Маълумки Ислом динида амал қилишда сусткаштлик қандай қораланса,унда ғулувга кетиш яъни ҳаддан ошиш шундай ҳам ҳудди шундай қораланади. Динимиз мўътадиллик динидир.Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш динимиз шиоридир. Мўътадил деганда бирор нарсада ҳаддан ошиб ҳам кетмаган, ўта сустликка ҳам йўл қўйилмаган ўртача ҳолатни тушунамиз. Васат сўзи эса ўрта, адолатли, тўғри, мўътадил, энг яхши каби маъноларни англатишини кўрамиз. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини “Васат” уммат деб атади. Бақара сураси 143-оятда:
“Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик”, деган. Аллоҳ таоло бу умматнинг энг яхши уммат эканлигига Оли Имрон сурасининг 110-оятида гувоҳлик беради. “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйу мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. Ҳазрати Усмон р.а нинг даврида “Ховорижлар”деб аталмиш бир фирқа пайдо бўлди.Улар динда ғулувга кетганлари учун адашдилар ва бир қанча одамларни адашишига қонлар тўкилиб,мусулмонлар бирлигининг бўлинишига сабаб бўлдилар.
Хаворижлик ақидаси остида бирлашувчи оқимларнинг аввалгиси “ал-муҳаккима ал-увла” деб номланган.Бундай ном олишларига уларнинг “ҳукм фақат Аллоҳникидир” деган фикрни илгари суришлари эди. Уламолар бу фикрлари ҳақида қуйидаги хулосани берганлар: “калиматун ҳаққун урийда биҳал-батил” (ҳақ сўз, бироқ у билан ботил мақсад кўзланган).. Хаворижлар ичида биринчи бўлиб “ҳукм фақат Аллоҳники бўлади”, деган ғояни илгари сурган шахс Мардос хорижийнинг акаси Урва ибн Ҳудайр эди. Баъзи тарихчилар томондан Язид ибн Осим муҳорибий деган маълумотлар ҳам бор. Айтилишича Урва “Бани яшкур” қабиласидан бўлиб “Сиффин” жанггида Али розияллоҳу анҳу билан туриб Муовия розияллоҳу анҳуга қарши жанг қилган. Икки лашкар бирлашиб кетгач, у майдон ўртасига чиққан ва икки лашкар аскарларидан биттадан одамни ўлдириб майдонда: “мен Алига ҳам, Муовияга ҳам қаршиман, уларнинг ҳукми ҳукм эмас. Ҳукм фақат Аллоҳникидир!”—деб ҳайқиради. Урвани ўша заҳоти Ҳамадонлик бир аскар ўлдирган. (Урванинг шу ҳайқириғи Ислом уммати учун тасаввур қилиб бўлмас даражада улкан фитналар, миллионлаб мусулмонларнинг ёстиғини қуритиши-ю кўплаб обод ерларнинг вайрон қилинишига асос бўлишини у ерда хозир бўлганларнинг бирортаси ҳали билишмас эди.)
Кейин “Сиффин жангги”да ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафдорларидан бўлган бир гуруҳ Урванинг ҳайқириғидан таъсирланади ва у илгари сурган ғоя тўғри деган шубҳа уларга тинчлик бермай қўяди. Ҳазрати Али билан Кўфага қайтиб келишгач, у кишидан ажраб чиқиб Ҳарурога қайтиб кетишади. Улар ўн икки минг нафар жангчи эди. Шундан кейин “ҳарурийлар” деб номлана бошлашди. Уларнинг бошлиғи ўша вақтда Абдуллоҳ ибн Кувоа ва Шибс ибн Рабъийлар эди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларга қарши чиқади ва илмий асосли тарзда ҳужжатлар билан мунозара қилади. Абдуллоҳ ибн Кувоа минг нафар атрофидаги жангчилар билан тавба қилади ва ҳазрати Алидан омонлик тилаб авф сўрашади. Қолганлар эса залолатда қолишади ва Наҳравон тарафга чиқиб кетишиб, ўзлари ичидан икки кишини амир этиб сайлаб олишади. Улар Абдуллоҳ ибн Ваҳб Росий ва Ҳарқус ибн Зуҳайр ал-Бажлий иккиси бўлган.
Хаворижлар шу кетишда Наҳравон йўлида Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Арс розияллоҳу анҳуга йўлиқишади. Хаворижлар у кишига: “бизга отангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисларидан айтиб беринг”—деб сўрашади. Шунда у киши: Отамдан эшитганман, у шундай дерди: “Яқинда катта фитна бўлади. Унда ўтириб олганлар тик тургандан яхшироқдир! Тўхтаб олганлар юрганлардан яхшироқдир! Секин одимлаганлар чопқиллаб югурганлардан яхшироқдир! Кимки ўша фитнада ўлдирилиши мумкин бўлса-да, бировни ўлдиришга асло қасд қилмасин!”—деган мазмундаги ҳадисни сўзлаб беради. Бироқ, бу ҳадис хаворижларга маъқул келмади. Чунки бу ҳадисда айнан улар назарда тутилган эди. Ҳадисни эшитгач уларнинг асаблари ўйнаб Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ўлдириш пайига тушишди ва ўлдиришди ҳам. Ул зотнинг қонини сувга оқизишди. Қон сув юзасида худди узун тасма каби дарёнинг бир тарафидан иккинчи тарафигача чўзилиб оқди. Қаттоллар Абдуллоҳ ибн Хаббобнинг ўзи билан кифояланишмади, балки, у кишидан кейин унинг уйига бостириб бориб болаларини ва аҳли оиласидагиларни ҳам ўлдиришди. Тақдирида адашиш битилган кўплаб одамлар хаворижларга қўшила бошлади, уларнинг шон-шавкати ортиб сон-саноғи кўпайиб кетди.
Шундан сўнг ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тўрт минг нафар жангчи билан ҳаворижлар устига лашкар тортади. Лашкарнинг бошида Адий ибн Ҳотам ат-Тоий эди. Лашкар одимлаб бораркан, хаворижларнинг айбларини айтиб қораланган ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга таҳсинлар ёзилган шеърни айтишиб, бир-бирларини руҳлантириб боришарди. Уларга яқинлашганда Али розияллоҳу анҳу бир элчи юбориб Абдуллоҳ ибн Хаббобнинг қотилини топширишларини сўрайди. Хаворижлар: “уни ҳаммамиз тенг ўлдирганмиз, имкон туғилса сени ҳам ўлдирамиз”—деб жавоб беришади.
Кейин уларга ташландилар ва Абдуллоҳ ибн Ваҳбни яккама-якка олишувда ўлдирди. Жанг авжига чиқиб кетди. Ҳазрати Алининг асҳоблари бидъатчиларга қарши шиддат билан ташланар, уларни ер билан яксон қилишга астойдил киришиб кетган эдилар. Ва ниҳоят бидъатчи хаворижлар қирилиб битди. Улардан атиги тўққиз нафаригини аранг омон қочиб қолишди. Улардан икки нафари Сижстонга қочиб борди. Яна икки нафари Ямандан паноҳ топди. Икки нафари Уммонда жон сақлади. Икки нафари Жазирада, сўнгги биттаси эса акбор ноҳиясида яширинди. Хозирги кундаги хаворижлар ўша тўққиз нафар хаворижларга эргашиб кўпайган издошлари ҳисобланишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанггида ўлжа олинган молларни тақсимлаётган чоғида худди ўша елиндор Ул зоти шарифга: “Ҳой Муҳаммад адолат қил, адолат қил!”—деганди. Шунда унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “хароб бўлгур, зиён тортгур, мен адолат қилмасам бошқа ким адолат қилади?!”—дейди. Кейин: “шу одамни орқасидан бир қавм чиқади, улар диндан худди камондан ўқ отилиб чиққани каби чиқиб кетишади”—дедилар.
Хаворижлардан “ал-муҳаккима ал-увла” деб номланган тоифанинг қисқача тарихи шудир. Булар ҳазрати Али ва Усмон розияллоҳу анҳумани, шунингдек, ислом миллатига мансуб фосиқарни кофир деб ҳукм қилишлари учун ўзлари ҳам кофир бўлиб кетишган. Вақтлар ўтиб Ироқ томонлардан яна бир хорижий тоифа чиқди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу то дор ул-бақога кўчиб, жаннатларга эришгунига қадар уларга махсус ислом лашкарларини жўнатиб, уларга қарши кўплаб жанг олиб борди. Хаворижларнинг кейинги авлодлари ҳам биринчи оқим бўлмиш “ал-муҳаккима ал-увла” тоифаси олға сурган бузуқ ақида ила эътиқод қилишарди. Уларнинг ақидавий бирдамлиги ҳам узоққа бормади. Уларнинг ичидан “Азориқалар” ажраб чиқди. Шу билан улар ичида ихтилоф бошланди.
Ҳулоса қиладиган бўлсак ўз нафси ҳоҳишига тобе бўлган ва динда ғулувга кетган ҳар қандай шахс,ўзини динида қандай мартабада деб ўйламасан у адашгандир. Ундай кишилар динга ва жамиятга фойда келтириш ўрнига зарар келтирадилар.Бугунги кундаги “замонавий ҳаворижлар”ҳам ўша ҳақ йўлдаги ҳазрати Алидек зотларни адашишда айблаган ҳатто пайғамбаримизни адолатсизликда айблаган тарихдаги “Хаворижларнинг” авлодларидир.Булардан ҳам динимизга зарар келса келадики фойда келмайди.
Ш.Қўчқоров
Тупроққала тумани “Ахтам Сахоба” масжиди имом-хатиби