Она ватан муқаддас қўрғон

Дунё кенг, унда миллат-элатлар кўп, ҳар бирининг ўз урф-одати, ўз маданияти ва ҳар бир халқнинг ўзига яраша хослиги бор. Лекин дунёда инсонлар қалбини бирлаштириб турувчи шундай туйғу борки, бу одамларнинг миллатидан, эътиқодидан, маданиятидан қатъий назар, уларни туғилиб ўсган тупроғига ипсиз боғлаб туради. Бу Ватан туйғусидир!Она Ватанимиз шу пайтгача қанча-қанча зулм ва ситамларни кўрди. Совет даврида алдамчи шиорлар остида бизларнинг оталаримизни хўрлашди, ўтмиши йўқ қолоқ деб хорлашди, оналаримизни устидан кулишди, маданиятсиз, деб ҳақоратлашди. Абдураҳмон Жомий ҳазратлари бир ибратли ҳикояни келтирадилар: “Қишлоқ этагига туташган тоғда бир гала каклик тонгдан бери чуғурлашишади. Улар кенглик, тоза ҳаво, эркинлик ҳар куни байрам эди. Қуёш кўтарилиш билан қишлоқдаги хўрозлар ҳам бошпаналаридан чиқиб, ахлатхоналарни титиб, ғурур билан қичқириб қўярдилар. Бу ҳолни кўриб турган бир каклик кулди ва ахлат титаётган хўрозга деди: “Эй кеккайган нодон, бир ҳовуч дон учун одамларга асир бўлиб ўтирибсан-а! Шу ахлатхонани ўзингга жаннат деб биласан. Ахлатхонадан қутулсанг-чи!”Бу зарбулмасалдан Жомий ҳазратлари шундай ҳикматни айтмоқчилар: “Эй Инсон! Бу дунёда ўзинг учун энг азиз бўлган озодлигингни бир ҳовуч емишга сотма. Доим озод яша ва озодликни сев! Аллоҳ таоло сени озод қилиб яратди. Бир ҳовуч емишга алданиб, азиз ҳаққингни сотма!”Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ота-боболаримизнинг асрий орзулари мана бу кунларда ушалиб турибди. Ҳар биримиз ҳур ва эркин, ўзимизнинг еримизга ўзимиз эгалик қиламиз, ўтмишимиз тарихи ҳақиқатлари рўёбга чиқаяпти ва энг асосийси иймонимиз, динимиз ўзимизга қайтди. Шўролар даврида халқимиз ўз Ватанида ғариб эди, юқоридагилар ўзларини меҳрибон қилиб кўрсатса-да, аммо ҳукм уларнинг қўлида, халқимизнинг қиладиган меҳнатининг самараси бошқаларнинг дастурхонида турарди. Бугунги кунда келиб ҳар ким ўз халқи учун, ўз Ватани учун, ўз дастурхони учун меҳнат қилмоқда. Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли ва энг суюкли бўлган даргоҳдир.  Мусулмон ўзи учун қадрли ва суюкли бўлган, унинг бағрида киндик қони тўкилиб туғилган, у жойда тарбия топган, болалик, ёшлик ва ўсмирлик чоғларини эслатиб турадиган, ўзи учун яшаш маскани бўлган, ота-она, қавм-қариндош ва дўсту-ёрлари билан ҳаёт кечирган жойга барча нарсасини тақдим қилишга тайёрдир. Тинчлигини йўқотган юрт худди юлдузини йўқотган осмон каби зимистонга айланади. У юртнинг қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлару, анҳорлари бўлмасин, у худди харобага айланган, биров ундан манфаат ва фойда ололмайдиган саҳрога ўхшаб қолади. У юртда на роҳат ва на хотиржамлик бўлади. Бугунги кунда атроф мамлакатларда бўлиб турган беқарорликлар бунинг ёрқин далилидир. Аксинча тинчлиги бор юрт эса гарчи саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ерда истиқомат қилаётганларга ўзининг ана шу  тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади.

 

У.Умаров

Шовот тумани ‘’Юсуф Хамадоний» масжиди имом ноиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *