АЛЛОҲ қуръон каримни Нисо сураси 59-оятида қуйидагича мархамат қилади;
يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓا۟ أَطِيعُوا۟ ٱللَّهَ وَأَطِيعُوا۟ ٱلرَّسُولَ وَأُو۟لِى ٱلْأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَٰزَعْتُمْ فِى شَىْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى ٱللَّهِ وَٱلرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِٱللَّهِ وَٱلْيَوْمِ ٱلْءَاخِرِ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир.
Демак, аввал Аллоҳга кейин унинг расулига кейин эса дин ва давлат раҳбарларига итоат қилишга буюрилмоқда экан. Аллоҳга бўлган итоат унинг расулига бўлган итоат билан комил бўлса, расулга бўлган итоат эса дин ва давлат раҳбарларига итоат билан дуруст бўлади ва раҳбарларга итоат эса ота-она итоат қилиш билангина тўлиқ бўлади. Хуш, қайси бир итоат биринчи ўринда туради? Албатта ҳамма Аллоҳга итоат биринчи ўринда туради дейиши мумкин. Лекин барчани йўқдан бор қилган Аллоҳга итоат қилиш, уни розилигига эришиш аввало бизни бу дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-онага итоат қилиш ва уларни розилигини олиш билан бўлади. Ҳадиси шарифда Аллоҳни розилиги ота-онани розилигида ва Аллоҳни ғазаби эса ота-онани ғазабидадир.
Махтумқули бобомиз хам; То падар рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сани,деб бежизга айтмаганлар.
Ҳозирги даврда Аллоҳга итоат қилишни даъво қилувчиларнинг кўпчилиги Аллоҳни тоатига ва розилигига асосий сабаб бўлган ота-онани рози қилишни унутиб балки уларни ғазабига учраб, Аллоҳни розилигига эришишни даъво қилишлари, игнани тешигидан туяни ўтиши каби амри маҳолдир.
Адашган тоифаларни қаторига қўшилаётган ёшларнинг аксарияти шу ҳолатга тушиб қолган десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шундай экан, Аллоҳни розилигига эришиш учун аввал ота-онага ҳамда дин ва давлат раҳбарларига итоат қилсакгина расулига эргашган бўламиз ва натижада Аллоҳни розилигини топамиз.
Қ.Машарипов
Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби