Инсониятнинг тарихий тажрибаси ва тараққиёт йўли оила ҳар биримиз учун энг азиз ва мўътабар гўша – чинакам ҳаёт ва тарбия ўчоғи эканлиги, ҳеч ким ундан айро яшай олмаслиги, усиз камолга етмаслигини аллақачон исбот қилган. Оиланинг жамиятда тутган ўрни беқиёс ва ҳеч нарсага алмашилмайди. Унинг таърифи ҳам мураккаб, мазмун-моҳияти эса ниҳоятда теран, сурати ранг-баранг ва бир-бирига асло ўхшамайди. Ҳаёт гашти – турмуш тотувлигида. Аммо, турмуш тотувлиги ўз-ўзидан юзага келмаслигини унутмаслик лозим. Оддийгина бир эътиборсизлик ҳам баъзи ҳолларда турмуш маромини издан чиқариши мумкин. Оила-ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди.
Азалдан Ўзбек ҳалқида инсонийлик фазилатларни ўзида мужассам этган ўзини ўйламай фарзандини ўйлайдиган, болам-чақам, оилам, деб ҳар доим эзгу ниятлар билан яшайдиган ҳалқдир. Ҳаётида оиласининг тинч осойишталигини, фарзандларининг камолини катта бахт деб билади. Шу боис ҳар бир киши учун оила бахтидан улуғ бахт бўлмаса керак. Фаравон турмуш, тинч ва осойишта ҳаёт, ўғил қизларнинг роҳатини кўриш ҳамманинг орзусидир. Албатта бу Аллоҳнинг бандаларига берган буюк неъматларидан биридир. Шунинг учун аввало оила раҳбари сифатида эр ва уй бекаси бўлган хотин ўз ҳаётларини фарзандларига ўрнак қилиб, бир-бирларини қадрласа, ўртада ишонч, яқинлик, ўзаро ёрдам бўлса, ҳар хил гап сўз ёмонликларидан бир бирини ҳимоялай олса, ҳамда оила масъулиятини ҳис қилиб, қийинчиликларни бирга енгиб, фарзанд тарбиясида ҳамкор бўлса, ўша оилада тотувлик, осойишталик ва бахтли яшаш учун муносиб муҳит ярата оладилар. Алал оқибат отани оиладаги ўрни, муомала маданиятидан ўғил, онадан эса қиз ўрнак олади.
Шу билан биргаликда фарзандлар балоғат ёшига етиб, ота ўз ўғлига оилада эркакнинг масъулиятини алоҳида тушунтириб, Аллоҳ таоло эркак кишини аёл кишидан руҳий ва жисмоний жиҳатдан устун эканлигини, келажакда оилада раҳбар бўлишлигини, бўлажак аёлига чиройли муносабат қилиб, уни нафақаси ва бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркакнинг зиммасида эканлигини тушунтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Исломда эр-хотин оʻртасидаги муносабатнинг давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган. Бунда оилавий ҳаётнинг асосий ташкилотчилари ва аъзолари бўлмиш эр ва хотиннинг ҳар бирига оʻзига хос бурч ва вазифалар юкланган, бир-бирига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир қатор сураларида оятлар келтирилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаби – Аллоҳ уларнинг айримлари (еркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (еркаклар оʻз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят). “Ва яхшилик ила уларнинг бурчлари муқобилида ҳақлари ҳам бордир” (Бақара сураси, 228-оят).
А.Рўзметова
Хива тумани «Чанашик» ма=алласи отинойиси