Мутаассибликка барҳам берувчи восита маънавий тарбиядир

Бугунги кунда дунёнинг турли ёвуз ниятли кучлари ўз мақсадлари йўлида қабиҳликнинг барча усул ва воситаларидан максимал даражада фойдаланишга уринмоқдалар. Бундай кучлар эндиликда халқларнинг маънавиятини бузишга, ёшларнинг онгини заҳарлашга, асрлар мобайнида давом этиб келаётган миллий қадриятларни йўқотишга, эътиқодини ва миллий туйғуларини сустлаштиришга ўтдилар. Бу йўлда улар ахборот воситаларининг деярли барча турларидан, жумладан, газета, журнал, телевидения, интернет материалларидан тарғибот ишларида кенг фойдаланмоқдалар.

Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар кенг халқ оммаси ичида ва жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришишдек манфур мақсадларни кўзлайдилар.

Айниқса, мафкуравий жараёнлар мисли кўрилмаган даражада глобаллашиб бораётган, хатарли ахборот хуружлари кучайиб, унинг тарқалиш жараёни бутун ер юзини қамраб олаётган бир пайтда, даврнинг ўзи ҳар бир инсондан атроф-муҳитга нисбатан, кириб келаётган ҳар бир янгилик ва янги ахборотларга нисбатан ҳушёр ва эътиборли бўлиш, уларга тўғридан-тўғри эмас, балки чуқур таҳлилий ўрганиш орқали муносабатда бўлишни тақозо этмоқда. Лоқайдликнинг олдини олиш чораларидан бири – бу инсон қалбида фидоийликни тарбиялаш. Фидойиликни ҳар бир шахс, аввало, ўзига умуминсоний фазилат сифатида, қолаверса, қадр-қиммат сифатида қабул қилиши керак.

Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган ноҳуш ҳолат ўша янги ислом “элчи”ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган ҳақиқий исломнинг ўрнига қўймоқчилар. Бу соҳада энг кўзга кўринган ҳаддан ошиш – ғулув, қўполлик ишлатишдир. Мазкур қўполликни ўз эгалари “жиҳод” деб номлайдилар. У аслида илмий тилда “террор” деб аталади. Аммо асл исломий манбаларга қарайдиган бўлсак, буни “хуруж” деб аталишини кўрамиз. Ислом оламида кўзга кўринган суриялик олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий куч ишлатишни жиҳод деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган “Ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида қуйидагиларни ёзган эди: “Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди, аксинча баъзи одамларнинг фикрлари ва мизожларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавои нафснинг султонидан келиб чиқади”.

Диний фанатизмнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у фақатгина ўзи эътиқод қилаётган нарсани ҳақиқий деб билиб, бошқа диний эътиқодлар билан келиша олмаслиги, муросасиз муносабатда бўлишидан иборатдир. Экстремистик ва террористик кучлар эса ўзларининг мутаассибона манфур ишларини, гўёки ислом йўлида қилишаётганини, бошқаларни “кофир” бўлгани учун гаровга олганлари ва қатл қилганларини даъво қиладилар. Энг ачинарлиси, улар бу ишларига муқаддас ислом динидан далил топишга ҳаракат қиладилар ва ўзларини мужоҳид, ўзларидан ўлганларини эса шаҳид деб атайдилар. Бу ҳақда Қуръони Каримда: “Улар Аллоҳни ва имонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор. Уларга: “Ер юзида бузғунчилик қилманглар!” дейилса, “Биз-ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. “Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир”, дейилган[1]. Ҳадисларда ҳам ушбу маъно ўз аксини топган бўлиб, Пайғамбаримизнинг ҳадиси муборакларида: “Қайси бир мусулмон иккинчи бир мусулмон биродари  бошига тиғ кўтарса, Аллоҳ таолонинг фаришталари то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча лаънат айтиб турарлар”, дейилади.

Ўзбекистон фуқароларининг, айниқса, ёшларнинг диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассассалари, ташкилот ва маҳалла йиғинлари томонидан ўтказиладиган маърифий тадбирларда ёшларни мустақил дунёқарашга эга ватанпарвар, ҳар томонлама билимли шахс қилиб тайёрлашга урғу бериш, диний-экстремистик оқимлар тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида ислом таълимотига зид экани ва сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, илм-маърифатли бўлиш одам эсини таниганидан бошлаб, токи ўлгунча давом этадиган жараёндир. Чунки дунё ҳар доим узлуксиз ўзгариш ва ривожланишда. Инсон тафаккури ҳам у билан биргаликда ривожланиши даркор.

Ислом диничалик илму-маърифатни улуғлаган дин ёки тузум йўқ. Чунки Ислом инсонларни бешикдан то қабргача илм излашликка, ўзи аниқ билмаган нарсаларига эргашмасликка буюрган. Буни Ислом кириб борган жойлардаги илму-маърифат ва тараққиётнинг ривожланишидан билсак ҳам бўлади.

Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик,  садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ, чунки “Қуш уясида кўрганини қилади”. Бу борада, албатта, ота-онага ёрдам беришда бутун жамоатчилик – биргаликда фаол ишлашлари керак. Қайси ҳудудда муҳит соғлом бўлмаса, ўша ерда ахлоқи бузуқ, ноқобил фуқаролар  пайдо бўлиши хавфи орта боради.

Маънавият шундай қимматбаҳо меваки, у бизнинг қадимий ва навқирон халқимиз қалбида бутун инсониятнинг улкан оиласида ўз мустақиллигини тушуниб етиш туйғуси билан етилган. Маънавият инсонга она сути, ота намунаси, буюк аждодлари эътиқод қилиб келаётган дини, ахлоқи ва панд-насиҳатлари билан сингади. Маънавият – тарбиядан бошланади. Миллий педагогика асосчиларидан бири А.Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир” деган сўзлари фикримизни қувватлайди.

М.Собиров

Урганч тумани “Ғоиб ота” масжиди имом-хатиби

[1]Қуръони Карим. «Бақара сураси 9-10-11-13 оятлар».

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.