Гиёхвандлик иллатидан ёшларимизни асрайлик.

Инсон учун энг бебаҳо неъмат бу соғлик- саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат  қилиб берилган.  Ислом  динида ҳам инсон  жони ,ақли ва сиҳат –саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бири  бўлиб ҳисобланади.Саломатликка етказадиган зарарлар хақида қуйидагиларни айтиш мумкин. Гиёҳванд моддаларни зарарларини замонамиздаги илмий тараққиётлар ҳам исботламоқда. Бу моддаларни истемол қилувчилар аста –секин оғир касалликларга йўлиқишлари ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлиши шулар жумласидандир. Гиёҳванд моддалар киши медаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек у инсон асабига ва шу орқали инсонда  кўриш , эшитиш , хид билиш, фикр юритиш, иссиқ –совуқни, қаттиқ –юмшоқни, ширин — бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.  Кейинги асрларда бутун дунёга кенг тарқалган бу иллат, бугунги кунда хаммамизнинг ташвишимиз бўлмоқда. Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга катта тахдид солиб келмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар йили  26-июнь Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш деб эълон қилинган. Бу борада мамлакатимизда ҳам доимий чора –тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Жумладан ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бутун Республикамиз ўқув даргохларида , илм масканларида гиёхвандлик тўғрисида, унинг зарарли оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари ва тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Гиёҳванд моддаларни истемол қилиш   инсон камолатига, имон –эътиқодига хавф –ҳатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши  ва тараққиётига ҳам ўта салбий тасир кўрсатади. Инсоннинг эътиқоди кучли мустахкам бўлиши билан бирга тани , жисми ҳам соғ, чинниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга  бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам  шундай дейдилар:
“Кучли бақувват мўмин киши Аллох наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”. Демак инсон Аллоҳга махбуб бўлиш йўлида сиҳат –саломатлиги ва соғлигига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан ,хусусан гиёҳвандлик, бангилик каби иллатлардан ўзини асрамоғи керак. Зеро Аллоҳ таола бизларга ўзининг покиза неъматларини инъом қилиб, ўша покиза неъматлардангина истемол қилишни буюрган. Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятинингдолзарб муаммосига айланди. Дарҳақиқат бугуни кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Азиз диндошлар, илоҳий, азалий бир қоида мавжуд “Ким бу дунёнинг харом лаззатларидан ўзини тийса, Аллоҳтаола унга бу дунёда иймон ҳаловатини, ибодат лаззатини ва қолган халол неъматларни, рохатларни насиб қилади ва охирида эса уни абадий лаззатларга муяссар қилади.”

Инсон ҳаётига, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик –бангиликка  қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир. Гиёҳванлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шунингдек халқимизнинг моддий ва маънавий фаравонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

             П.Бобожонов

Шовот тумани “Қорри эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *