Экстремизм ва терроризмнинг ёшлар келажагига таҳдиди

Ислом динини ниқоб қилиб, одамларни бир-бирига қарши кўйиб қон тўкишни ташкил килаётган, амалда ўзини хузур халоватини ўйлаётган кимсаларни Европада фундаменталистлар, Марказий Осиёда ақидапарастлар ёки экстремистлар деб атайдилар. Экстремист лотинча сўз бўлиб “Ўта” деган маънони, яъни ижтимоий сиёсий характердаги муаммоларни хал этишда, ўта кескин чора-тадбирлар, фикр қарашларни ёқловчи назария ва амалиётни англатади.

Экстремизм мазмунига кўра диний ва дунёвий, намоён бўлишига кўра, худудий, минтақавий ва халқаро шаклларга бўлинади. Экстремистик қарашлар жуда чуқур илдизларга эга бўлиб, хеч қачон чегара билмаган, дин, миллат, худудни тан олмаган. Экстремизмнинг сиёсий иктисодий ва мафкуравий кўринишлари мавжуд бўлгани холда, у барча динлар доирасида ривожланган.

Диний экстремизм ислом оламида хам тарқалган. “Экстремизм” тушунчаси Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в)нинг ҳадисларида қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қораланган ва мусулмонлар бундай амаллардан қайтарилганлар. Масалан, Қуръони каримда ғулув лафзи бир нечта оятларда келган ва уларнинг барчасида Аллоҳ таъоло бандаларини ғулувдан қайтарган. Жумладан: “Эй аҳли китоблар! (Инсонни илоҳлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз! … ” (нисо сураси 171). Яна бошқа бир оятда: “Айтинг: Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғитганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси 77) деган.

Давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда. Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда.

 Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.  Афсуски, ёшлар муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.

            Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангарига айлантиришдан иборат.

Аслида “ҳижрат” луғатда “кўчиш, бирон нарсадан ажраш, тарк этиш” маъноларини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги бир гуруҳ мусулмонлар жамоасининг Қурайш тазийқидан қутилиш мақсадида Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларига ҳижрат дейилади. Ақидапарастлар ёшларни авраб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, умуман, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва фуқаролар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда.

Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Инсонларни тинч ва осойишта диёрдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ иш ҳеч қачон “ҳижрат” бўла олмайди.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга ҳиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.  “Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади.

Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.

Истилоҳда дини, Ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги хаммамизга маълум.

Шунинг учун хам Халқимиз, айниқса ёшларимиз онгига таҳдид солишга харакат қилаётган мазкур оқимларнинг таъсирига тушиб қолмаслиги учун диний-маърифий, маънавий салоҳиятимиз етук бўлиши, хар биримиз доимо огоҳ бўлишимиз, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида ўз хиссамизни кўшишимиз лозим.

Х.Қиличев

Ҳазорасп тумани “Олти Алам бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.