Пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал ҳулқлари

Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин. Пайғамбаримизнинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин. Тунларни кунларга улаб, омонат ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари–сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Олмиш уч йил, тўғрироғи йигирма уч йил давом этган бу муборак ҳаёт замона ва тарих йўналишини буткул ўзгартириб, уни тўғри ўзанга солиб қўйди. Натижада бу ҳаёт соҳибининг сийрати дўстлар томонидан ҳам душманлар томонидан ҳам диққат билан ўрганилди. Бу ҳаёт соҳибига дўстлар ҳам душманлар ҳам мақтов сўзларини ёғдирдилар.

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали, Раҳмоннинг ҳабиби бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигида заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, ушбу Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган муборак ҳаётнинг бирор лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилгани ҳам шубҳасиздир.

Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди табаъа тобеъинларга қолдирганлар.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зоти шарифнинг суннатлари барчамиз учун катта намуна ва ибрат мактабидир. Мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот, шубҳасиз Муҳаммад – Расулуллоҳдирлар.

Сарвари коинот Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рабиул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни, яъни 571 милодий йилда таваллуд топдилар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналарининг исми Омина бўлиб, улар Расулуллоҳнинг ёшлик вақтларида вафот этишган, боболари Абдулмутталлиб, кейинчалик амакилари Абу Толиб тарбиясида камолга етдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик пайтларидан гўзал одоб-ахлоқда вояга етдилар. У зотнинг энг чиройли илоҳий одоб-ахлоқда тарбия топганлари ҳақида Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар бериб бундай дейди: яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”!

Дарҳақиқат, олий ва гўзал хулқда бўлиш барча пайғамбарларга ва шу жумладан, охирги замон пайғамбари Ҳазрати Расули акрамга берилган илоҳий неъматлардандир.

Сийрат уламолари Пайғамбар алайҳиссаломнинг кундалик турмушда, инсонлар билан муомалада ишлатган гап-сўзлари, ваъз-насиҳат қилганларида айтган ҳикматли гаплари ва гўзал иборалари, қўйингки, шу борадаги барча-барча маълумотларни тўплаб, жуда кўп китоблар ёзганлар. Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўзида мужассам этган китоблар оламига кирар экансиз, ўзингизни худди мевали дарахтлари кўп бўлган гўзал бир боққа киргандек ҳис қиласиз. Қалбингиз хотиржамлик ва сурурга тўлганидан, бу оламдан асло чиқиб кетгингиз келмайди.

Мустақил ва азиз юртимиз тараққиёти ва ободлиги, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда, барча оилалар мустаҳкам ва фаровон бўлишида, севимли фарзандларимиз ҳар томонлама баркамол тарбия топишларида Жаноби Пайғамбаримизнинг йўл-йўриқлари, гўзал одоб-ахлоқлари  ва сийрати шарифалари ҳамиша илҳом бериши ва руҳлантириб туриши керак. Ҳақ таоло барчамизни икки олам сарвари Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлишга муяссар этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!

А.Матяқубов

Хива шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *