ТАШҚАРИДАГИ ДУШМАНДАН-ИЧКАРИДАГИ ЛОҚАЙД ИНСОН ХАВФЛИ

Муқаддас динимиз Исломда лоқайдликдан қайтарилган.
Бу ҳақида пайғамбаримиз алайҳи салом ҳадисларида шундай келтирилади:
Имом Термизий Хузайфа розияллоху анхудан ривоят қилган хадисда Набий алайхиссалом:
«Лоқайд бўлманглар; одамлар яхшилик қилса, биз хам яхшилик қиламиз, ёмонлик қилсалар, ёмонлик қиламиз, деманглар. Улар яхшилик қилсалар, яхшилик қилинглар. Ёмонлик қилсалар, зулм қилманглар», дедилар».
Динимизда лоқайдлик ва бепарволикдан нафақат қайтарилган балки паноҳ сўрашга тарғиб қилинган. Лоқайдликнинг бир номи дангасалик десак тўғри бўлади.
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоху алайхи васалламнинг «Аллохим! Сендан дангасаликдан, қарздорликдан панох сўрайман. Сендан масийхи дажжолнинг фитнасидан панох сўрайман. Сендан дўззахнинг азобидан панох сўрайман» деб дуо қилаётганларини эшитдим».
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда:
Умар розияллоху анхудан ривоят килинади:
«Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам беш нарсадан: дангасаликдан, бахилликдан, кибрнинг ёмонлигидан, қалбдаги фитнадан ва қабр азобидан панох сўрар эдилар».
Анас ибн Молик розияллоху анхудан ривоят килинади:
«Набий соллаллоху алайхи васаллам:
«Аллохим! Мен Сендан ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, ўта қариликдан панох тилайман.
Мен сендан ҳаёту мамотнинг фитнасидан ва қабр азобидан панох сўрайман», дер эдилар».
Шарх: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хадиси шарифда олти нарсадан панох сўрамокдалар. Шулардан бири дангасалик ва лоқайдликдир.
Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб, баданининг рохатини кўзлаб тарк этишни билдиради.
Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.
Соҳибқирон Амир Темур эса ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва хушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, — деб таъкидлайди.
Машҳур файласуфлардан бири эса “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар пайдо бўлаверади”, дея айтиб ўтган.
Лоқайдликнинг энг ёмони, бу ўз юртининг тинчлигига рахна солувчи иллатларга ҳам лоқайд бўлишдир.
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда пайғамбарлари тилидан ўз юртига тинчлик ва барака тилаб дуо қилганини келтиради:
Қуръони каримда тинчликка, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатликка чорланган оятлар кўп. Иброҳим (алайҳиссалом) дуолари зикр этилган оятни эслайлик: «Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, деди». (Бақара, 126).
Инсонга берилган неъматлар ичида тинчлик энг азиз неъматлардан эканлиги Набий алайҳиссалом ҳадиси шарифларида шундай келтирилади:
“Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).
Демак инсон учун тинчлик азиз ва қадрли неъмат экан, албатта унга таҳдид қилувчи нарсаларга бефарқ бўлмаслиги лозим.

Ш.Қўчқоров
Ҳазарасп тумани “Олти аълам бобо” масжиди имом-хатиби.

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *