ЭКСТРЕМИЗМ-ТАРАҚҚИЁТ ДУШМАНИ

Инсоният маънавий маданияти яхлит бир бутундекдир. Дин кўп қиррали ва мураккаб тушунчадир. “Дин” сўзи арабча бўлиб, илоҳий қадриятга ишонч, ишонмоқ маъноларини билдирса, “Ислом” сўзи Оллоҳга итоат этмоқдир. Дунё яралибдики, унда яшаган дастлабки инсоният давриданоқ диний тасаввурлар ва динлар пайдо бўлгандир. Дунёда дини, эътиқоди бўлмаган халқ йўқдир.
Диннинг жамиятда фалсафавий назарий жиҳатдан бажарадиган вазифаси ниҳоятда муҳим. У инсонларни яшашдан мақсад нима эканлигини, қандай яшаш лозимлигини, инсон ҳаётининг мазмуни нима эканлиги, инсоф, адолат, тинчлик, дорул фанода нималардан иборат этиш, нималарга итоат этмаслик, у дунё, яъни, боқий дунёга қандай тайёргарлик кўриш эканлигини, ибодатини тўғри йўлга қўйиш, ҳалоллик ва поклик билан яшаб меҳнат қилишлари, инсонлар бир-бирларига яхши муносабатда бўлиб, меҳр-оқибатли, муравватли бўлиб, дўст ёру-биродар бўлиб яшашлари, илм маърифатни туғилгандан то умрининг охиригача ўрганишлари динда тарғиб қилинади. Нима савобу нима гуноҳлиги тасдиқланган. Дунё динлари иккига бўлинади:
Биринчиси, жахон динлари ва иккинчиси миллий динлар. Жаҳон динлари — бу христианлик, буддизм ва ислом динлари бўлса, Миллий динларга яҳудийлик, индиуизм, синкийлик, конфуцийлик, синтоизм ва шу каби бошқа динлар киради.
Ота-онага эҳтиром бажо келтириш, ота-онага раҳм-шавқат қилиш, уларнинг хаққига дуо қилиш, эзгулик қилиш, эл-юртга фойда келтириш, ёмонларни йўлдан қайтариш, тўғри йўлга солиш ва ҳакозолардир.
Мамлакатимиз 1991 йил 31-августда ўз мустақиллигини қўлга киритгач, дин ва виждон эркинлиги берилди. Мамлакат аҳолиси эмин-эркин тоат–ибодат қила бошладилар, лекин айрим манфур кимсалар, тинчлигимизни кўра олмайдиганлар унга раҳна сола бошладилар.  Бундай гуруҳлар мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ 1990-1991 йилларда унга раҳна солдилар, булар Тохир Йўлдошев бошчилигидаги “Ислом лашкарлари” номли янги норасмий гуруҳ тузиб “Ислом давлати” қуришни мақсад қилиб қўйди. Аслида эса уларнинг мақсади битта эди, яъни, ҳокимиятни қўлга киритиш эди. Кейинчалик, Тохир Йўлдошев томонидан “Узбекистон ислом харакати” террористик ташкилот тузилиб у томонидан Пойтахтимиз Тошкентда 1999 йил 16 феврал куни одамлар қурбон бўлишига олиб келган террорчилик ҳаракати содир этилганлиги натижасида 13 киши халок бўлди ва 128 киши турли даражадаги тан жарохатларини олди.
Асримизнинг сўнгги йилларида дунёнинг гоҳ у, гоҳ бу четларида ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи оқимлар пайдо бўлгани маълум. Улар жамиятдаги тартибсизликни авж олдириб, эл–юрт тинчлигига раҳна солиб, конституцион тизимни ағдариб ташлаб, ислом давлатини барпо этишга ҳаракат қилмоқдалар.
Улар ҳали онги шаклланмаган ёшларнинг фикрини чалғитиб, ўз томонларига оғдириб олишларига ҳаракат қилмоқдалар. “Қуръони Карим”да одамларни алдаб фитнага солиш, ўлдиришданда ёмонроқдир. Оллоҳ зулм қилувчиларни севмайди, деб таъкидлаган.
Диний экстремистларнинг ҳаракатлари эса “Қуръони Карим” оятларига мутлақо зиддир. 1997 йил Наманган вилоятидаги, 1999 йил Тошкентдаги портлашлар, 2000 йил август ойида Сурхондарё вилоятида, 2004 йил март ойида Тошкент ва Ғиждивонда, 2006 йил март ойида Андижон шаҳрида халқимизнинг тинчлигини бузиш, конституция тузимига қарши қаратилган ҳаракат раҳнамолари ва иштирокчиларига нисбаттан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб узоқ муддатли қамоққа ҳукм этилди. Халқимизнинг асл фарзандлари Ватанимиз сарҳадларига суқилиб киришга харакат қилган халқаро террорчиларга қарши Она-Ватан ҳимоясига отланиб зарба бердилар.
Умуман бугунги XXI аср бошларида ҳам Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид соладиган бундай кучларга қарши ўз билим салоҳиятимизни янада оширишимизни тақозо этади. Шу кунларда Сурияда бўлаётган кўнгилсизликлар, яъни, жангари гуруҳлар томонидан ИШИД (ироқ шом ислом давлати)ни қуриш учун ҳаракат қилаётган ғаламислар орасида афсуски, ўзбекистонликлар борлиги аниқланди. Пайғамбаримиз  ҳадисларида “Ватанни севмоқ иймондандир” деган ибораларига зид равишда қилаёган ишларига уларни биз ватандошларимиз деб аташга ҳам тилимиз бормайди. Улар ўз Ватанига ва ота-онасига нолойиқ инсонлардир.
Хулоса ўрнида, биз ёшлар, доим огоҳ бўлиб яшашимиз ва ўз ҳаётимизни ўзимиз барпо этишимиз, унга эътиборли бўлиб, лоқайд бўлмасдан, турли оқимларга кирмасдан, биз ёшларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ва шароитлардан оқилона фойдаланиб, биз ёшларларга ишониб айтган сўзлари “Келажак ёшлар қўлида ва унинг келажаги буюк…” деган сўзларига “лаббай” деб жавоб бериб, давлатимизнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш йўлида илмли, ақл идрокли, иқтидорли ёшлар бўлиб, Ватанимизга меҳр-муҳаббат, эл-юртга садоқат руҳида яшамоғимиз даркор.

 

А.Усманов
Боғот тумани “Иморат бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *