Ўзбекистон замини қадимдан ислом тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирлар замини экани, алломаларимиз қолдирган илмий-маънавий асарлар, қўлёзмалар ислом оламида муҳим ўрин тутиши хеч кимга сир эмас.
2024 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳри ва Хива шаҳарларида ўтказилган “Ислом тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги нуфузли халқаро анжуманга ташриф буюрган Миср Араб Республикаси муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд жаноблари Ўзбекистон заминидан Ислом дини ривожи учун ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққани, жумладан, аҳли сунна вал-жамоа таълимоти асосчиларидан бири Имом Мотуридий, буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий кабиларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб бутун Ислом олами XIV асрдан буён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларидан баҳраманд бўлиб келаётганини алоҳида қайд этган эди.
Муборак Рамазон ойи кунларида эълон қилинган Президентимизнинг «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори бугунги кунда юртимизда аждодларимиз меросининг илмий-маърифий аҳамияти янада қадр топаётганидан дарак беради. Шу билан биргаликда Буюк бобакалонимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлаш Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топиб, ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар томонидан эътиқод бобида пайдо қилинган нотўғри ақийдавий қарашларни тўғрилашга ҳаракат қилганлар. Адашган фирқаларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб берганлар.
Бугунги кунда мутаассиб оқимларнинг фаолияти тобора жиддийлашиб бораётган бир пайтда ёшларни исломнинг анъанавий таълимотига зид ёт ғояларга тушиб қолишидан ҳимоя қилишда мотуридийлик таълимоти долзарб аҳамиятга эга.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини дунёдаги Ислом умматининг қарийиб ярми ўзининг ақийда илми бўйича имоми деб тан олган. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмонларнинг ҳидоят йўлини тутишларида пешво бўлганлари учун “ҳидоят имоми” унвонига сазовор бўлганлар.
Хайрулла домла Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилоят вакили