Биринчи Президент ўгитлари

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентининг бебаҳо ўгитлари шу азиз юртнинг фарзандлари қалбидан чуқур ўрин олган. Бу ўгитларнинг аксарияти шиор бўлишга арзирли, матонат ва шижоатга бошловчи ҳикматли пандлардир. Жумладан, 2015 йилда нашр этилган китобларининг номиданоқ ана шу маъноларни англаш мумкин. «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир», дея аталади китобнинг номи. Чиндан ҳам, юрт тараққиёти ва тинчлик йўлида хизмат қилишдан улуғроқ, савоблироқ иш бўлмаса керак.
“Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак”, деган эдилар Биринчи Президентимиз. Дарҳақиқат, бу инсоннинг ўзи ҳаёти давомида ана шу ғояни шиор қилиб олган эдилар, десак муболаға бўлмайди. Худди шундай, ўзбек халқи ҳам ана шундай фидоийлик, жўшқин ватанпарвар бўлиши ният қилинган пурмаъно сўзлардир бу.
Қолаверса, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бинобарин, ушбу асарни юртдошларимиз катта қизиқиш билан, мамнуният билан ўқиб чиққан эдилар. Унда қайд этилган маънавият ҳақидаги тўртта муҳим фикрлар мамлакатимизнинг кўҳна тарихидан тортиб мустақилликнинг кўп марраларга эришган кунларига қадар тасвирлаш мобайнида тушунтирилади. Шу боис ҳам ушбу асар, ўқувчига тушунарли ва қизиқарли мазмун касб этади. Хусусан, ушбу асарда шундай фикрлар илгари сурилади:
“Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ”.
Ислом дининг аҳамияти борасида айтилган ушбу фикрлар қалбида имони бор ҳар бир юртдошларимиз учун беқиёс сатрлари, неча йиллар мобайнида халқ эътиқоди эркинлигини орзу қилиб яшаб ўтган аждодларимизнинг орзулари рўёби бўлган эди.
Али розияллоҳу анҳу “Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”, деган экан. Биринчи Президентимиз она юртни севиши, ватанпарварлиги сабаб бугунги тинч ва осойишта кунлар келишига сабаб бўлган бўлса не ажаб.
Ушбу гўзал анъана, ватанпарварлик бугун ҳам халқимизда давом этмоқда. Инсон манфаатлари ҳимояси, халқнинг оғирини енгил қилиш, дардларига дармон излаш бугунги кунда янгича қиёфа ва мазмун кашф этмоқда. Бинобарин, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз маърузаларида: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган сермазмун сўзлари фикримизнинг тасдиғидир.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Узоқов Абдулвосид

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *