ГИЁХВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ

Гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар. Зеро, фақат соғлом ота-онадангина соғлом зурриёд дунёга келади. Соғлом бола эса фаровон келажак демакдир.  Баъзан гиёҳвандлик қурбонига айланиб қолган инсонларнинг қисматини кўриб, уларга нисбатан нафрат, қаҳр ва раҳм туйғуларининг уйғониши табиий. Уларнинг қуриётган дарахт мисол умри эвазига айрим қора ниятли ёвуз кимсаларнинг ҳамёни қаппаймоқда. Одам қиёфасидаги бундай махлуқларнинг қора оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта.  Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.

Расули Акрам с.а.в. бизларни бундай иллатларга нисбатан қандай йўл тутмоқлигимизни барчамизга буюриб шундай дейдилар:“Сиздан ким ёмон – мункар қайтарилган ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”

Демак, ўзининг дини ва Ватани учун қайғурадиган ҳар бир мусулмон, ўзини иймонли деб ҳисоблайдиган ҳар бир мўмин бу юклатилган бурчни тўлалигича бажариши лозим. Чунки бу аввало Аллоҳ ва унинг Пайғамбарининг амри сўнгра ўз халқи учун ғамхўрликдир!

Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим.Соғлом авлод ўтмиши қадим, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг келажак ворисларидир. Уларни мана шундай соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қанақа ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар ўпқони уларни ўзига жалб қила олмасин.

Ш.Болтабоев

Хазорасп туман “Шайх Қосим бобо”

масжиди имоми хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *