Ислом динимизда ғулувга кетиш ман этилади

ҒУЛУВ (арабча — рухсат берилган чегарадан чиқиш деган маънони билдиради). Истилоҳда эса, дин таълимотини талқин қилишда ҳаддан ошишни англатади. Аллома Ибн Ҳажар: “бирор нарсада муболаға қилиб, белгиланган чегарадан чиқиб, унда қаттиқлик қилишдир” деб ғулувга таъриф берганлар.

Имом Нававий эса ғулувни “шариатда талаб этилган нарсага қўшимча киритиш” деб атаган.

Абдул Карим Юнус Ал-Хатибнинг таърифи қуйидагича: “Ғулув — бирор нарсада муболаға қилиб, унда ҳаддан ошиш ва мўътадиллик чегарасидан чиқишдир” деб таъриф берганлар.

Динда ғулув кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-окибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оким ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш орқасидан содир бўлган. Айни вақтда, ғулувгa берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис, одамлар тўғри йўлдан озиб, ислом динидан безиб қоладилар.

Шу нуқтаи назардан, Қуръони каримда мусулмонлар динда ғулувга кетишдан қайтарилган: Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Айтинг: Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни  адаштирган, ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг хавойи нафсларига эргашмангиз!»» деб марҳамат қилади. (Моида сураси 77 оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғулув масаласида қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас» деганлар.

Жумҳур уламолар томонидан динда ғулувгa кетишдан келадиган энг оғир зарарлар сифатида қуйидагилар қайд этилади: Аллоҳдан узоклаштиради; дўзахни вожиб қилади; амалдан кесилиш ва бардавом бўлмасликка сабаб бўлади; ақли заифликнинг далили; шайтонга тобе бўлиш эшиги; жоҳиллик далили; фаҳми озлик далили; васвасани келтириб чиқарувчи омил; юракни сиқувчи омил; давомли хафагарчилик.

Шу боисдан, ёшларнинг онгу шуурини бу каби зарарли мафкуралардан, ғоялардан ҳимоя қилиш орқали ҳамда одамларга бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етишни ўргатиш билан мусулмонларни турли бузғунчи кучлар таъсиридан саклаш мумкин.

 

А.Абдушарипов

Янгиариқ тумани “Саид Абдулла Румий” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *