Қиз фарзанд ҳам Аллоҳнинг неъматидир

 Жумладан, фарзанд бериш масаласида ҳам: “У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур”. Агар ўғил ё қиз фарзанд кўриш ота-она хоҳишига кўра бўлганида, ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтдаги жоҳилий арабларда қиз фарзанд бўлмас эди. Чунки, улар қиз фарзандни ёқтиришмасди. Мушрикларнинг бирортасига оиласида қиз бола туғилгани ҳақида хушхабар берилса, хафа бўлганидан, ғам-аламга тўлганидан, юзи қорайиб кетар эди. Мушрикларнинг гумроҳлиги шу даражадаки, улардан ҳар бири оиласида қиз фарзанд туғилганини эшитиб, бу хабарнинг ёмонли­гидан уялиб, одамлар кўзидан беркиниб юрган. Одамларга кўринишни хоҳламаган.  Қиз кўрибсан, деб уни мазаммат қилишларидан қўрққан. Ўша беркиниб юрган ҳолида, бу қизни нима қилсам экан, деб ўйлайди. Ўзимга ор-номус қилиб олиб юраверсаммикан ёки ерга кўмиб юборсаммикан, деб хаёл суриб, ҳатто, қизларини тириклай кўмиб ҳам ташлашардилар. Ҳолбуки, баъзилар фақат қиз фарзандлар кўришади, ўғил фарзандга зор бўлиб юришади. Бу ҳол фарзанд фақат Аллоҳнинг хоҳиши билан ўғил ёки қиз бўлишини билдиради. “…Ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур”. Фақат ўғил фарзандлар кўриб, Аллоҳдан қиз сўраб юрган одамлар ҳам оз эмас. “Ёки уларни жуфтлаб — ўғил-қиз қилиб берур”. Аралаш фарзандлар кўриш одамлар ичида кўп тарқалган ҳолатдир. “…Ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур”. Бундайлар озчилик бўлиб,  Аллоҳ таоло ибрат учун, фарзанд одамларнинг хоҳиши билан эмас, Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишини кўрсатиш учун шундай қилиб қўйган. “Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир”.

        Ислом дини нозил бўлиб жоҳилият арабларининг бундай одатларини қоралаб аёллар қадри ва  шаънини алоҳида улуғлади. Динимизнинг асосий манбаси бўлган Қуръони каримда ҳам аёллар ҳақида алоҳида “Нисо”, яъни: “Аёллар” сураси нозил бўлган. Қуръони карим оятларида биринчи нима зикр қилинса шунда бир улуғ ҳикмат бўлади. Шунинг учун ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в): “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади”, — дедилар.

        Бу ҳадисда фарзандга, айниқса қиз фарзандларга яхши қараш, уларни сабр билан ўстириш, едириб, кийинтиришнинг катта савоблиги айтилмоқда. Қизлар кўп бўлса, уларни тарбиялаб, вояга етказиб, жой-жойига қўйиш қийин. Қиз болага тўғри тарбия бериш, одоб бериш, иймон-исломни танитиш, едириш, ичириш, кийинтириш катта машаққатдир. Бунинг учун ота-онадан улкан сабр талаб қилинади. Шунинг учун, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам бунга сабр қилган одамларга жаннатни ваъда қиляптилар. Жоҳилият даврида қизлар тириклайин кўмиб ташланган бўлса, бугунги кунда афсуслар билан айтамизки айрим ношукр эрлар ёки қайноналар келини фақат қиз туғгани учун оиласидан ажратиб, қизларини тирик етим қилаётганлар ҳам йўқ эмас….

С.Матчанова

Хива туман «Оқёп 1» маҳалласи отинойиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *