Касб-кор қилиш ва боқимандаликдан сақланиш динимиз кўрсатмасидир!

              Динимиз ҳамма соҳада мўътадил бўлишга, дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни ташлаб қўймасликка буюради. Шунинг учун мусулмон киши икки дунёни ҳам эътиборга олиб яшайди ва ҳалол касб изидан ўзига ҳамда аҳли-оиласига покиза ризқ излайди.

Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан биридир. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги айнан луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун вожибдир”, – дейилган (Имом Табароний ривоятлари).

       Тирикчилик учун касб-кор қилиш ҳаёт заруратларидан бўлгани сабабли Аллоҳ таоло инсон ҳаёти учун керак бўладиган барча сабабларни тайёрлаб қўйган.

Динимизда боқимондалик, дангасалик ва ўзгаларга нисбатан таъмагирлик кескин қораланади. Унинг муқобилида ҳалол меҳнат қилиш, касб-кор қилиш улуғланади ва унга ажр-савоблар ваъда қилинади. Қуръони каримнинг бир неча ўрнида ҳалол касб қилиш ибодат билан бирга зикр қилинган. Жумладан, намоз ибодатини адо қилгандан кейин тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазли – ҳалол ризқ излаш ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).

            Ҳадиси шарифларда энг яхши касб инсон ўз қўли ва савдо йўли билан қиладиган касб экани айтилади. Ҳадиси шарифларда деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандлик, саноат, савдо ва бошқа касблар зикр қилинган. Бугунги кундаги турли хил хизматлар ҳам мана шу савдонинг ичига киради, чунки хизматлар ҳам пировард натижада сотилади. Рофеъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Соғлом, меҳнатга лаёқатли кишининг ўзи ва аҳли аёли учун касб-кор қилиб мол топиши – асосий фарзлардан кейинги фарздир. Лекин касбу кор ҳам фарз экан деб, асосий ибодатларни четга суриб қўйилмайди. Мусулмон киши зиммасидаги оила аҳлини таъминотсиз қолдириб, касб-кор қилишни ташлаши ёки боқимондалик ва тиланчилик йўлига ўтиши мумкин эмас, балки ҳалол меҳнат қилиши керак. Кишининг касби одамларнинг кўзига ҳар қанча ҳақир кўринмасин, Аллоҳ таолонинг наздида мақбул ва севимлидир.

Ҳозирги кунда ишламасдан давлатдан ёрдам кутиб ўтирганлар, сохта тиланчилар, ўзини ногиронга солиб пул таъма қиладиганлар ҳам учраб турибди. Баъзан бозорларда, маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида қўл-оёғи бутун, соғлиги жойида, тоғни урса, талқон қиладиган кишиларнинг тиланчилик қилиб юрганларини кўрамиз. Аслида бир кунлик егулиги бор кишининг тиланчилик қилишини динимиз қаттиқ қоралайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам”, дейиш билан инсонлардан беҳожат бўлишга чақирганлар.

Тарихдан маълумки, олдинги даврларда ўзаро урушлар кўп бўлган. Жангу жадалларда яраланиб, ногирон бўлиб қолиш ҳолатлари учраб турган. Лекин мўмин-мусулмонлар жамиятида ногиронлиги сабабли тиланчи бўлгани ҳақида бирор маълумот учрамайди.

Касб-кор масаласида одамлар бир неча қисмга бўлинадилар. Баъзилар биз Аллоҳга таваккал қиламиз деб, касб қилишдан ўзларини четга тортадилар ва ўзгаларга юк бўладилар. Аслида, таваккал қилиш – пайғамбарларнинг ҳоли, касб қилиш эса – уларнинг суннатларидир. Ўтган пайғамбарлар, саҳобалар ва азиз-авлиёларнинг касб-корлари бўлгани маълум ва машҳур. Ҳазрати Умар айтардилар: “Мени бир кишининг кўриниши лол қолдиради. Шунда у ҳақида сўрасам, унинг касби йўқлигини айтишади ва у менинг назаримдан қолади”.

Бир тоифа одамлар касб-кор қилишда нуқсонга йўл қўядилар ва ҳалолми-ҳаромми ажратиб ўтирмайдилар. Ҳаромнинг гуноҳини елкаларига олишлари билан бирга касбларининг баракаси кетади. Энг ёмони ҳаромдан ўсган гўшт кишини дўзахга етаклайди.

Баъзилар ҳалол касб қиладилар, лекин дунё уларни Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо қилишдан тўсади ва охиратларини бой берадилар.

Охирги тоифа одамлар касбу кор қилишнинг шариатга мос йўлини танлайдилар. Уларнинг мақсади Аллоҳ таолонинг розилиги бўлади. Ўзларининг ҳақларини оладилар ва зиммаларидаги бурчларни адо қиладилар. Ҳалолдан инфоқ-эҳсон қиладилар. Мана шу – шариатимиз биздан талаб қилган касб қилиш йўлидир.

Ҳар бир инсон Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилингани каби, бандаларнинг ҳақларига ҳам риоя қилиш керак. Баракасиз, кўп ҳаром молдан, кам бўлсада ҳалол-пок баракали мол яхши. Ҳаромдан садақа қилинган кўп маблағ қабул бўлмайди, ҳалол оз бўлса-да қабул бўлади.

Р.Рахимов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *