Мутаассиблик–фитналар пайдо қилади

«Мутаассиб» деган сўз аслида араб тилидан олинган бўлиб, «ўта берилган», «чуқур кетган», «қаттиқ киришган» деган маъноларни англатади. Умумий ҳолатда у салбий маънода ишлатилиб, нотўғри нарсага кўр-кўрона ишониш, шу нарсада қайсарлик билан оёқ тираб туриб олиш, нотўғри йўл, қинғир иш ва хато фикрга ёпишиб олиш, ноҳақ душманлик қилишга айтилади. Халқимизда бундайларга «мутаассиб», «қайсар» ва «кўр-кўрона эргашиб кетувчи гумроҳ» дейилади.Минг афсуски, ҳозирги кунда кўплаб мутаассиб оқимлар диний аҳкомларни билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, чала-чулпа ўзлаштириб ўзларича талқин қилишмоқда. Бу билан нафақат ўзларини балки бошқаларни ҳам тўғри йўлдан адаштирмоқдалар. Баъзан одамлар орасида диний ахкомларни нотўғри тушуниш, унга ҳаддан ошиш, Ислом аҳкомларига нисбатан эътиқод қилишда мутаассиблик йўлини тутадиган кишилар учраб туради.Уларнинг даъвосича асрлар оша ота-боболаримиз амал қилиб келган ва айни пайтда биз ҳам бажариб келаётган кўплаб ишлар хато эмиш. Мутаассибларнинг айтишича: «Солиҳ амаллар савобини оламдан ўтганларларга бағишлаш жоиз эмас», «Қабрларни зиёрат қилиш мумкин эмас», «Дунёдан ўтганларнинг руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиш кечирилмас гуноҳ», «Бенамоз кишининг таомини емаслик керак», «Пайғамбаримиз ва саҳобалар фойдаланмаган нарсалардан фойдаланилмайди». Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Ҳашр сурасининг 10-оятида айтилганидек, ўтганлар ҳақига: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират қилгин», деб дуо қилиш Аллоҳ таолонинг биз бандаларга кўрсатган илоҳий йўриғидир. Шунингдек, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййитни дафн қилгандан кейин унинг ҳақига истиғфор айтиб, собит туришини сўранглар. Чунки у ҳозир ҳисоб-китоб қилинади», деганлар.

Ислом дини мутаассибликни батамом қоралайди, балки инсонларни бағрикенгликка, бошқаларга нисбатан тўғри фикрда бўлишга, аҳил-иноқликка чақиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта дин енгилдир. Ким динга қаттиқ киришса, албатта (дин) уни енгиб қўяди», деб марҳамат қилганлар.Бошқа бир ҳадисда: «(Дин арконларини) енгил қилиб кўрсатинглар, (тағин) оғир қилиб кўрсатманглар. (Диндаги) яхши, хушхабар нарсаларни айтинглар, (одамларни) диндан нафратлантириб қўйманглар», дейилган. Ислом таълимотида юрти, халқи ва ватанига ҳамда ота-онасига хиёнат қилиш оғир гуноҳ саналади. Ислом дини, нафақат ўз ота-онаси, балки бегоналарга ҳам яхшилик қилишга буюради. Лекин айрим ёшлар орасида бузғунчи оқимларнинг тузоғига илиниб, гўё дин йўлида ҳижрат қиламан, жиҳодга бораман, деб ота-онасини норози қилиб, оиласини ташлаб, ҳалокат йўлига юрган, натижаси, мақсади пуч бўлган бузғунчи ғояларнинг тузоғига илиниб қолаётганганларни борлиги ачинарли ҳолдир.бу холатлар эса ўша динга мутаасибона қараш фикридан пайдо бўлади ва катта фитналарга сабаб бўлади. Фитна эса қотилликдан ёмондир бу хусусда Aллоҳ таоло Бақара сураси 191 оятида шундай марҳамат қилади: Фитна қатл этишдан ҳам (гуноҳи) ёмонроқдир. Абдуллоҳ Ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган хадисда шундай дейилади: «Бир киши Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га юзланиб: “Ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат бераман. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб қиламан” деганида У зот: “Ота-онангдан бирорталари ҳаётми?” – деб сўрадилар. У киши  “Ҳа, икковилари ҳам ҳаёт”,  – деди. Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Савобни Аллоҳдан талаб қиласанми”, – дедилар. У киши  “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, – деди. Шунда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) “Унда ота-онангни ҳузурига бориб, уларга чиройли муомалада бўлгин, хизматларини қилгин”, – дедилар.

Бу ҳадиси шарифдан аён бўладики, фарзанд ўз гарданида бўлган вазифани, яъни, ота-онасининг хақини биринчи адо этиши лозим. Ислом таълимотида жаннат ота-она ризосида, дейилган. Ҳар бир фарзанд буни неъмат эканини билмоғи лозимдир. Улғайиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланиш, унинг онгида ватанга ота-онага бўлган юксак туйғуни шакллантириб бориш ҳамда турли хил хуружлардан асраш, жамият олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Зеро жамият келажаги, халқ, миллатнинг бардавом бўлиши, юртимизнинг гуллаб яшнаши  ана шу тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши ва самарадорлигига боғлиқ. Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз экани, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи экани, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасида сўралиш борлигини унутмаслик керак. Интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб вақтини сарфлаши қаттиқ қораланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши исломнинг ҳуснидандир”, деганлар.

Дарҳақиқат, гўзал хулқ, тўғри ақида асосида тарбияланган, соғлом фикрлай оладиган фарзанд ҳаётда ақл-идрок билан иш тута олади. Имон эътиқодда собит туради, эркин ва мустақил фикрлай олади, ҳар хил алдовларга учмайди ҳамда ғаразли ташвиқотларга берилмайди. Демак, фарзанд ёшлигидан соғлом эътиқодли, билимли, одобли ва шижоатли бўлиб вояга етиши учун фойдали илм ва кўникмалар билан банд бўлишлари муҳим вазифадир. Хулоса қилиб айтганда, мутаассиб шахслар ўзларининг нопок мақсадларини амалга оширишда динимиз кўрсатмаларидан нотўғри фойдаланиб, обод ва озод юртимиз, фаровон ва бахтиёр ҳаётимизга хавф солиб, асрлар давомида шаклланиб улгурган диний ва миллий қадриятларимизни поймол этмоқдалар. Биз уларнинг алдовига учмаслик, ҳақиқатни теран мушоҳада этишимиз учун аввало илму маърифатимизни янада ошириб, динга кўр-кўрона эмас, балки борича, софлигича амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўларди.

Қ.Машарипов

Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *