Аллох таоло Ўзининг яратувчилик қудрати билан инсон наслини яратганидан сунг унга Ер юзида умргузаронлик қилиш учун таърифи йуқ неъматларни ато қилиб қўйди. Экинлару мева дарахтларни ўстириб, уларнинг ризқини бемалол, ҳаётини қулай қилди. Ҳар биримизнинг дастурхонимиздан деҳқон ва соҳибкорларимиз, чорвадор ва боғбонларимиз етиштирган турфа хил ноз – неъматлар бирор кун ҳам узилмайди. Бу неъматларни суйиб истеъмол киламиз, уларни етиштирганларга барака тилаб дуолар қиламиз. Аммо кўпинча неъматларни бандаларига беминнат бериб қўйган, ер юзидаги барча махлуқларига, жумладан башар наслига ризқ ато этиб қўйган меҳрибон Зотни ҳамиша ҳам эсга олавермаймиз. Агар Аллох таоло осмондан қор – ёмғир ёғдирмаса, ерларни унумдор қилиб қўймаса, одамларга дехқончиликнинг сир – асрорини ўргатмаса, инсонлар бугунгидай тўкин, фаравон ва файзли турмуш кечирмаган бўлишар эди.
Аллох таоло бандаларига барча экинларни ўстирувчи, ерларга ҳаёт бағишловчи, ҳосилнинг етилиши гарови фақат Ўзи экани хабарини бериб, бундай мархамат қилади:
яъни: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверар (ва айтар) эдингиз; “Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқларимиздан) маҳрумдирмиз” (деб надоматда қолган бўлар эдингиз)”. (Вокеъа, 63 – 67)
Абу Ҳурайра р.а: Расулуллоҳ (с.а.в): “Хеч бирингиз (экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро, уни ўсдирувчи (зориъ) Аллох таолодир”, дедилар.
Аллох таоло дехқончилик орқали етиштириладиган хосил ва меваларни инсонларга ризқ қилиб берган экан, киши ўз ризқига фарқсиз муносабатда бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун етиштирадиган ҳосилимизни турли бало – офатлардан асраш, бу йўлда динимиз кўрсатмаларига риоя қилиш хам мўмин – мусулмонларнинг вазифаларидандир. Шунинг учун хам хар биримиз дунё ободлиги охират ободлиги билан узвий боғлиқлигини яхши англаб, жаннатмакон юртимизнинг хар бир гўшасини обод ва фаравон қилиш йўлида астойдил мехнат килишимиз, турмушимизни янада файзли, кўркам ва тўкин қилиш ишига ўз хиссамизни қўшишимиз лозим.
Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в): “Бир киши бирон бир дарахтни экса, Аллох таоло экувчи томонидан экилган дарахт берган ҳосил эвазига унинг номаи аъмолига ажру – савоблар ёзади”, деганлар.
(Имом Ахмад ривояти).
Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллох (с.а.в): “Қай бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади”, деганлар.
Ер юзини макон тутиб яшаб турган миллионлаб инсонларнинг тўлақонли хаёт кечиришлари учун хар куни турли хил озуқа, гўшт – сут махсулотлари, мева – чева, дон – дунларга эхтиёжлари туғилади. Буларнинг хаммасини эса зироат – деҳқончилик билан шуғулланувчи касб сохиблари етказиб беришади. Уларнинг одамлар дастурхонини тўкин, ҳаётини файзли қилишдаги хизматларини таърифлашга суз ожиз.
Аллох таоло ризқ йўлини очувчи деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги хосиллари мўл – кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган хосилларни нест – нобуд ва увол қилмай йиғиб териб олишларини насиб этсин. Амиин!
Ф.Маткаримов
Боғот тумани “Дарвеш бобо” масжиди имом ноиби