Тасаввуфни инкор қилувчи “Салафийларга” раддия

Маълумки ҳозирги кунда ўзларини салафийлармиз дея атаётган баъзи бемазҳаб кишилар тасаввуф аҳлининг барчасини залолатда деб ҳисоблайди ва тасаввуфнинг ўзини ҳам инкор қилади.                                                                                            Аслида тасввув шариъатда бор илимми?Шу ҳақидаги маълумотлар билан танишиб бу бемазҳаблар қилаётган даволарига раддия берамиз.

Тасаввуф илми ислом шариатидаги энг улуғ, энг фазилатли илмлардан бири саналади. Зеро бу илм ҳадиси шарифда айтилган тана аъзоларининг барчаси тақволи бўлишига сабаб бўладиган қалб ислоҳига тегишли илмдир.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ.

“Огоҳ бўлинг, жасадда бир бўлак гўшт бор, агар ўша тақволи бўлса, жасаднинг ҳаммаси тақволи бўлади, агар у бузилса, жасаднинг барчаси бузилади, огоҳ бўлинг у қалбдир”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).

Мусулмон киши қалби тақволи бўлиши учун одатда қуйидаги икки ишни бажариши лозим бўлади:

  1. Қалб касалликларини ва фитнага учраш сабабларини билиш;
  2. Бу касалликлардан сақланиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши, агар касаликка чалинган бўлса, халос бўлиш учун муолажа қилиш.

Тасаввуф илмида айнан мана шу масалалар баён қилинади.

Уламолар тасаввуф илмига илмий ва амалий жиҳатдан икки хил таъриф берганлар:

  1. Қалбнинг ва бошқа ҳис қилиш сезгиларининг тақволи бўлишига сабаб бўладиган асосларни билиш илмий тасаввуф дейилади.
  2. Динда буюрилган нарсаларни адо этишда эҳтиёткор бўлиш, ман қилинган нарсалардан сақланиш ва рухсат берилган нарсаларда зарурат миқдори билан кифояланиш амалий тасаввуф дейилади.

Тасаввуф илми қуйидаги тўртта асос устига қурилган:

  1. Иймон асосларига тегишли тўғри эътиқодларни билиш;
  2. Амалиётга тегишли ҳукмларни билиш;
  3. Билганларига амал қилиш;
  4. Амал қилишда ихлос билан бажариш.

Бу асосларнинг барчаси бир-бирига чамбарчас боғланган. Динимиздаги мақталган хулқлар билан хулқланиш йўллари тасаввуф илмида ўрганилади.

Охиратдаги олий мартабаларга эришиш тасаввуф илмининг ғояси ёки самараси ҳисобланади.

Тасаввуф илми ақоид илмидан келиб чиқувчи илм бўлиб, бу илмнинг асослари Қуръон ва суннатдир.

Тасаввуф илми бу номдан ташқари эҳсон илми, ахлоқ илми каби номлар билан ҳам машҳур бўлган.

Замони саодатда ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ақоид, фиқҳ ва бошқа исломий илмлар қатори тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиққан эмасди. Ўша даврдаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзларига эргашар эдилар.

Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб, амал қилиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар турли оят ва ҳадислардан ўзлари учун далил топиб, мазкур ишларни ўз ҳаётларига татбиқ қилдилар.

Тасаввуф илмининг асосчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганишган ва узлуксиз санад билан давом этиб келаётган ориф зотлар саналади. Абу Зар Ғифорий, Ҳузайфа ибн Ямон ва Салмон Форсий сингари саҳобалар тасаввуф амаллари билан танилганлар. Сўнгра Ҳасан Басрий бу амаллар билан танилган ва Молик ибн Динор каби кўплаб инсонларни тарбия қилган. Сўнгра Иброҳим Адҳам, ундан кейин Имом Жунайд ва Қушайрийлар сўнгра Зуннун Мисрийлар давом этказганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган  Жаброил ҳадиси дея  номланган ҳадисда Жаброил алайҳи салом Пайғамбаримиз алайҳи солату васалламдан “эҳсон” нима ? дея сўраганида, Пайғамбаримиз алайҳи солату васаллам: «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг» жумласи орқали обиднинг ҳолати баён қилиняпти. Мана шу ҳолатни ўзида топган банда эҳсон даражасига чиққан бўлади.

Бу ерда икки мақом баён қилинмоқда. Бири мушоҳада, иккинчиси эса муроқаба мақомидир. Мушоҳада мақомида банда Аллоҳ таолони кўриб тургандек бўлади. Муроқаба мақомида эса Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилиб, қалбини шунга тайёрлайди. Бу икки ҳолат бандага қалб иллатларини муолажа қилишда ёрдам беради. Банда дунёда Аллоҳ таолони кўролмаслиги аниқ. Шундай бўлса-да, ибодат чоғида ўзини худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек тутиши ёки Аллоҳ таоло кўриб турибди деган эътиқодда бўлиши таъкидланмоқда. Мана шу эътиқод ибодатнинг гўзал ва мукаммал адо этилишига, зоҳир ва ботиннинг бир хилда сақлашга васила бўлади.Хулоса қиладиган бўлсак тасаввуф илми ислом шариатидаги энг улуғ, энг фазилатли илмлардан биридир. Буни инкор этувчи “салафийлар” эса динимизда асли бор нарсани йўқ дейувчи қайсар ва илимсиз кишилардир.

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.