МАЪНАВИЙ МАЪРИФИЙ ИШЛАРНИ КУЧАЙТИРАЙЛИК

Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Ҳар бир ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Ҳозирги пайтда унинг ғоят ўткир ва кенг қамровли таъсирини деярли барча соҳаларда кўриш, ҳис этиш мумкин.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла амалга оширишлари учун шароит яратиш ҳамда мавжуд муаммоларини ҳал этишга қаратилган дастур ва тадбирларни амалга ошириш, ҳаётда ўзига муносиб ўрин топиши, уларни иш билан таъминлаш, ёшлар онгида соғлом турмуш тарзини фалсафасини шакллантириш, мафкуравий ва маънавий таҳдид, турли зарарли иллатлардан асраш каби ўта муҳим масалалар бугунги кунда энг долзарб масала сифатида кун тартибида турибди.
Биринчи президентимиз И.Каримовнинг “Мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучли” деган сўзларини эсга олайлик. Гўзал кўринишдаги “севги байрами” ортида ёвузлик, қабиҳлик, халқнинг минг асрлик қадриятларини топташ, ўсиб келаётган ёш авлодни ўз измига солиб, манқуртга айлантириш каби жирканч ниятлар йўқлигига ким кафил бўла олади? Афсуски, ҳеч ким. “Ҳаёт тарзимизга билдирмасдан бостириб кираётган бу байрам аслида бизга керакми?” деган саволни ўз-ўзимизга бермоғимиз ва бундан тўғри хулосалар чиқара олишимиз лозим. Бизнинг халқимизга хос қадриятлар, меҳр-оқибат, ота-она ҳурматини жойига қўйиш, оила муқаддаслиги каби тушунчаларни фарзандларимиз онгига ўзимиз сингдириб боришимиз керак.
Баъзан ҳар қандай одам ички туйғуларининг асирига айланиб қолади. Бундай ҳолатда, табиийки, ҳиссиёт ақлдан устун келади. “Авлиё Валентин куни” номи билан кириб келган “байрам” моҳияти ҳам ёшларнинг ана шундай заиф томонларидан фойдаланиб, турли ғайридиний, ғайриинсоний ақидаларни улар онгига сингдиришга хизмат қилади, холос. Бошқача айтганда, у миссионерлик ҳаракати даҳоларининг навбатдаги найрангидан бошқа нарса эмас. Мақсад эса ёшларга таъсир ўтказиш, бошқа мафкура, ўзга эътиқод орқали уларни ўз измига солишдир. Шу мақсадда 14 февраль – “Севишганлар куни” дея ўйлаб топилди ва бутун дунёга “экспорт” қилина бошланди.
Бир сўз билан айтганда, “Валентин куни” миллий менталитетимизга ёт бўлиб, у кишиларни ҳақиқий севгидан узоқ бўлган ахлоқсизликка ундаяпти, холос. Унинг таъсирида бугун муҳаббат аталмиш илоҳий туйғу ҳам тижоратлашиб бормоқда. Севгининг баҳоси қандайдир арзимас моддият билан ўлчанаяпти. Натижада бу кўплаб оилаларнинг бузилишига, ёшлар ўртасида ажралишлар сонининг ортишига олиб келаётир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, биринчи президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “… маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин”, деб таъкидланган. Бу даъватдан ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар керакли хулосани чиқариши керак.

У.Ғаниев
Гурлан туман “Шайх жамол бобо” масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *