“Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани ўтказилди

Янги Ўзбекистонда миллий           ўзлигимизнинг ажралмас қисми бўлган аждодларимизнинг улкан илмий-маънавий мероси ҳамда жаҳонда катта обрў ва эътиборга эга бўлган алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, замонавий тадқиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантириш учун илмий асос яратиш, тасаввуф соҳасида ижод қилган алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг оммага содда, тушунарли тилда етказишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараён ёш авлодни Ватанга садоқат, аждодлар мероси ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни тўғри йўлга бошлашда Имом Мотуридий, Ҳаким Самарқандий, Ҳаким Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва хусусан Нажмиддин Кубро сингари тасаввуф алломаларининг инсонпарвар ғоялари асосида тизимли иш олиб борилмоқда.

Нажмиддин Кубро таълимоти асрлар давомида жамиятнинг турли қатламлари ўртасида дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Бунинг асосида муқаддас ислом динининг азалий қадриятлари ва маърифатпарвар моҳияти, халқимизнинг инсонпарварлик, диний бағрикенглик, ота-онага ҳурмат, сабр-қаноат каби эзгу фазилатлари билан ҳамоҳанг экани, зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши қораланишини кенг жамоатчиликка етказиш тобора муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувда Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллиги кенг нишонланиши ҳақида алоҳида таъкидланган. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган концептуал ғояларни ҳаётга кенг татбиқ этиш мақсадида “Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи” мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманини ўтказиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Мазкур Анжуман 2025 йил 30 июн Хива шаҳридаги Хоразм Маъмун академияси биносида ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республкаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Хоразм Маъмун академияси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари масъул ходимлари, шунингдек, республикадаги таниқли исломшунос, тарихчи, файласуф олимлар ва етакчи мутахассислар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ишматбеков Ҳомиджон, Ўзбекистон мусулмонлари идораси етакчи мутахассиси Таълим ва илмий тақиқот бўлими Чўлпонов Шерзод, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакили Хайрулла домла Абдуллаев, “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Давронбек домла Абдуқадиров, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, вилоятдаги масжид имом-хатиблари ва ноиблари иштирок қилдилар.

Анжуман Нажмиддин Кубронинг комил инсон тарбияси, ахлоқий камолот сари интилиш ҳақидаги ғояларини ёш авлодга етказиш, маънавий-маърифий соҳадаги замонавий таҳлилларни ривожлантириш, тадқиқотчилар ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга садоқат ва юксак ахлоқий мезонлар асосида тарбиялаш каби муҳим вазифаларни амалга оширишга қаратилди.

Хоразм вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *