Ражаб ойининг фазилати

 “Ражаб” сўзи луғатда «ҳаё қилмоқ, тинчиш, сақламоқ, қўрқмоқ» маъноларини англатади. Абу Райхон Беруний: “Ражаб сукут, тинчиш ойи, Аллоҳ таоло зикр қилган тўрт ойнинг бири, деб айтган. ”Ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб – Аллоҳ урушни ҳаром қилган ойларнинг бири бўлгани учун шу номни олган. Ражаб ойида нафл рўза тутишнинг савоби улуғ. Бу ойнинг фазилати шундаки, унинг йигирма еттинчи кечаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро ва Меърожлари содир бўлган.

Исломда уруш ман этилган ой деб эълон қилиш бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни кўзлаб қўйилган ажойиб илоҳий тадбир эди. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тиярдилар.

Ражаб ойи ҳам муҳаррам ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш кўп савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: «Ражаб ойида турганимизда Саъид ибн Жубайрдан Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».

Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. У зот Ражаб ойида ҳам шундай қилган эканлар.

Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Ҳадис китобларида келтирилган баъзи ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.

Кўп ҳадисларда келган тавсиялар Ражаб ойи кечаларини тоат-ибодатда, зикр ва дуоларда ўтказишга қаратилган. Шунингдек, бу муборак ойда асосий қилинадиган нарса тавба-тазарруъ эканлиги алоҳида таъкидланган.

Аллоҳ таоло “ҳурматланган” ойларда айниқса, гуноҳ ишлардан сақланишга, мазкур ойларни кўпроқ ибодат, зикруллоҳ билан ўтказишга буюради. Мана бу ойларда имкон қадар солиҳ амалларни кўпроқ бажаришимиз, атрофимиздаги ночор ва муҳтож кишилар ҳолидан хабардор бўлиб, уларга ёрдам қўлини чўзишимиз зарур бўлади.

Чунки ўтаётган ҳар бир кунимиз ғанимат, ҳар бир соатимиз ортига қайтмайди. Ҳамма нарсанинг исрофи бўлганидай, вақтнинг, умрнинг ҳам исрофи бор. Шу боис, кунлар ва ойларни чиройли амаллар, эҳсон ва яхшиликлар билан безаш мусулмон кишининг вазифаларидандир.

Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) айтади: «Одам боласи, бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қилсин. Агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукрлар айласин. Агар бунинг акси бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор айласин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўлдириш мумкин бўлади».

Аллоҳ таоло Ражаб ойини барчаларимизга муборак айласин. Жаннатмонанд юртимиз осмонини мусаффо, халқларини тинч ва фаровон айлаб, ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини барқарор қилсин. Азиз умримизнинг ҳар бир йили ва ойини солиҳ амаллар, яхшиликлар ва эзгуликлар билан безашимизни насиб этсин, ҳаммаларимизга икки дунё саодатини ато қилсин.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *