Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас. Ислом дини инсон наслини мукаррам санайди, Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг азизи ва эҳтиромга муносиби деб баҳолайди. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баробар қадр-қимматга эгадир. Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Инсоният Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ўша аёвсиз жангу-жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасини асло унутмайди.
Юртимизда анъанавий нишонланадиган алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни” дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидоий юртдошларимизни ёдга оламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9-майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз.
Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодлармизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша, ҳар доим ёдда тутамиз, зеро, “Ўтмишсиз келажак йўқ” деб бежизга айтилмаган. Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуои-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!(Ҳашр сураси, 10-оят)
Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозасидаги амалдир. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот бу ҳолатни янада тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида қуйидагича марҳамат қилганлар: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир” дедилар” (Байҳақий ривояти). Ўтганларга нисбатан зиммамиздаги бурчларимиздан яна бири уларни доимо яхши сифатлар билан эслаб туришимиздир.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Бу дунёдан ўтган биродарларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар. Ўтганларнинг яхши амалларини эслаш аввало уларнинг руҳларини шод қилса, қолаверса, яхши сифатлар, хайрли амаллар, солиҳ кишилар эсланса, у жойга баракалар ёғилиб туради.
Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маънавий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этишиб боришимиз керак. Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат барча байрамларимиз сингари “Хотира ва қадрлаш куни” мисолида ҳам ёрқин намоён бўлади. Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида айтадиган бўлсак, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Айниқса, ўтганларни хотирлаш, азиз отахон-у онахонларнинг дуосини олмоқлик саодати ўзгача.
Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш – халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир. Хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш – бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Хотира – бизнинг бойлигимиздир.
Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.
Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди. Аллоҳ таоло жонажон юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлган, фронт ортини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилган, заҳмат чекиб ўтган ота-боболаримизни, юртдошларимизнинг барчаларини ўз раҳматига олиб, табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизнинг умрларини узоқ қилсин!
Хикматулла домла Юсупов
Урганч тумани “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби