Ислом дини шахсни тарбиялаш ва ислоҳ қилишга қанчалик эътибор қаратган бўлса, жамиятни ислоҳ қилишга ундан ҳам кўпроқ аҳамият қаратган. Воқеъликда фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби иллатлар борки, улардан жамиятни халос этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бу борада динимиз кўрсатмаларини ўрганиб, унга амал қилиш шубҳасиз, юртимизнинг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшади. Жамият вакилларининг ўз вазифаларини сувистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиши, давлат мол-мулкидан ноқонуний фойдаланиши, жамиятнинг турли жабҳаларида ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши ва бошқа шу каби салбий оқибатларга олиб келади.
Таассуфки, аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган диёримизда фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби ота-боболаримиз қаттиқ ҳазар қилган гуноҳлар рўй бериб турибди.
Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган.
Аллоҳ таоло айтади: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳукм чиқарувчиларга ҳавола этмангиз” (Бақара сураси, 188-оят).
Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари). Имом Табаронийнинг ривоятларида эса: “Макр ва алдов дўзахдадир” деганлари зиёда қилинган. Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.
Ўзгалар молини ноҳақ ейишнинг бир мисоли порахўрликдир. “Пора” ёки арабча “ришва” сўзини ислом уламолари қуйидагича таърифлаганлар: “Пора – киши ҳақли бўлмаган нарсасига эришиш ёки зиммасига лозим бўлган нарсадан қутулиш учун тақдим этган мол ёки манфаат”.
Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатладилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Таърифдан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин. Биринчидан, пора пул шаклида бўлиши шарт эмас экан. Балки бирор ишини қилиб бериш каби хизматлар орқали тўланган нарсаларни ҳам ўз ичига олар экан.
Иккинчидан, пора берувчининг нияти яхши бўлмас экан. У ўзи ҳақли бўлмаган нарсага эришишни, яъни етарли илм ва малакага эга бўлмасдан олий ўқув юрти талабаси ёки бирор корхона, ташкилотда мансабдор бўлмоқчи бўлади.
Учинчидан, пора олувчининг бузғунчилиги эса жуда катта экан. У ботил йўл билан, осон йўл билан мўмай пул топиб, ҳақли бўлмаган инсонларни юқори мансабларга кўтарилишига сабабчи бўлиб, жамият тараққиётини орқага кетишида катта ҳисса қўшади.
Исломда элга хизмат қилиш энг олий мақомлардан бири ҳисобланади. Аммо унинг асосий шарти адолат ва сидқидил билан хизмат қилиш керак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин, жамиятимизни турли иллат ва балолардан асрасин!
О.Машарипов
Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор Вали” масжиди имом-хатиби