ХУШЁРЛИК ХАР БИР КИШИГА ЗАРУР

Бугунги кунда ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган террорчилик ҳаракатларининг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмаган, қилмайди ҳам. Қуръони карим бундай таълим беради:
“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир» «Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир»
Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жихати шундаки, бундай шахслар ўзларини бузғунчиликларини Ислом  дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай хатти-ҳаракатлар хақ дин-Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади.
Халифалик давлатини тузиш  даъвоси билан чиқиб, бу йўлда бегунох инсонлар қонини тўкаётган, юртимиз тинчлигига, халқимиз хотиржамлигига рахна солишга уринаётган террорчи бузғунчи оқимлар аввал ҳам ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга бир неча бор уриниб келдилар. Аммо Аллох таолонинг ғазабига, соғлом фикрли инсонланринг қаҳрига, нафратига учраб йўқликка юз тутдилар.
Хозирги кунда баъзи юртдошларимиз хорижга ишлаш мақсадида кетмоқдалар. Бу юртдошларимиз масаланинг фақат моддий тарафини ўйлаяпдилар, вахолангки маънавий тарафдан кўрган зарарлари жуда бисёрдир.
Яна ҳам ачинарли тамони шундаки, бегона мамлакатда ёшларни маънавий тахдид кутиб турганини билмаябдилар. Бундан ғаразли мақсадда фойдаланиб қолишни кўзлаётган бузғунчи оқимлар, бизнинг ёшларни онгини беъмани ва пуч ғоялар билан тўлдириб, ўз ватанларига хоинлик қилиб, ватандошлари ва бутун халқнинг юзига оёқ қўядиган манқурт қилиб тайёрлаяптирлар.
Халқимизда бир марта туз еган жойинга “қирқ кун салом бер” деган ажойиб мақол бор. Ахир адашиб экстремистик гурухларга қўшилиб кетаётганлар бир умр манашу юртда ўниб ўсиб, беминнат таълим тарбиясидан фойдаланиб катта бўлишмадими. Шу ўринда катта бойлик хавасида ўзга юртларга кетаётганларга мурожат қиламизки, сиз бораётган ерда сизни оғир мехнат, жуда катта маънавий тахдид, вактни бехудага ўтказиш ва фарзандларингизни айни тарбиялаш вақти келганда бетарбия қолдириш кутиб турганлигини унитманг.
Юртдошларимиз бундай бузғунчи оқимларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг ғоявий мақсадлари ҳақида яхши билишлари ва уларнинг ғаразли ғояларига алданиб қолмасликлари лозим.

О.Рўзметов
Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *