Омонатга ҳиёнат қилишлик мунофиқликдир

Аллоҳ таоло жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (сав) воситалари орқали сиз билан бизга жорий қилган шариати исломия таълимоти бўйича бизлар Ҳақ таолога барча сирру-ошкора ишлар маълум ва машҳур деб эътиқод қилмоғимиз зарур бўлади. Бинобарин, ҳар бир ишимизда ва ҳар бир амалимизда Унинг ҳозиру нозир эканлигини эсдан чиқармаслигимиз ва шу қилаётган ишимиз Унинг қаҳру ғазабига сабаб бўлиб қолмаслигига ҳаракат қилмоғимиз керак. Бунинг учун Аллоҳ таоло ҳузурида қандай кишилар мукаррам ва муҳтарам ҳисобланиб, қандай кишилар Унинг раҳмат назаридан йироқ бўлиб қолиши мумкин эканлиги тўғрисида маълумот ҳосил қилган бўлишимиз лозим бўлади.Барча ислом уламоларининг иттифоқларича, барча яхши сифатларнинг ичида инсон учун энг ўзлаштиришлиги оғир бўлгани – бу омонатни сақлашлик ҳисобланар экан. Омонатни сақлашлик ва уни ўз вақтида адо этишлик нақадар оғир вазифалардан эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:“Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир”.Ушбу оятда Аллоҳ таоло омонат сақлашлик вазифасини осмону замин, тоғу тошларнинг зиммаларига юкламоқчи бўлгани ва улар ўзларининг шунчалик салобатлари, қудрат ва савлатларига эга бўла туриб, омонатни ўз гарданларига олишдан қўрққанликларини ҳикоя қилади. Инсон эса ўзининг ақлу заковати, фаҳму идроки, куч қуввати ва бошқа имкониятларига суяниб туриб, бундай оғир масъулиятни ўз зиммасига олган.Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз (сав) ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракотни ёшлик даврларидан бошлаб бунчалик ишончли, вафодор, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган қилиб қўйишлигида Ҳақ таолонинг кўп ҳикматлари бор, албатта. Улардан бири – 40 ёшга тўлишлари билан энг улуғ ва масъулиятли вазифа, яъни пайғамбарлик бурчини тўла адо этишликлари учун олдиндан бунга ҳар томонлама тайёрланган бўлишларидир. Бу зоти шарифни Аллоҳ таоло шу ўтган муддат ичида ичида шунчалик қаттиқ синов ва тажрибалар билан тарбият эттиким, пайғамбарлик вазифаси қанчалик оғир ва масъулиятли бўлишига қарамай, кейинги ташвишли ва қийин кунларда, ўзларига сабру қаноатни қалқон қилиб олган ҳолда 23 йил давомида расуллик ва набийлик вазифаларини шараф билан адо этиб ўтдилар. Хиёнатнинг кўп-ози, катта-кичиги бўлмайди. Бир ҳовучи ҳам бир тоннадай азоб келтиради. Ақли етмай ёки бировнинг зўри билан гуноҳ қилган одамдан, шу кунгача ҳиёнат қилмаган бўлса ҳам, аммо баданида унга мойиллиги бор одам ҳавфлироқдир. Чунки у хиёнатнинг уруғини кўтариб юради, у оёқ остидаги бало, бир кунмас бир кун кутилмаганда ниш уриб чиқиб, атрофга панд беради.Илоҳо, зиммаларимиздаги бурч ва вазифаларни ўз вақтида адо этишдек эзгу сифатга барчаларимизни мушарраф айласин!

 

Ж.Ражабов

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний масжиди имом ноиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *