ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ ВА УНИНГ ГУНОҲИ

Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: «Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик» (“Исро” сураи 70-оят).
Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло Одамни Ер юзида ўзининг ўринбосари қилиб яратганини баён қилган. Бу оятлар инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ кўрсатади. Аллоҳ таоло одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим.
Қуръони Каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилган. Жумладан: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз!”, “Ўзингизни ўзингиз ўлдирмангиз, зероки, Аллоҳ Сизларни ўз раҳм ва шафқати ила яшашингиз учун дунёга келтиргандир”, деб марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз Муҳамад (с.а.в) ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан: “Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур», деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан баробардир», деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда яшаш учун курашиш ҳисси, сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бу мудҳиш ҳолатлар нафақат ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазою қадарига ҳам туғён қилишдан иборатдир. Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканлигини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ (с.а.в) бундай ишни қилган кишига жаноза ўқимаганлар. Имом Бухорий (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в) шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади. “Бандам ўз-ўзини ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. Дарҳақиқат, инсон арзимаган қийинчилик сабабидан ўз жонига қасд қилса ўзини туганмас азобга жаҳаннамга гирифтор қилар экан.
Ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб “исломий” жамоалар орасида кенг тарқалиб, ҳатто жасорат даражасига ҳам чиқариб қўйилди. Белига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган ёшларни тез-тез телевидения  ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кимсалар аслида ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир.
Қолаверса, ўзларини портлатиб юбораётган ёшлар ҳеч қандай шаҳид ҳам бўлмайдилар, чунки улар билан бирга ҳалок бўлаётганлар орасида бегуноҳ кишилар ҳам бор. Бегуноҳ кишиларни ўлдирганликлари учун ноҳақ одамни ўлдирган бўлиб улкан гуноҳ қилган бўладилар ва бу билан Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлишади. Шу ўринда бир мулаҳоза қилиб кўрайлик. Динимизда ўзини ўлдириш инсонни абадий азобга гирифтор бўлиб Аллоҳ берган ҳаёт неъматига ношукурчилик қилганлиги учун гуноҳкор хисобланса, Энди ўзга бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкганлиги учун яна бир катта кечирилмас гуноҳга қўл урган бўлади. Бундай қабиҳ ишларга қўл урган инсон қандай ҳам шаҳид бўлсин? Аксинча, у бу дунёда ҳам инсонлар нафратига дучор бўлиб охиратда эса дўззаҳда абадул абад аламли азобда қолгучи бадбахт инсон бўлади. Ёшларни ғаразли мақсадлари йўлида шижоатлантираётган мутаассиб “исломий” жамоалар уларга шаҳидлик мақомини ваъда қиладилару, аммо жонлари ширинлиги учун ўзлари бу ишни қилмайдилар. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Улар ўзларини гўёки мусулмонлардек кўрсатиб, асл мақсадлари ҳокимиятни эгаллаш ва бунинг учун ҳар нарсага, ҳаттоки террорчилик, гиёҳвандлик, ноҳақ одам ўлдиришга ҳам тайёр бўлган кимсалардир. Булар ватан тараққиётига, қолаверса, жаҳон цивилизацияси, айниқса, муқаддас динимизга путур етказмоқчи бўлган ғаламис, беватан, динсиз кимсалардир. Барчамиз лоқайд бўлмаслигимиз керак. Бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Бу кечриб бўлмайдиган гуноҳ десак муболаға бўлмайди. Ўзининг инсон эканлигини унутиб, бу улуғ мақомга доғ тушираётган, ёшларни турли хийла найранглар билан ўз жонига ва бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга даъват қилаётган разил кимсалардан, уларнинг фитналаридан огоҳ бўлайлик. Бугунги дорул омон кунларни қадрига етиб яратганга шукрона келтириб яшайлик.

Султонов Ибодулло
Урганч тумани Муоз ибн Жабал масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *