Бу моҳи шарифни хар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Чунки рўза ойи ҳар йили бир келиб кетадиган азиз мехмон. Уйингизга бирор меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, хурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларингизни ишга соласиз.
Худди шунингдек, моҳи рамазонни ҳам иштиёк ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим.
Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътикоду имон нурини зиёда қилиб олиши зарур.
Зеро, ҳар қандай мусулмон одам ҳам йил мобойнида нафсоний эхтиёжларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таъсирланиши натижасида унинг нури имони анча хиралашиб, ақидаси ҳам анча-мунча заифлашиб қолади.
Пайғамбаримиз Росулуллоҳ с.а.в: “Тез-тез уламо ва фузалоларнинг илмий суҳбатларини топиб туринглар. Гоҳ-гоҳида Қуръон оятларининг тиловати ёки уларни қулоқ солиб тинглаш билан машғул бўлинглар. Шундай қилсаларингиз, занглаб қолган дилларингиз сайкалланиб, нури зиёда бўлиб туради”.
Пайғамбаримиз Росулуллоҳ с.а.в: “Ҳар бир нарсанинг закоти бўлади, жасаднинг закоти эса рўзадир”.
Закот покловчи демакдир. Озик-овқат танага озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Таомсиз яшаб бўлмаганидек, руҳ ҳам рўзасиз яшай олмайди, маънан чарчайди.
Пайғамбаримиз Росулуллоҳ с.а.в: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмайди”. (Бухорий).
Демак, рамазони шарифнинг фазилатларидан яна бири “Нафси аммора”, яъни ёмонликка буюриб турувчи нафсимизни ўттиз кунлик риёзат ила тарбия этишдан иборат экан.
Шунинг учун рамазони шарифда рўза ибодати туфайли жисмоний ва руҳоний риёзат чекар эканмиз, бу илоҳий дарслардан хайрли ишларни бажаришга ғайрат ва ҳиммат хосил қилиш, бахиллик ўрнига саҳий, бепарволик ўрнига одамларга меҳр-оқибатли, бепарволик ўрнига савобли ишларда ҳамкор, қаттиққалблик ўрнига меҳр-шафқатли, мурувватли бўлиш каби ибратларни олмоғимиз лозим.
Р.Отажонов
Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом ноиби