Ёшларнинг таълим-тарбияси муҳим вазифа

            Ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.

Глобаллашувнинг ёшлар тарбиясига ўтказаётган салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

Биринчидан, информацион воситаларнинг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли телефон, телекоммуникациялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келиши. Бу воситалар орқали таклиф этилаётган “қадриятлар” кўп ҳолларда ёшларимизни ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан узоқлаштириб қўймоқда, ўз тарихий илдизларидан узоқлашувига олиб келмоқда. Иккинчидан, “оммавий маданият” турли хил кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши. Булар асосан кийинишда, қизиқишларда, бўш вақтни ўтказишда, дидларнинг саёзлашувида, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Ёт маданият қадриятларини ўзида ифода этаётган “оммавий маданият” ёшларимизда индивидуализм, эгоцентризм,  андишасизлик, беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ва ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқармоқда. Учинчидан, ёшлар орасида тақлидчилик, ғарбона идеалларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофильмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларимизнинг онгини чулғаб олаётганлигини сезиш қийин эмас. Оқибатда, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компьютер ўйинлари олдида вақтини ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги фильмларни томоша қилиш, одат тусига кириб бормоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Мамлакатимизда  “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси асосида “Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги – муҳим вазифамиздир” ҳамда “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз” «Жаҳолатга қарши маърифат” каби мавзуларида тадбирлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилиб келинмоқда. Шу ишларни фаол аъзоси сифатида айтишим мумкинки, бу каби тадбирлар юртимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар ва аёллар онгини заҳарлашга уринаётган кучларга алданмаслик учун ғоявий иммунитетни ошириш ва огоҳ бўлишга хизмат қилиши шубҳасиз.

О.Машарипов

Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор Вали” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *