Ҳизбут-тахрирнинг ақидавий залолати

Ҳизбийлар бир қанча ақидавий масалаларда аҳли суннанинг йўлидан чиққанлар.Қуйида уларнинг баъзи ақидавий масалаларда Аҳли сунна эътиқодига зид ақидаларини келтирамиз.
Муқаллиднинг иймони саҳиҳ деб эътиборга олиниш масаласи. Аҳли сунна жамоасининг таълимотига кўра, ота-боболарининг йўлига эргашган ҳолда мусулмон эканини айтиб, ўз иймонини ҳар тарафлама илмий исботлаб беришдан ожиз саводсиз киши мўмин-мусулмон деб ҳисобланаверади. Бу масалада ҳизбнинг фикри бошқача. Яъни, уларнинг таъкидлашича мўмин киши мўмин эканлигини илмий асослар билан исботлаб бермас экан у мусулмон эмас.
Аҳлисунна олимларига кўра эса: биров шаҳодат калимасини айтса, агар олам ва унинг Буюк Яратувчиси тўғрисида мутлақо тафаккур қилиб кўрмаган бўлса-да, унинг иймони эътиборли ҳисобланади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз шаҳодат калимасини айтган аъробийларни ҳам мўминликка ҳукм қилганлар. Бу эса уларнинг иймонлари зоҳиран эътиборга олинишига ва қалбларининг қандай экани Аллоҳга ҳавола қилинишига далолат қилади.
Қабр азоби, Дажжол фитнаси каби муҳим эътиқодий ҳақиқатларга иймон келтириш масаласи. Ҳанафий мазҳаби асосчиси, аҳли суннат раиси имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзлариниг “Фиқҳи Акбар” номли китобларида бу масалани қуйидагича баён қилганлар: “Қабрда Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг кириб, марҳумдан савол сўрашлари ҳақ ва ростдир. Қабрда бандага руҳнинг қайтарилиши, қабрнинг кофирлар ва баъзи гуноҳкор мусулмонларни қисиши, уларнинг қабр азобини тортишлари ҳақ ва ростдир. Дажжол ва Яъжуж-Маъжужнинг чиқишлари, қуёшнинг кун ботар томонидан чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ва бошқа қиёмат аломатлари саҳиҳ хабарларда зикр этилганидек ҳақ ва ростдир!”.
Бу масалалада ҳам ҳизбчилар инкор йўлини тутганлар. Бу билан улар ўзларидан олдин ўтган бузуқ эътиқодда бўлган фирқалрнинг йўлидан бормоқдалар.
Амри маъруф наҳй мункар масаласида ҳам аҳли сунна йўлидан бошқа йўлдалар.
Аҳли сунна таълимоти бўйича ҳар бир мусулмоннинг зиммасида қирқта муҳим фарз масъулиятлари бордир. Эзгулик, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб насиҳат қилиш ўша қирқ фарзнинг ичидан ўрин олган фарз амаллардандир.
Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир ёмон ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан. Аммо буниси иймоннинг заифидир», деганлар.
Яъни, мусулмон одам ёмонликни иложи борича ўзгартиришга ҳаракат қилмоғи керак. Қўли ва тили билан ўзгартиришга имкон топмаса, қалби билан инкор қилиш керак. Бу эса, иймони заифлиги аломати. Энди қалби билан ҳам қилмаса, иймони қолмаган бўлади.
Ҳизбчиларнинг иддаосича амри маъруф ва наҳй мункарни шахс эмас исломий давлат бажаради, исломий давлат йўқ экан ҳеч кимга амри маъруф ва наҳй мункар вожиб бўлмайди эмиш…
Агар бу масала фақатгина исломий давлатга тегишли бўлса унда ҳадисдаги «Сиздан ким бир ёмон ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан» дейилган жойларини ҳам фақат исломий давлатга тегишли дея оладими?
Маълум бўлдики ҳизбчилар ақидавий масалаларда адашган бир гуруҳ экан.Унга кўр кўрона эргашиш эса залолатга сабаб бўлади.

Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *