Никоҳ муқаддас ришта

Инсон ўзлигини билиши, ўз аждодларига содиқ бўлиши, комил фарзанд тарбияси – жамиятнинг кичик бўғини бўлган оиладан бошланади. Халқимизнинг тарихини кўздан кечирсак, оила ва вазифалари, унинг жамият тараққиётидаги ўрни ва салмоқли ишлари ҳақида қимматли фикрлар айтилган. Демак, ўзбек оиласи тарихи ва миллий оила педагогикаси тарихи жуда қадимийдир.

Хўш, оила ўзи нима? Бунинг луғавий маъноси қандай? Оила сўзи аслида қайси тилга мансуб? У қандай ва қачон пайдо бўлган? У қанақа тарихий-тадрижий йўлларни босиб ўтган? Бугунги кунда Ўзбекистонда оила масаласига қандай аҳамият берилмоқда?

Оила сўзи аслида арабча “Аёлманд”, маъноларини англатувчи “Оил” сўзидан чиққанлиги “Фарҳанги забони тожики”да қайд этилган. Умуман олганда, оила ва унинг моҳияти, оиланинг ҳар томонлама равнақи ва жипслигини таъминлаш шарт-шароитлари, оила тарбияси-миллий ифтихор, унинг жамият негизи экани, оила ичидаги оила камолотини таъминлаш сингари муаммоларни тадқиқ этиш ҳамда уларни халққа содда ва тушунарли тарзда етказиш шу куннинг долзарб вазифасидир.

Никоҳнинг шаръий ҳукмларини яхши билиш эру хотинларни турли хато, келишмовчи­лик ва кўнгилсизликлардан сақлайди. Никоҳнинг шаръий ҳукмларини билмаслик эса, турли бахтсизликларга, келишмовчилик, уруш-жанжал, оила бузилиши, болаларнинг сарсон-саргардон бўлишига ва ниҳоят, жамиятнинг ҳам заифлашувига олиб келади.

Шунинг учун ҳам оилавий ҳаётимизни Ислом шариати кўрсатмалари асосида олиб боришимиз лозим. Бунинг учун эса, Ислом ҳукмларини ўрганишимиз керак.

Никоҳ аҳди инсонларга масъулият юклайди. Чунки оилада эрнинг ҳам, аёлнинг хам ўз вазифалари бор, улардан ҳар бири ўз вазифасини тўла адо этишга масъулдир. Никоҳ туфайли ота-она ўзидан сўнг зурриёт қолдириб, инсон насли давом этишига сабаб бўлади.

Никоҳ бу — никоҳ ёшига етган ва қонунга мувофиқ оила қуришни истаган эркак билан аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланган, қонуний расмийлаштирилган, ўзаро шахсий ва мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтирадиган, оилавий турмушда туғилган болаларни миллий истиқлол мафкураси ғоялари асосида муносиб тарбиялашга хизмат қиладиган, умуминсоний қадриятлар ва шарқона анъаналарга асосланган мустаҳкам, бир умрга тузилган иттифоқи тушунилади.[1]

Мусулмон киши фақат ўзи никоҳда бўлиши би­лан кифояланиб қолмай, бошқа мусулмон биродарлари ҳам никоҳли бўлишлари учун ҳисса қўшиши лозимлиги шундан олинган. Шу боис мусулмонлар оиласиз юрган эркак ва аёлларга никоҳли бўлишни тарғиб қиладилар. Шу боис улар ўғил-қизларини, яқин кишиларини уйлаб-жойлаб қўйиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар.

Ёшларни никоҳга ҳар томонлама тайёрлаш оила мустақиллигининг муҳим гаровидир.

Аллоҳ таоло никоҳни улуғ мақсад учун жорий қилди ва унинг сабабларини осонлаштиришга буюрди. Чунки у насл қолдириш ва солиҳ зурриёдлар билан ер юзини обод қилишнинг энг яхши йўлидир. Аллоҳ таоло инсониятни бошқа махлуқотлар сингари ўз жинсий ҳоҳишларини тўсиқсиз ва ҳеч қандай риштасиз адо этадиган қилиб ўз ҳолига ташлаб қўймади. Балки инсонга унинг карами ва улуғлигини муҳофаза қиладиган низом жорий қилди. Бу никоҳдир. Никоҳ туфайли юзага келадиган эркак ва аёл жуфтлигини ўзаро розилик ва бир-биринни эзозлаш устига қуриладиган тоза ва покиза жуфтлик қилди.

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрсак, кўпчилик авваллари бепарво юрган бўлса ҳам оила қургач жиддий ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволларини яхшилаб олганларини кўрамиз. Аллоҳ таоло:

«Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз«, деган.[2]

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлиги баён этилмоқда. Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандоқ олиймақом зотларнинг ҳаммалари оилали ва зурриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу барча инсонлар оилали бўлиб, зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканлигини кўрсатади. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлигини кўриб турибмиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудон ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун гуноҳдан тийилишдир», деганларини эшитдим».[3] Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.

Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатидан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади. Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Ҳаммага маълумки жинсий ҳоҳиш истакларнинг энг кучлиларидан ҳисобланади, агар уни ҳалол ва пок йўл билан адо қилинмаса нафс туғёнга кетиб қолиши мумкин. Никоҳ эса кўзни ҳаромга қарашдан, нафсни эса унга моил бўлишидан тўсадиган воситадир. Бундан ташқари у фарзанд орттириш, наслни кўпайтириш ва ҳаёт давомийлигини таминловчи василадир. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам солиҳа аёлни киши тўплайдиган хазиналарнинг энг яхшиси деганлар.

Маълумки, никоҳ инсон наслининг давомийлигини таъминловчи воситадир. Яратганнинг қудрати ва ҳикмати туфайли дунёдаги барча мавжудот жуфт-жуфт бўлиб ҳаёт кечиради. Бунинг натижаси ўлароқ янги авлод дунёга келади. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсидан яратган экан, уларни шаръий никоҳ асосида оила қуришга буюради. Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, турмушга чиқадиган қизларнинг ота-оналарига қарата ҳам шундай тавсиялар берганлар: “Қачон сизлар (қизингизга) келган совчининг дину диёнатидан ва хулқидан рози бўлсангизлар, унга қизингизни беринг. Агар шундай қилмасангиз ер юзида фитна ва фасод кўпайиб кетади”. Мазкур ҳадисга биноан, бўлажак келин-куёв бир-бирларини сўраб суриштиришлари жоиздир. Чунки, бу иш келажакда оиланинг янада мустаҳкам ва бахтли бўлишига хизмат қилади. Уйланиш ниятидаги йигит билан қиз бир-бирларини кўришлари ҳам жоиз. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Муғира ибн Шуъба (Разияаллоҳу анҳу) айтадилар: “Мен бир аёлга совчи қўйган эдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Уни кўрдингими?” – дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. Шунда: “Уни кўргин, чунки кўриш орангизда муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, — дедилар.

  Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам инсон ўзига жуфти ҳалол танлаганида молу-дунёси, наслу-насаби ва ҳусну-жамолига эмас  унинг дину-диёнатига этибор қаратишни тавсия қилганлар. Бунга сабаб агар бир аёлга моли ёки жамоли учун никоҳланилса вақт ўтиши билан бу сифатлар аёлидан кетиши ва оила пароканда бўлиши мумкин. Инсоннинг дин диёнати ва чиройли хулқи эса йиллар ўтиши билан зиёда бўладиган ягона сифатдир. Унинг мана шу фазилатига қизиқиб қурилган оила вақт ўтиши билан мустаҳкамланиб бораверади.

Барча ишларимизга Аллоҳ таолонинг амри ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини асос қилиб олиш биз мусулмонларнинг энг муҳим вазифамиздир. Шунга ўхшаш, никоҳ  тўйини ўтказишда Аллоҳ таолонинг амри ва пайғамбаримизнинг суннатларига ҳам амал қилишимиз лозим. Ўғил-қиз балоғатга етганларидан кейин уларни мустақил оила ҳаётига тайёрлаш ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчиларнинг зиммасидаги вазифадир. Динимизда ҳақиқий эр ва хотин бўлиш учун уч нарса шарт қилинади. Булардан биринчиси эр ва хотиннинг никоҳда розилиги, иккинчиси гувоҳ ва учинчиси маҳрдир. Шу уч шарт бажарилганда никоҳ ўқилади.

Яна бир нарса борки, уни эслатиб ўтмасдан илож йўқ. Биз дунёвий ва мусулмонобод мамлакатда яшаймиз, яъни  ҳам мамлакат қонунларига, ҳам шариат кўрсатмаларига, айниқса одоб-ахлоқ, тарбия, оила масалаларида амал қиламиз. Оила аъзоларимизни, хусусан, аёллар ва фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш учун фуқаролик ва шаръий никоҳ қайд этилиши шарт. Фақат шаръий никоҳ билан чекланиш, ҳоҳлаган вақтда ва тарзда талоқсан дейиш билан барча мажбуриятлардан ўзни халос этиш кабилар йўл қўйилмайди.

Оилада эру хотиннинг бир-бирларига нисбатан бир неча ҳақ-ҳуқуқ ва вазифалари бор. Аввало, эру хотин бир-бири билан эзгулик асосида яшашлари, бир-бирларининг ҳақларини адо этишларини ва ҳоҳишларини қўлидан келганича бажаришлари лозим. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Аёллар билан эзгу муомалада яшанг” дейди. Эркакларга қарата бундай деди: “Аёлларнинг қанча ҳақлари бўлса шунча вазифалари ҳам бор, эркаклар ўз ҳақ ва вазифаларида аёллардан бир даража ортиқ[4]”. Агар оилада эру хотин ўз вазифаларини бажаришга ўргансалар турмушлари хотиржамликда ва ўзаро аҳилликда кечади. Оят ва хадисларда аёлларга яхши муомалада бўлиш ҳақида кўп марталаб таъкидланган. Ҳазрат Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўъмин киши мўъмина аёлдан нолимасин, агар унинг бир хулқидан норози бўлса, иккинчи хулқидан рози бўлади”[5], дейди.

Бу ҳадиси шарифда айтилаяптики, инсон боласи нуқсонсиз ва айбсиз бўлмайди. Шунинг учун эркак киши аёлнинг айрим нуқсонларига чидам ва сабр билан қараши зарур, чунки ҳар бир инсонда бир неча ижобий хулқ ва сифатлар бор. Яхши гап билан секин-аста нуқсонларни тугатиш мумкин ва яхши сифатларни тараққий эттириш мумкин.

Ҳазрат Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан аёлнинг эрдаги ҳуқуқлари нимадан иборат деб сўраганларида, Расулуллоҳ: “Таом есанг хотинингга ҳам едир, янги кийсанг, хотинингга хам янги кийим олиб бер”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Эрнинг хотиндаги ҳақлари ҳам оят ва хадисларда баён қилинган: “Агар маъсиятга (гуноҳга) юрмаса хотин эрга барча ишларда итоат этиши керак, уйдаги ашёни саришта қилиб сақлаш ҳам аёлнинг бурчидир. Эридан рухсатсиз хотинлар, ҳатто ибодат бўлса ҳам, нафл рўза тутмаслиги зарур, эридан рухсатсиз уйдан чиқиб кетмаслиги ва эри норози бўладиган ишни қилмаслиги керак”. Ҳазрат Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир аёл вафот этганда ундан эри рози бўлса, у аёл жаннатга киради”, деб марҳамат қилдилар.

Ислом аёлни мукаррамликнинг турли кўринишлари билан икром қилади. Биринчидан, унинг бандалигини эътироф қилиб, ҳурмат ва инсонийликда тенг қилиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً

“Эркак ёки аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз…”[6]

Аллоҳ таоло “аёл ҳуқуқи”ни қонунлаштирган вақтда Қуръондаги энг узун суралардан бўлмиш Нисо сурасини нозил қилди ва уни ҳикматли услуб билан инсоният ҳурмат-иззатига қуйидаги улуғ ҳикматлар билан бошлади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُواْ رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيرًا وَنِسَاء

“Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган, ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!..”[7]

Иккинчидан, Исломнинг аёлга иззат-икромининг яна бир кўриниши – унга меҳр-шафқатли ва чиройли муомалада бўлишига буюришидир.

Учинчидан, аёл-хотин ва унинг муомаласида гўзалликни васият қилди:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

“Улар билан хушмуомала бўлиб, итнч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”[8].

Қуръони каримдаги Парвардигорнинг ишорасига эътибор берайлик, у: “Агар улар(дан бирор иши)ни ёқтирмасангиз” талоқ қилинг демай, балки насиҳат қилиб тўғри йўлни кўрсатиб берди:

“Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :»إن المرأة ضلع وإنك إن تريد أن تقيمها تكسرها وإن تداريها فإن فيها أودا وبلغة».

Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Аёл киши қовурға суяги кабидир, сен уни тўғриламоқчи бўлсанг синдириб қўясан. Агар уни бошқара билсанг, рўзғоринг бут бўлади”.

Ислом ўз аҳлига чиройли муомала қилганни яхшилар, деб номлаган. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомалада бўлганингиз ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига яхшиларингиздирман”.

 Исломда эркак киши оила бошлиғи этиб тайинланган. Бу бошлиқлик масъулиятдан иборатдир. Бошлиқ деганда оилада ўзи хоҳлаган нарсани қилиб, ҳаммани ўз хоҳишига бўйсундириш эмас, балки оиланинг масъулиятини шариат кўрсатган амрлар бўйича олиб бориш зиммасига олиш тушунилади. Эркак кишининг яратилишининг ўзи оила бошлиқлиги оғирлигини кўтаришга мослашгандир. Эркак киши жисмонан ҳам аёлдан бақувват экани ҳеч кимга сир эмас. Куч-қувват, шижоат, турли қийинчиликларни кўтара олиши ва бошқа қобилиятлари билан ҳам у устун саналади. Оилага бошлиқ бўлган киши оилани ҳар томонлама таъминлаши, хавф-хатардан ҳимоялаши лозим. Бунчалик қийин ва машшақтли ишларни фақат эркак кишигина бажара олиши мумкин. Аллоҳ таоло уни руҳан ва жисмонан ана шу юмушларга қодир этиб қўйган.

Оила қуриш ва уни бошқариш учун зарур барча молиявий харажатлар Ислом шариати томонидан эркак зиммасига юклатилган. Шу боис ҳам эркак киши оила бошлиғи ҳисобланади. Бу қоидага ҳамма ҳалқлар оиладан бошқа жойларда ҳам амал қиладилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мавжудотлар каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам одамзод илк пайғамбар Одам (а.с.) ва унинг жуфти ҳалоли Момо Ҳаводан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт-жуфт бўлиб яшайди, инсон наслининг давом этиши ҳақида бош қотиради. Кейинчалик оила деган азиз бир рутба пайдо бўладиким, у одамларнинг фароғат ва хотиржамлик садоқат ва фаровонлик маконига айланади. Оила — ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса,   ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади.

 

 

Хайрулла домла Абдуллаев

ЎМИ Хоразм вилояти вакили

[1] Отахўжаев Ф. Никоҳ ва унинг ҳуқуқий тартибга солиниши., Т., “Ўзбекистон”, 1995., 164-бет.

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009.  Раъд сураси, 385.

[3] Дурратун Носиҳин.

[4] Қуръони карим маъноларининг таржимаси, Абдулазиз Мансур, Т., «Шарқ», 2004 й

[5] «Саҳиҳ Муслим»

[6] Наҳл 97-оят.

[7] Нисо 1-оят.

[8] Нисо 19-оят.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *