Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмагида Ал-Aзҳар университети (Миср) билан ҳамкорликда ташкил этган аёллар ҳуқуқларини Ислом дини нуқтайи назаридан ривожлантиришга оид семинар-тренинг долзарблиги билан аҳамиятлидир.
Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан қўллаб-қувватланди.
10-12 сентябр кунлари бўлиб ўтган мазкур семинарда имом-хатиблар, отинойилар, маҳалла ва диний ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ислом динида аёллар ҳуқуқлари соҳасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашган исломшунослик соҳасидаги етакчи институт Ал-Азҳар университетининг нуфузли профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Семинар Ислом динида аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ва бошқа ушбу мавзуга оид кенг кўламли муҳим мавзуларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди.
Катта уламолар Ислом кенгаши бош котиби, Ал-Aзҳар Буюк имомининг собиқ ўринбосари профессор, доктор Аббос Солимон аёллар ҳуқуқларини ҳимоялашда диний етакчиларнинг ролини таъкидлади.
– Ислом дини аёлларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайди, бу ҳуқуқлар жамиятларимизда ҳимоя қилиниши ҳамда тарғиб этилишини таъминлаш диний етакчи сифатида бизнинг бурчимиздир, – деди мисрлик профессор Аббос Солимон. – Мазкур семинар бизга ушбу масъулиятни адо этишда ёрдам берадиган билим ва илғор тажрибаларни алмашиш учун ажойиб платформадир. Қуръони каримда аёлларнинг ҳуқуқлари учун эркаклар масъул экани белгиланган. Зеро, аёл фақат шодлик учун яралган.
Ўқув-семинарда «Аҳоли тадқиқотлари бўйича Халқаро Ислом марказининг диний асосдаги ёндашувдан фойдаланишдаги аҳамияти», «Диний етакчиларнинг аёллар саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоялашдаги аҳамияти», «Исломда аёллар ҳуқуқлари» каби мавзуларда шўъба йиғилишлари бўлиб ўтди.