Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган Азозил, яъни Шайтон ҳам бир пайтлар жуда илмли бўлган ва ҳатто фаришталарга дарс берган. Бироқ Аллоҳ таоло Одам а.с.ни яратиб, барча мавжудотни унга сажда қилишга буюрганида Шайтон бош тортди ва “Мени оловдан яратдинг, уни эса ботқоқдан,” – деб эътироз билдирди. Бу мам-манлиги туфайли Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди,” – деб далил келтиришади. Сохта “тариқатчилик”нинг исломга ва жамиятга келтираётган ўта жоҳилона зарарларидан айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг таҳоратидан қолган сувни истеъмол қилиниши ҳолатлари учрайди. Ҳозирда ўзларини тариқатчимиз деб даъво қилётганлар аввало анъанавий тариқат асосларини қўпол тарзда бузаётганлари, қолаверса шариат кўрсатмаларига ҳам амал қилмаётганлари намоён бўлмоқда. Жумладан, пирнинг таҳоратидан қолган сувни табаррук қилиб ичиш масаласида улар қўпол хатога йўл қўймоқдалар. Биринчидан, бизлар XXI асрда яшамоқдамиз ва “тоза сув”, “ифлосланган сув”, “микроб”, “юқумли касаллик” деган тушунчалар барчага маълум. Одам ювинганда ёки таҳорат қилганда сувга унинг юз-қўлидан турли зарарли микроблар тушиши мумкин ва уни ичишнинг оқибати оғир касаллик билан тугаши мумкин. Иккинчидан, юқорида зикр қилинган “Мактубот” асарида Имом Раббоний: “Таҳоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат билан аралашган бўлади. Фақиҳлар уни ичишни ман этганлар”, – дейди.Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ мезонига ҳам мос эмас.
Аслида тасаввуф намояндалари ҳеч қачон илмга қарши бўлмаганлар, балки илмсизлик билан тариқат уйғун бўла олмаслигини уқтириб келганлар. Шу ўринда биз тариқат мезонлари теранроқ англаш, асл моҳиятни тушуниш мақсадида тарихга мурожаат қиламиз: XVIII асрда Марказий Осиёда Нақшбандия-Мужаддидия тариқатининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган аллома Мусохон Даҳбедийнинг шогирдларидан бири Халифа Сиддиқнинг бу борадаги қарашлари ва амалга оширган ислоҳотларини мисол қилиб келтирамиз. У сулукка раҳбарлик қила бошлагач, Нақшбандия-Мужаддидия сулуки Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Дашти Қипчоқни ўз ичига олган кенг ҳудудга ёйилди. Бу ҳақда XVIII асрда Марказий Осиёда кечган ижтимоий-сиёсий ва маданий-диний вазиятни қоғозга туширган тарихчилардан бири Жумақули Хумулий (туғ.й.1776/77)нинг “Тарихи Хумулий” асаридан батафсил маълумот олиш мумкин.
Халифа Сиддиқ сулукни бошқаришда ўзидан аввалгилардан фарқлироқ ноанъанавий йўлни танлади. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шу эдики, муридларни зикр ўрнига кўпроқ Қуръон ўқишга чақирарди, турли диний билимларни, шариат аҳкомларини ўрганишга буюрарди. Ҳалқаларда кўпинча Атоуллохўжа Бухорий, Фарғона шайхул исломи Эшон Зокирхўжа Марғиноний, шайхул ислом Мир Абдулҳайхўжа Самарқандий каби ўша замоннинг фозил, олим кишилари ташриф буюриб, соликларга тафсир, ҳадис, фиқҳ каби фанлардан дарслар ўтишарди. Ҳар куни зикр ҳалқасидан ва ишроқ намозининг ўртасида “Тафсир ал-Байдовий”, “Мишкоти шариф” ва бошқа саҳиҳ китобларни илм толиблари мазкур уламолардан ўрганар эдилар. Фарз намозларидан сўнг хуш овоз қориларга Қуръон ўқишни, чиройли таъбирли шоирларни маснавий ўқишга буюрар эдилар.Муқаддас динимизда тариқат йўналиши муҳим аҳамиятга эга экани ҳаммага маълум. Диёримиздан сон-саноқсиз тасаввуф шайхлари ва тариқат пирлари етишиб чиққани бунинг ёрқин мисолидир. Лекин, бугунги кунда жоҳилларча ўзларини тариқат эгалари деб даъво қилиб, мусулмонларни чалғитиб, обрў ва мол-дунё орттиришни ўзларига мақсад килганларнинг кўзга ташланаётгани ташвишланарли ҳолатдир. Буларга асосан илмдан йироқ, кўр-кўрона эътиқод қилишга мойил кишиларнинг эргашиб қолаётганига гувоҳ бўласиз. Улар учун гўё, “пир”лари шариат-у тариқатнинг мутлоқ олими, айтган сўзлари-етти жаннатнинг калити, унга қўл беришни эса Аллоҳнинг розилигини топиб, сирот кўпригидан ўтишлик деб ҳисоблашади. Тез-тез пирнинг зиёратига бориш ва “дуосини олиш”, соқол қўйиб, салла-чопон кийиб, “биродар” бўлиш билан ҳамма нарса ҳал бўлди деб ўйлашади. “Пир”ларини эса худога етган, “авлиё киши” эканлигига шак-шубҳа қилишмайди.Тариқатнинг мақсади шариат илмларини амалга татбиқ қилиб, Аллоҳнинг маърифати ва муҳаббатини қалбга жо қилишдан иборатдир. Сохта тариқат “сўфий”ларининг илм-маърифат ўрганиш ўрнига қалблари кибрга тўлиб, “биродар” бўлмаганларнинг амалларини номақбул деб айблашади. Эътиқод овчиларининг хатарли кирдикорларидан огоҳ бўлиш баробарида, бундай маҳаллий обрўпарастларнинг алдовларидан ҳам бохабар бўлиш — бугунги куннинг асосий талабларидан биридир.
Тариқат илми — аввало, шариат илмларини мукаммал эгаллагандан кейин ўрганиладиган илмдир. Бу ҳақда буюк мутасаввиф олим Аҳмад Яссавий: ”Шариатсиз тариқатга кирганларнинг, шайтон келиб иймонини олар эрмиш”-десалар, Сўфи Аллоҳёр: «Шариатсиз агар учса ҳавоға, инонмағил анингдек худнамоға”, -деб таълим берадилар. Шу ўринда марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тасаввуф ҳақида тасаввур” номли китобларида келтирилган воқеа мазмунини эслаш кифоя: “Бир “сўфий” вилоят хатибига дебди: “Келинг, биродар бўлайлик”. Домла: “биз шундоқ ҳам биродармиз”-десалар, сўфий: “биродар бўлишимиз учун бизнинг пиримизга қўл беришингиз керак”-дебди. Шунда домла: “Майли, ундай бўлса, менга ғуслнинг фарзларини айтиб беринг-чи?” -деганларида сўфий айтиб беролмаган экан”. Амалдаги дин олимларининг фатволарини тан олмасдан, илмсиз пирга суянадиган, тариқатнинг асосидан мутлақо хабарсиз, фақат номинигина биладиган “тариқат”чиларга ачиниб кетасан киши.
Истиқлолимиз шарофати туфайли буюк алломалар замини бўлган диёримизда Ислом илми ҳам шу қадар равнақ топиб бормоқдаки, қисқа муддат ичида ҳавас қиладиган даражага етмоқда. Шундай бир шароитда эътиқодимизни аллақандай манфаатпарастлар қўлига топширмасдан, маърифатпарвар уламоларимизга мурожаат қилайлик. Эътиқод йўлимизни танлашда уларнинг маслаҳатига қулоқ солайлик. Ана шундагина Расулуллоҳ башорат берган, қиёматгача ҳақ йўлдан адашмайдиган уммат бўламиз!
Х.Матяқубов
Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби