Янги Ўзбекистондаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, аввало, халқимиз манфаатлари йўлида, фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, унинг истиқболини кўзлаб амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан муқаддас ислом динининг анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, ҳақиқий эътиқод билан сохта диний қарашлар ўртасини аниқ ажратиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушмаслиги чораларини кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада оқилона ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга дунёнинг етакчи олимлари Ўзбекистон Президенти томонидан диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган пухта сиёсат таҳсинга лойиқ экани, Марказий Осиёдаги барқарорликка катта ижобий таъсир кўрсатаётганини эътироф этганларини ҳам юқоридаги фикрларнинг далили сифатида қайд этиш мумкин. Юртимизда“Инсон қадри учун” деган ҳаётий тамойилга асосланиб олиб борилаётган ислоҳотлар кўп миллатли халқимизнинг фаол қўлловига эришмоқда. Бундай оқилона тадбирларнинг ижобий самарасини диний соҳада айниқса, яққол кўриш, ҳис қилиш мумкин. Юртдошларимиз виждон эркинлигини таъминлаш, эмин-эркин ибодат қилиш учун яратилган шароитлардан рози эканликларини ҳар қадамда изҳор этмоқдалар.
Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари тўлиқ янгиланди. 2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакат дунёвий давлат экани, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги эълон қилинди. Шунингдек, 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият юритишининг қонуний асослари кафолатланди. 2017 йилдан шу вақтга қадар диний-маърифий соҳа фаолиятини тартибга солишга оид 3 та қонун, Президентнинг 36 та фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 19 та қарори қабул қилинди.Шу ўринда қайд этиш керакки, диний-маърифий соҳа ўта ҳассос ва мураккаб бўлиб, ушбу йўналишдаги ҳар қандай қарор узоқни ўйлаб, халқимиз таъбири билан айтганда, етти ўлчаб бир кесиш тамойили асосида қабул қилинмоқда. Айни вақтда, халқнинг узоқ йиллик тарихий тажрибаси, эътиқодий ўзига хослиги, истиқболдаги орзу-интилишларини инобатга олмаган чора-тадбирлар ҳеч қандай наф келтирмаслигини ўтган йиллар тажрибаси кўп бора исботлаб берган. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг диний соҳада қабул қилинадиган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатни шошма-шошарликка берилмасдан, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилиш бўйича ташаббусларини оқилона тадбир сифатида баҳолаш мумкин. Ўзбекистон Президенти халқаро майдонда исломнинг эзгулик, илм-маърифат ва бағрикенгликка асосланган таълимотини очиб бериш, экстремизм, терроризм ва исломофобияга қарши курашишга қаратилган глобал ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Кейинги йилларда диний-маърифий соҳалардаги эзгу ташаббуслар фуқароларнинг виждон эркинлигига оид ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш, уларнинг диний амалларни адо этишлари учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш, муқаддас Ислом динининг тинчликпарвар, маърифатпарвар, эзгуликка йўғрилган ғояларини тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир жумаладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Ҳақиқатдан ҳам, муҳтарам Президентимизнинг ушбу фармони диний-маърифий соҳага давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси дейишимиз мумкин. “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳиятини эътиборга оладиган бўлсак, бугун бу соҳага алоҳида эътибор ва меҳрни ҳис қилиб турибмиз. Мазкур фармон мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга оид муҳим ҳужжатлардан бири бўлиб фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади.4 та бўлим 17 та банддан иборат бўлган фармонда бугун диний-маърифий соҳада муаммо бўлиб турган айрим йўналишларни муҳтарам Президентимизнинг ўзлари алоҳида таҳлилларга асосланган ҳолда кўриб чиқиб, унинг ечимиларини берди. Энг аввало, бугунги мураккаб шароитда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар қанчалик муҳим эканлигини ушбу фармондан кўришимиз мумкин.
Фармонда белгиланган асосий мақсадлар, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, ҳар бир шахснинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини кафолатлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик, диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш муҳитини яратишдан иборат.Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда диний таълим муассасаларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик бугун кун тартибида турган долзарб масалалардан эканлигини кўриб турибмиз. Жамиятда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик, фуқаролараро тотувлик ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Бу жамиятдаги муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда, баҳамжиҳат, бамаслаҳат ҳал қилиш учун асос ва тамал тоши вазифасини бажаради.
Шунингдек, ушбу фармон билан диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилишини шахсан ўзим юқори кайфият билан қабул қилдим. Сабаби, мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади.Ушбу фармоннинг ижроси орқали мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсати янада такомиллашади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳити мустаҳкамланади. Диний-маърифий йўналишдаги илмий тадқиқотларни, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, илм-фан йўналишига тадбиқ этиш шунингдек, интернет тармоғида турли холис ва нохолис фикрлар билдирилаётган манбааларнинг ўрнига ҳақиқий илмий, асосли хулосаларга эга бўлган контентлар билан тўлдириш талаб этилади. Албатта, ёшларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанни севиш, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича алоҳида вазифа ва топшириқлар берилган. Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида олиб бораётган очиқлик сиёсати диний соҳага ҳам кенг имкониятлар эшигини очди. Натижада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланиб, кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилди, турли давлатларнинг диний идоралари билан меморандумлар имзоланди. Соҳага доир таклиф ва ташаббуслар мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланиб, нуфузли тадбирлар ҳамда анжуманларга мамлакатимиз мезбонлик қилиб келаётгани ҳам мазкур ислоҳотлар самараси десак, адашмаймиз.
Ф.Матяқубов
Хонқа туман бош имом-хатиби