Ёлғон шундай иллатки, у бориб‑бориб кишининг табиатига айланиб кетиши мумкин. Бундай одам ёлғонсиз гапира олмайди ва ростдан кўра ёлғонга кўпроқ ишонгиси келаверади. Кўзи кўриб турган ростдан шубҳаланади, аммо дунёнинг нариги бир чеккасида айтилган ғирт ёлғонни тасдиқлашга шошади. Ҳадисда “Киши ёлғон гапираверса, охири Аллоҳ таолонинг ҳузурида каззоб деб ёзиб қўйилади”, дейилганда мана шундай кимсалар ва уларнинг ҳолати назарда тутилган бўлса, ажаб эмас.
Ёлғончи ҳамиша ростдан қўрқади, ростни душман тутади, биров ростни айтиб қўйишидан ҳадиксираб туради. У ёлғончини дўст, ростгўйни душман билади.
Ёлғончи ёлғонни муросасозлик, талабга жавоб бериш, кўнгил овлаш, ҳурмат кўрсатиш, фитнанинг олдини олиш, муомала, сўз эркинлиги каби тушунчалар билан ўрашга уринади. Ростни эса беҳурматлик, муросасизлик, фитна, ҳатто радикализм, қарши ташвиқот, қонунга зид ҳаракат, ҳатто террор деб номлаши ҳам мумкин.
Ёлғончи ёлғонлигини билиб турган бўлса ҳам, ёлғончиларнинг сўзини олқишлайди. Аммо ростгўйларни турли айблар билан жим қилишга уринади, керак бўлса, ёлғон устига уларга туҳмат ҳам қилишдан, турли лақаблар қўйишдан тоймайди. Нима бўлса бўлсин, рост бўй кўтармасин, ёлғони очилмасин, дейди.
Ёлғон шундай ёмон дардки, аста‑секин ёлғончининг ўзи ҳам ўз ёлғонига ишонадиган ва уни рост деб эътиқод қиладиган бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ишонасизми, мен ҳаётда ўз ёлғонига чиндан ишониб, кўз ёш тўкадиган одамларни кўрганман. Булар ёлғончилик дардига мубтало бўлган, ғаддорликда моҳир, пасткаш кимсалардир. Аллоҳ уларни ёлғонлари билан жазолаган ва шарманда қилгандир.
Ёлғон мунофиқликнинг энг катта белгиси, фитрат бузилганининг аломати саналади. Мўмин ҳеч қачон ёлғончи бўлмайди.
Ёлғоннинг ёмонлиги шундаки, у ўз ортидан ёлғонлар тўдасини эргаштириб келади. Бир ёлғоннинг бадбўйини ёпиш учун ёлғонлар уюми керак бўлади. Бироқ, шунда ҳам бир кун келиб ҳақиқат яна бўй чўзиб чиқиб келади.
Энг даҳшатлиси, ёлғончининг ёлғони фош бўлгандан кейин ҳам ёлғонда давом этганида юз беради. Йиллар сайрагани турли шиорлар, сиёсий-ижтимоий иборалар билан яшириб юрган ёлғони ошкор бўлиб, авратини беркита олмай қолгач, шармандага кўча кенг деганларидек, ёлғончилар бир йўла ёғлонни очиқсасига касб қилиб олишади. Улар энди ёлғондан уялмайди, аксинча, ёлғонда мусобақалашишади. Уларга одамийлик, виждон деган тушунчалар бегона, улар фақат моддий манфаатни танийди, кучлини эътироф этади.
Ёлғончи ёлғони ошкор бўлгач агар тавба ва ислоҳ йўлини тутмаса, ёлғонида янада чуқурлашишга мажбур бўлади. Бориб-бориб унда ор-номус қолмайди, иймон қолмайди, ҳар қандай хорликни ҳазм қиладиган манқуртга айланади.
Бундай ёлғончилар дастидан омонда бўлишнинг бир шарти – Қуръон насиҳатига амал қилиб, фосиқ ва шу тоифа кимсаларнинг хабарига суянмасликдир. Бир неча бор бутун инсониятни алдаган тоифаларга яна ишониш ёлғон хор қилганининг белгиларидандир.
Ж.Умаров
Шовот тумани “Араб бобо” масжиди имом-хатиби