Соф исломнинг ақидасини нотўғри талқин қилганларга раддия

Маълумки, муқаддас ислом дини илоҳий таълимот бўлиб, унинг асосий ғояси инсонларни Аллоҳ ва унинг Расулига итоат этишга чақириб, уларни икки дунѐ саодатига мушарраф этишдир. Шунингдек, Ислом шариати инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига, Ер юзида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ер юзини обод қилиш, Аллоҳ таолонинг ердаги барча мавжудотларига нисбатан меҳр ва шафқатли бўлишни инсоннинг асл вазифаларидан деб белгилаган. Ислом дини руҳий-маънавий комилликка даъват этувчи дин ўлароқ нозил бўлган ва аввало, шу йўлдаги энг хавфли ғаним бўлмиш нафсга қарши кураш руҳи билан йўғрилган. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида хитоб қилиб шундай дейди: яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”. Аммо минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда Аллоҳ таоло душман деб ҳисоблаган шайтони лаин найрангларига алданиб, яратилган барча неъматлардан фойдалана туриб, ношукрлик қиладиган, ғанимлар ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунѐнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги кишини бениҳоят ранжитади ва сергакликка чорлайди. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида ўз тасдиғини топди. Юқорида санаб ўтилган бузғунчи фирқа ва оқимлар Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, мусулмонлар ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низо ва қонли тўқнашувларлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар. Шу ўринда ҳижрат қилиш масаласини зикр қилсак. Ҳижрат икки хил бўлади. биринчиси: дин ва ҳаѐт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган 2 маконий ҳижрат, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бундай дейди: яъни: “Зулм қилинганларидан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (мақомлар)га жойлаштирурмиз. Охират мукофоти эса, янада каттароқдир. Қани, энди (буни одамлар) билсалар эди! ” (“Наҳл” сураси, 41-оят).

Шу маънода ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қатор кўрсатмаларни баѐн қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: яъни: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар. Ибн Рушд “Муқаддимот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашишдир. Умумий қилиб айтсак, жиҳод нафсга, шайтонга, босқинчиликка ва барча ѐвузликларга қарши курашишдир. Макка даврида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг: яъни: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! ” (“Наҳл” сураси, 125 оят) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.Зеро, ўша пайтда мусулмонларга қарши бўлган Макка мушриклари Ислом динини йўқ қилиш, барпо қилган жамиятларини эътироф этмай, уларни тор-мор қилиш мақсадида амалий ҳаракатларини олиб бораѐтган эдилар. Мана шундан келиб чиқиб, жиҳод мусулмонлар Ватани ва динини ҳимоя қилиши учун жорий этилганини хулоса қилсак бўлади. У йўқ нарсани амалга ошириш учун эмас, балки бор нарсани ҳимоя қилиш учун жорий қилинган. Ҳозирда бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида “жиҳод” турларини янгича нотўғри талқин қилишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслиги сабабли, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани ноўрин тарғиб қилиб, асосан мусулмонларга қарши жанг қилмоқдалар. Ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаѐтган экстремистик ҳаракатларнинг инсон онги ва қалбини эгаллаш мақсадида ҳар қандай разил йўллардан фойдаланиш ҳоллари авж олаѐтганини афсус билан қайд этиш лозим. Бундай кучларнинг динимиз асосларини, Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни ислом билан боғлашга уриниши эса, уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради.

Бугунги кунда айрим кимсалар томонидан яна бир шаръий масалани нотўғри талқин қилиниши кўзга ташланмоқда. У ҳам бўлса “байъат” тушунчасидир. “Байъат” арабча сўз бўлиб, “келишиш”, “битим тузиш” деган маъноларни англатади. Шариатда байъат тушунчаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва у зотнинг халифалари (ўринбосарлари)га хосдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат қилиш – Исломни қабул қилиш, унинг амалларини бажариш, Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига содиқ бўлишда аҳднома маъносини ифодалаган. Бузғунчи тоифалар эса ўзларининг сохта амирларига жангарилар томонидан қилинадиган аҳдномаларни ҳам мазкур байъатга тенглаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса айни жаҳолат демакдир. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда “байъат” масаласида тортишаётганлар, унга шаръий тус беришга уринаётганлар ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни тўғри англамаган ёки уларни тартибли равишда ўрганмаган ҳолда баҳс олиб бормоқдалар. Уларнинг сохта “халифалик” даъвоси ѐки байъат олиши динимиз таълимотига бутунлай зиддир. Зеро, ҳазрат Умар розиаллоху анху: “Кимки мусулмонлар маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди”, деганлар. Кескин руҳдаги экстремистлар ноўрин қўллаѐтган яна бир атама ҳам борки, бу нарса бегуноҳ кишиларнинг ноҳақ қонлари тўкилишига сабаб бўлмоқда. Мусулмонларни мазкур «такфир» билан айблаш мусулмон жамиятларида яқинда пайдо бўлган ҳолат эмас. Бундай аянчли амалиѐт Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу халифалик даврларининг сўнгида юзага келган хорижийлар фаолиятида авжига чиққан эди. Бу тоифа вакиллари инсонлар ўртасида фитна келиб чиқишига сабаб бўлувчи турли саволлар билан мусулмонларга мурожаат этар, ўзлари учун мақбул жавобни бермаганларни «кофир» дея эълон қилишарди. Шунингдек, улар гуноҳ содир этган ѐки диний амалларни бажаришда камчиликларга йўл қўйган мусулмонни куфрда айблаб, унинг қонини ҳалол, яъни ўлдиришни мубоҳ санашган эди. Хавориж ёки хорижий номи айни шу бузғунчи оқимга нисбатан айтилса-да, кўплаб дин уламолари бугунги кундаги илми оз бўлса-да ўзини доно санаб, ўзидан бошқа мусулмоннинг имонига шубҳа билан қарайдиган айрим тоифаларни ҳам «замонамиз хорижийлари», деб атамоқдалар. Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани Пайғамбаримиз алайхис салам ҳадислари ва уламоларнинг асарларида қуйидагича берилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади. Яъни айбланган киши мусулмон бўлса, айбловчининг ўзи кофир бўлиб қолади. Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо): “Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ”, деганлар. Муфассир, муҳаддис олим Жалолиддин Суютий эса: “Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан баробардир”, деб таъкидлаганлар Имон қалбда бўлади. Бир инсоннинг қалбини билмасдан туриб, қайсидир иши учун дарров кофирга чиқаришдан эҳтиёт бўлиш лозим. Акс ҳолда бу тамға инсоннинг ўзига қайтиб, имондан айириши ҳеч гап эмас. Зеро, юқорида келтирилган ҳадиси шарифларнинг мазмуни кофир бўлмаган одамни кофирга чиқарган кимсанинг ўзи куфрга тушиб қолишини англатади. Такфирчилар ва уларнинг издошлари Исломни ва Қуръонни англашда енгил муносабат билан ҳамда ўз қабиҳ манфаатлари нуқтаи назаридан ѐндашгани сабабли жуда аянчли оқибатлар юз бермоқда. Ана шундай саёзликларидан бири фиқҳий масалаларни бузиб талқин қилишларидир. Баъзи бир ота-оналар фарзандларининг диний эътиқодларидан разил кучларнинг усталик билан фойдаланишлари мумкинлигини ҳаѐлларига ҳам келтирмайдилар. Оқибат эса фарзандлар ўз ота-оналарини беҳурмат қилиш, жамоатчилик фикрини менсимаслик, қонунларга риоя қилмасликка ўтадилар. Демак бизлар доимо ѐшлар тарбиясида ўта эҳтиёткор бўлишимиз, фарзандларимизни зарарли ғоялардан ўз вақтида ҳимоя қилишимиз давр талаби эканлигини унутмаслигимиз зарур. Ҳукамолар айтганларидай: Ўзингни ёмон кишилар суҳбатидан узоқ тут, чунки ёмон кишилар суҳбати жаҳаннам ўтидан ҳам ёмонроқдир. Ҳар суҳбатнинг бир таъсири бўлади. Чунончи, яхши кишилар суҳбати фазилатни оширса, ѐмон кишилар суҳбати заҳматни оширади. Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна, ғалимислик ва ихтилофлардан узоқ қилиб, Ўзининг рушду ҳидоятидан асло айирмасин.

 

 

М.Мансуров

Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.