Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», дея бежизга айтган эмаслар.Чунки дунё ва охират саодати илмдадир. Маълумки илм олишда машаққат бор лекин уи хосил қилгадан кегин албатта азизлиги ҳам бордир. Бу ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.деганлар.
Ибн Абу Мулайка Ибн Аббос ҳақида шундай деганлар: “Чиройда Ибн Аббосдек чиройлисини, сўзлашда тили равонини, фатво беришда илмлисини кўрмаганман”. Улуғликка ва кўзлаган мақсадиган мақсадига эришмоқчи бўлган киши ҳам илм олиши шартдир. Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”. Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман:
Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига,
Илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Илм олиш шундай зарур нарсаки унга илтилмаган киши ҳам нажотга эриша олмайди.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сен олим ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан”. Илм мажлисида ўтириш гуноҳларга каффорот бўлади. Тобеинлардан Ато Ибн Абу Рабоҳ айтадилар: “Бир илм мажлиси лағв – беҳуда мажлислардан 70 тасига каффорат бўлади”. Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқдир бу ҳаиқда келган сўзларни бир ўқиб кўрайлик. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди” (Имом Муслим ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (Имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир” (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Имом ибн Абдул Бар Ҳасан Басрийдан мавқуф ҳолда ривоят қилган).
Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?” (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади» (Дорамий ва ибн Сунний ҳасан ҳолда ривоят қилишган). Ислом буюклари илм ўрганиш фазилатини кўп ва хўб таъкидлашган. Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен имоми Молик ҳузурида илм ўқирдим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз: “Агар ниятинг дуруст бўлса, хозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир” дедилар”.
Хулоса қилсак Илм дунёда азизлик, охират шараф, нажот ҳам шунда мувофақият ҳам. Уни ўрганишга киришган киши Аллоҳнинг ,фаришталарнинг ва барча махлуқотнинг наздида ҳам азиз ҳисобланади. Шундай экан азизлар ёшимиз қанча бўлишидан қанъий назар илм йўлига киришайлик. Зеро ватан равнақи ва юрт тараққиёти дунё ва охиратда мукаррам бўлишимиз илмга боғлиқдир.
У.Мадаминов
Боғот тумани “Одина Эшон бобо” масжиди имом-хатиби