга ундаб келмоқда. Динимиздаги тотувлик ва бағрикенглик тушунчалари Қуръони Карим, ҳадиси шариф ҳамда улуғ аждодларимиз асарларида ўз исботини топган. Буни қуйидагилар мисоллида ҳам кўриш мумкин.

Биринчидан, Исломнинг асоси бўлган Қуръони каримдаги илк “Фотиҳа” сурасида Аллоҳни барча оламларнинг Парвардигори, дея тафсир этилиши динимизнинг тенглик ва бағрикенглик дини эканлигидан далолатдир. Ушбу сурада Аллоҳнинг раҳмли ва меҳрибон эканлиги эътироф эътилади;

Иккинчидан, Исломда Қуръондан кейинги энг муҳим манба бўлган ҳадиси шарифда, исломда энг яхши хислатлар очларга таом бермоқлик ҳамда таниган ё танимаганга салом бермоқликдир дейилади. “Ассалому алайкум” сўзи эса “сизга тинчлик, омонлик тилайман” деган маънони англатади. Демакки, миллатидан, эътиқодидан қатъий назар барча инсонларга тинчлик, сиҳат-саломатлик тилаш динимизда ўз ифодасини топган. Худди шу ҳадис Имом ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал Муфрад” асарида ҳам учрайди.

Учинчидан, Ислом адабиётида ҳам тенглик ва бағрикенглик тамойиллари кенг тарғиб этилган. Масалан, Имом ал Бухорийнинг “Ал-адаб ал Муфрад” асарида барча инсонларнинг ўзаро ҳамжихатликда яшашлиги хақида ёзилган. Жумладан, Абу Ҳурайра р.а ривоят қилади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизга ҳасад ва адоват қилманг, дунё ишларида сендан мен ўтаман, деб жанжаллашманг, бир-бирингизга тескари бўлманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, ҳаммангиз ака-ука бўлинглар” дедилар. Бундан кўриниб турибдики, жамики инсонлар бир-бирини ҳурмат қилиши, қўллаб-қувватлаши ва ўзаро низоларга бормасликлари лозим.

Хулоса қилиб айтганда, исломда бир жамиятда яшовчи бошқа дин ёки миллат вакиллари учун шахсий эркинлик, ҳурфикрлик, ақида мустақиллиги, дахлсизлик масалалари тўлиқ кафолатланади. Умуминсоний қадр-қимматлар билан йўғрилган ислом динидаги тотувлик ва бағрикенглик масалалари ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Ислом дини инсонларни ўзаро мурувватли бўлишга чақирганидек, бошқа дин вакилларига ҳам бағрикенглик билан муносабатда бўлишга чақиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг инсонларга кўпроқ манфааат келтирувчиси Аллоҳга маҳбуброғидир” Юртимизда азалдан диний бағрикенгликка асосланган қадриятлар устувор бўлиб келган. Мисол учун қадим замонларда мусулмонлар Яхудийлик, Насронийлик каби дин вакиллари билан тинч-тотувликда яшаб келганлар. Кўҳна шаҳарларимизда азалдан масжидлар билан биргаликда черковлар фаолият кўрсатгани, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида ҳам улар ўртасида зиддиятлар ва можаролар бўлмагани бунинг тасдиғидир. Бу холатлар Ўзбекистон заминидаги барча халқларнинг диний-маънавий тотувликда ва бағрикенгликда яшашининг нодир тимсолидир. Ҳозирда ҳам мамлакатимизда ўтказиб келинаётган нуфузли халқаро анжуманларда Ўзбекистонда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда диний бағрикенглик муносиб эътироф этилмоқда  Бугунги кунда ҳам мамлакатимиз бой тарихий, илмий-маърифий ва маданий меросни ўрганиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, маърифатли ислом ғояларини ёйиш ҳамда диний бағрикенгликни қарор топтириш ва мустаҳкамлашда бутун дунёга ўрнак бўлмоқда.

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби  

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *