Маълумки тўғри йўл билан ҳидоятланган Ислом уммати, имомлари ва ишбошиларига қарши чиқмаганлар аксинча уларни ҳурмат қилган уларга яхшилик ила насиҳат қилган.
Бугунги кунда шундай тоифа гуруҳлар чиққанки улар ўз чиқишлари ва даъватларида имом ва ишбошиларга эргашмаслик ва очиқчасига қарши чиқишга чақиради.
Шундай тоифалардан бири “Ҳизбут-таҳрир”дир. Улар ўз даъватларида мавжуд тузумга очиқчасига қарши чиқиш ва ишбоши ва имомларга эргашмаслик кераклигини такидлаб келади.
Ваҳолангки мўтабар ақида китобларимизда ҳоссатан Таҳовий ақидаси китобида бу ҳақда шундай дейилади: Имомларимиз ва ишбошиларимизга қарши,агар улар жавр-адолатсизлик қилган тақдирда ҳам,ҳуруж қилмаймиз. Уларни дуойи бад қилмаймиз ва уларга итоатдан бўйин товламаймиз. Аксинча,модомики бизни масиятга буюрмас эканлар, уларга итоатни Аллоҳ азза ва жаллага итоат жумласидан бўлган фарз деб биламиз. Уларга салоҳият ва офия сўраб дуо қиламиз.
“Ҳизбут-таҳрир”китобларида кўпинча,мункарни ўзгартириш ҳақидаги асарларни келтирганида, “мавжуд тизимни ўзгартириш”, “исломий бўлмаган тузумларни ағдариш” каби нарсаларга ишора қилинади. Бу эса ортидан кўп фалокат ва ёмонликларни эргаштириб келувчи бир фитнадан бошқа нарса эмас.
Аслида мункарни ўзгартириш деганда қурол кўтариб чиқиш ёки умматни нотинчликка ундовчи бошқа хатти харакатлар тушунилмайди.Чунки қўлларнинг қиличга югуриши ёки бошқа услублар билан одамлар орасида норозиликни кучайтириш-оқибати номаълум бўлган турли фитналар келтириб чиқариши ҳамда кўп ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун мусулмонлар фақат чиройли панд- насиҳат билан бир бирларини ўнглашга интиладилар. Аллоҳ таъоло марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!Албатта Парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир.” (Наҳл,125)
Шу боис амри маъруф ва наҳй мункар қилувчи киши билимли бўлишидан ташқари яна мулойимлик,ҳалимлик,адолатпарлик каби сифатларга эга бўлмоғи керак.
Суфён Саврий айтади:
“Қуйидаги уч сифатга эга бўлмаган кимса насиҳат қилмасин: буйираётган ҳамда қайтараётган нарсасида мулойимлик;
буйираётган ҳамда қайтараётган нарсасида адолат;
буйираётган ҳамда қайтараётган нарсасини яхши билмоқ.”
Имом Аҳмад айтади: “Одамлар муросаю мадорага,мулойимликка муҳтождир.Амри маъруф хеч қачон қўрслик билан қилинмайди.Фақат фисқу фасодни ошкора қилувчига нисбатан қаттиқроқ муносабатда бўлиш мумкин”.
Кўриб турганимиздек динимизда ишбошилар ва имомларга нисбатан қандай муомила қилиш лозимлигини билиб олдик.Қўрслик,қўполлик ва жамият ичида нотинчлик келтириб чиқарадиган чақириқлар қилиш мутлақо мумкин эмас.Бундай даъво билан чиқаётганлар эса ўзлари билиб ёки билмай мусулмонлар бирлигини бузушга ва катта фитналар қўпиб,бу уммат бошига бало бўлишига сабаб бўлмоқдалар.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у зот шундай дедилар: “Финта уйқудадир уни уйғотган кишини Аллоҳ лаънатласин.”
Ҳа азизлар биз фитналарга алданиб,бирлигимизни йўқотмаслигимиз керак,аксинча бирлашишимиз ва бир биримизга хайриҳоҳ бўлишимиз керак.
Аллоҳ таъоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг арқонини жам бўлган ҳолларингизда тутинглар ва бўлиниб кетманглар”.
Хайрулла домла Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили