Кичик ва катта гуноҳларга тавба қилиш

Инсон ҳаёти давомида билиб-билмай турли каттаю кичик хато камчиликларга йўл қўйиши, гуноҳ ишларга қўл уриши мумкин. Ана шу гуноҳ ҳамда хатоларнинг ювувчиси, кетказувчиси тавба ва истиғфордир. Бундай пайтда хатокор инсон дарҳол ўзига келиб, биринчи навбатда Аллоҳни эсламоғи, ул зотга истиғфор айтмоғи лозим. Истиғфор – бу парвардигордан кечирим сўрашдир. Киши  дуо, тавба ва бошқа тоат-итоаткорлик ила «Астағфуруллох»  деб айтиши ёки шундай маънодаги калималарни айтиб, кўнгилдан  тасдиқлаши зарур. Шу ўринда тавбанинг таърифига тўхталиб ўтсак.

Тавбанинг таърифи: Тавба Аллоҳга қайтиш демакдир. Бу ҳақда уламолар турли фикр билдирганлар. Айтганларки: кимки Аллоҳнинг азобидан қўрқиб гуноҳлардан қайтган бўлса, уни (таиб) тавба қилган дейилади, кимки Аллоҳдан ҳаё қилиб гуноҳлардан қайтса, уни (муниб) қайтувчи дейилади, кимки Аллоҳнинг азамати туфайли қайтса, уни (аввоҳ) дейилади. Тавбанинг шаръий маъноси устида айтилган энг гўзал таъриф ушбудир: тавба, бу – Аллоҳдан узоқ бўлишдан Унга яқин бўлишга қайтишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Намоз намозгача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Рамазон рўзаси Рамазон рўзасигача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Лекин учта гуноҳ бундан мустасно:

Аллоҳга ширк келтириш;

Суннатни тарк қилиш;

Келишувни бузиш.

Бунга ўхшаш лафзларнинг саноғи йўқ. Уларни битта доирада жамлаш мушкул. Улар доимо мубҳам бўлиб қолаверади.

Ҳидоятга етиш йўли эса фақат тавба биландир. Аллоҳ кўксига иймонни мустаҳкам жойлаган инсонлар ҳар қадамларида ўзларини ислоҳ қилиб, нафсларини тергаб, у билан курашадилар ва нафсларини енгадилар. Аллоҳ кимнинг қалбини Исломга очиб саодатманд этган бўлса, у Парвардигори томонидан бўладиган нур устидадир. Уларнинг қалби Қуръон ва иймон нури билан ёғду сочади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 «Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди» (Қоф сураси, 31-оят).

Жаннат қиёмат куни тақводор бандаларга яқин келтирилиб, кўзларига кўрсатилишининг ўзи уларга бўлган катта башоратдир. Ушбу шарафга кимлар эришади ва қайси сифатлар етказади?

 «Бу сизга ваъда қилинган нарсадир, ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига… » (Қоф сураси, 32-оят). Оятда «муҳофаза қилувчи» деб қўйилганининг ўзи ғоят улкан маънони англатади. Нимани сақлаш керак бўлса, шуни сақловчилар ушбу маънонинг ичига киради. Жумладан, шариат чизиб қўйган чегарани сақловчи, Аллоҳга берган аҳду паймонини сақловчи ва ҳоказо. Бу ҳам жаннатийларнинг сифатларидан бири экан.

Аллоҳнинг мағфиратига эришиш, хатолардан халос бўлишнинг яккаю ягона йўли  осийликдан  тавба қилиш ҳисобланади. Тавба – қилмишидан таъзир еб ёки пушаймон бўлиб, уни қайта такрорламаслик учун қилинган азму қарордир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло тавба қилгувчиларга  қарата шундай марҳамат қилади: «Илло қайсилари тавба қилиб, ҳатоларини тузатиб, (хақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи ва раҳмлидирман) «Бақара» сураси, (160- оят). Гуноҳкорнинг Аллоҳ таолога илтижо билан ёлвориб қилган тавбаси «тавбаи насуҳ», яъни «самимий тавба» дейилади.

Қуръони каримда истиғфор билан тавба кетма-кет келган. Шундан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфиратини сўрашда аввал узр, кейин тавба қилишдан бошқа йўл йўк. Чунки гуноҳкор, хатокор банда тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Қуръони карим  талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан вақт ўтказилмасдан дарҳол бажарилиши даркор.

 

Хошимжон домла Отажонов

Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *