Машҳур давлат арбоби, етук шоир ва олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланаётган ушбу кунларда унинг диний билими, кучли фақиҳ экани, бир сўз билан айтганда, шариат олими бўлгани ҳам эътиборга тушади. Бобур бобомиз яшаган даврларда зиёлилар қатлами ва илм аҳлининг барчаси илм йўлига киришни Қуръони каримни тўлиқ ёд олишдан бошлашган. Саройда, даврининг энг яхши устозларида тизимли ва мукаммал сабоқ олган, ўзи ҳам зеҳнли ва кучли хотирали бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Қуръонни тўлиқ ёд олганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Темурийлар ва бобурийлар сулоласининг барча ҳукмдорлари ва давлат бошқаруви аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридийлик ақидасида ва ҳанафийлик мазҳабида бўлгани маълум. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи бу ҳолатга “Бобурнома”да бир неча марта ишора қилганини кўрамиз. У зот отаси Умаршайх Мирзо ва амакиси Султон Аҳмад Мирзонинг ҳанафий мазҳабида бўлганини алоҳида қайд этиб, «ҳанафий мазҳаблиқ, покиза эътиқодлиқ киши эди, беш вақт намозни тарк қилмас эди», деган эди.
Бобур бобомизнинг авлодлари ҳам Ҳиндистонда мотуридия эътиқоди ва ҳанафия мазҳабига кўра салтанатни юритганлар. Бобурийлар даврида Ҳиндистонда фаолият юритган олимлар ҳамда яратилган эътиқодий ва фиқҳий манбалар бунга яққол далолат қилади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари мотуридийя таълимотига мансуб аҳли суннат ва жамоат эътиқодидаги, фиқҳда эса ҳанафий мазҳабига амал қиладиган шоҳ бўлгани ўз-ўзидан маълум. У ўзининг “Мубаййин” (ёки “Мубайян”) асарининг “эътиқодийя” қисмини мотуридийя таълимотига кўра ёритади. Қолган тўрт қисм – намоз, закот, рўза ва ҳаж китоблари ҳанафийлик мазҳабига кўра битилган. У зот ҳанафий мазҳабида эканига шукроналар келтиради:
Тенгридин бизга кўп латифадурур,
Муқтадомиз Абу Ҳанифадурур.
Тенгрига шукрлар дейинг яксон,
Қилди бизларга ишни ул осон.
“Мубаййин” асарининг эътиқодий қисмига Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг “ал-Фиқҳ ал-акбар” ва Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ақоид ан-насафия” сингари асарлари асос қилиб олинган. Имомнинг шартларини баён этар экан, ундай ушбу байтлар битилган эди:
Аввал иймон Худоға келтургил,
Ширк черигин замирдин сургил.
Доғи билким, малак эрур мавжуд,
Барчаси абд-у, Тенгридур маъбуд.
Бор учинчи Китоби иқрори,
Тенгри тавфиқ берса, дей бори.
Яна бил анбиёсини барҳақ,
Рўзи охирни доғи бил мундоқ.
Яна билгил Худодин, эй ҳамдам,
Яхшилиқ бўлса, гар ёмонлиқ ҳам.
“Мубаййин”нинг эътиқодий қисми имоннинг мана шу олтита шартининг тафсилотига бағишланган. Тақдирнинг яхши-ёмонлигини Аллоҳдан деб билиш шартини айтар экан, инсоннинг ҳар бир феъли Раҳмондан эканини қайд қилади. Ҳар бир феълимизни Аллоҳ ёзиб, тақдирга битиб қўйган бўлса, ибодатнинг нима кераги бор, деганга ўхшаш васвасаларга Бобур бобомиз ман бундай байт билан жавоб беради:
Ямону яхшидур – қазоси анинг,
Яхшиғадур вале ризоси анинг.
“Мубаййин”нинг бугунги кунимиз учун ўта долзарб бўлган байтларидан бири “Аҳли қибла такфири жоиз эмастур” номли сарлавҳаси остида берилган. “Аҳли қибла” дегани бу қиблани ҳамма қатори Арабистоннинг Макка шаҳрида жойлашган Каъбани тан олувчи кишиларга, бир сўз билан айтанда, ўзини мўъмин-мусулмон деб билувчилар ҳисобланади. “Такфир” эса ўшандай одамларни кофирга чиқаришдир. Бу оят ва ҳадисларга кўра гуноҳ иш бўлиб, ўзини мўъмин-мусулмон деб билувчини бесабаб кофирга чиқариш асло мумкин эмас. Бугунги кунда ҳуда-беҳудага бир-бировни куфрда, ширкда айблаётган, мўъмин юртдошини дўзахий деб сўкаётган кишиларга бу бир огоҳлантиришдир:
Ул киши аҳли қибладур, билингиз,
Они кофир демакни бас қилингиз.
Гарчи кўб зулму кўб хато қилса,
Мубтадиъ бўлса, юз ҳаво қилса.
Ҳукм қилманг анинг шақоватиға,
Дўзахийлиғ битимангиз отиға.
Давлат раҳбарларига итоат этиш тўғрисида ҳам муҳим кўрсатмалар берилган. Лекин агар шариатга кўра гуноҳ бўладиган ишга буюрса, унга итоат этмасликка бир баҳона ва узр бўлади:
Халқ аро кимки подшоҳдурур,
Тоатин қилмасанг, гуноҳдурур.
Магар ул ишки маъсият бўлғай,
Қилмасиға анинг жиҳат бўлғай.
Бироқ, давлат раҳбари ҳар қандай золим бўлса ҳам, қуролли куч билан унга қарши чиқмоқ шариатга кўра жоиз бўлмайди:
Подшоҳе агарчи золимдур,
Аҳли ислом ичра ҳокимдур.
Анга қилмоқ хуруж бўлди ҳаром,
Будурур шаръ ичра рабту низом.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари “Эътиқодийя” деб аталган қисмдан кейин “Амалийя” деб аталган 4 қисмга ўтади. Унда намоз, закот, рўза ва ҳаж арконларини манзума шаклида ифодалаб берган. Асар ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбалари бўлмиш “Мухтасар ал-Виқоя” ҳамда “ал-Ҳидоя” масалаларига асосланган. Намоз итоби бошланар экан, унинг аҳамиятини бу тариқа кўрсатади:
Кеча-кундузда вақти беш бўлмиш,
Узр эмас мунда ҳеч нима, ҳеч иш.
Шундай экан, уни ҳар бир балоғат ёшига етган ва ақл-ҳуши жойида бўлган мўъмин-мусулмонлар адо этмоғи фарздир. Мазкур ибодатнинг ўзига яраша бир қанча фарзлари, вожиблари, суннат, мустаҳаб ва адаблари бор. Бобур бобомиз уларнинг ҳар бирига тўхталиб ўтганлар. Шунингдек, “Мубаййин”да закот, рўза ва ҳаж ибодатларини ҳам бирма-бир зикр қилинган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур савоб бўладиган ҳафталик рўза кунларини бу тариқа санаганлар:
Ҳафтани савми, билки, уч кундур,
Айтайин барчасини бир-бир, сўр!
Панжшанба, яна душанба бил,
Яна бир жумъа бўлди, эшитгил.
Бу байтлардаги пайшанба ва душанба куни рўза тутиш мустаҳаб экани ҳаммага тушунарли. Жума кунининг ёлғиз ўзида рўза тутишни ҳам Бобур бобомиз мустаҳаб демоқдаларки, бу унинг кенг билимга эга фақиҳ эканидан далолат қилади. Чунки, бошқа уч мазҳабда (шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликда) жума кунининг ўзида рўза тутиш макруҳ саналса-да, лекин бизнинг ҳанафий мазҳабида бу мустаҳаб дейилади. Ушбу фикр ҳанафий мазҳабининг мўътабар ва мўътамад фиқҳий манбаларида ўз аксини топган. Жумладан, “Фатовойи Қозхийхон”, “Бадойеъ ус-санойеъ”, “Фатовойи Оламгирийя”, “Муҳити Бурҳоний”, “ал-Баҳр ар-роиқ” ва “ар-Радд ал-муҳтор” сингари барча фиқҳий манбаларда жумъа кунининг ёлғиз ўзида рўза тутишни ҳам мустаҳаб саналган. Бугунги кунда ҳадисларнинг зоҳирий маъноларига билимсиз равишда эргашавериш натижасида жумъа куни рўза тутиш макруҳ деган фикр оммалашиб бормоқда. Бобур бобомиз эса “Мубаййин” асарларида бунинг макруҳ эмас, балки мустаҳаб эканини бизга англатганлар.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари “Мубаййин” асарини холис Аллоҳ учун ёзганини “Китоб хотимаси” қисмида баён этади. Уни илмий жиҳатдан таҳқиқи қилиб ёзганини айтар экан, ўқувчилар учун Аллоҳдан уларга амал қилиш тавфиқини сўрайди. Асар 928 ҳижрий, яъни 1522 мелодий йили ёзилгани ҳам алоҳида қайд қилинган.
“Мубаййин” асарини чуқур ва диққат билан ўрганар эканмиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг улуғ фақиҳ, шариат илмидан етук хабардор эканини билиб оламиз. Унинг эътиқодий ва фиқҳий қарашлари калом ва фиқҳ илмини чуқур билишидан далолат қилади. Шу тариқа, Бобур бобомизни шариат олими сифатида ҳам хотирласак бемалол арзийди. Зотан, у зотга ЗАҲИРИДДИН – ДИННИНГ КУЧЛИ ЁРЛАМЧИСИ деган фахрий лақаб ва унвон бекорга берилган эмас.
Ҳасанбой домла Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби