Бугунги кунда ҳам баъзи оқимлар томонидан “Ислом халифалиги”ни қуриш ғояси илгари сурилмоқда. Таниқли аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асарида “халифалик” масаласи алоҳида келтирилган. Чунки, “халифалик” масаласи ўша даврда ҳам, бугун ҳам муҳим муаммолардан ҳисобланади. Агарда тарихга назар ташланса, бу масала ҳам даврий такрорланиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин. “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асарида бу тўғрида қуйидагича баён қилинган “Халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва амирликдир”.
Ушбу фикрини исботлаш мақсадида аллома Тафтазоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни келтиради: “Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва яккаҳокимликларга айланиб кетади”.
Мазкур ҳадис саҳиҳ бўлиб, бир қанча муҳаддислар томонидан ривоят қилинган. Шундан кейин, Аллома Тафтазоний саҳоба Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг мазкур ўттиз йилнинг бошида туришлигини айтганлар. Ундан кейин ҳукмронлик қилганлар эса, подшоҳ ва амирлар бўлади, дейдилар. Жумладан, саҳоба Муовия разийаллоҳу анҳу ва ундан кейинги амирлар халифалардан эмаслигини айтилади. Лекин, бу мавзунинг тушунилиши мушкул деб, фикрини қуйидагича ёритиб беради:
Аббосий халифалиги ва Умар ибн Абдулазиз каби марвонийлар сулоласининг баъзи вакилларини мусулмон уммати халифа деб келган бўлса-да, бироқ Аллома Тафтазоний фикрига кўра, ҳадисда тилга олинган халифаликдан мақсад тўлиқ халифалик, яъни у шундай халифаликки, унга қарши ҳеч бир мухолафат бўлмаган, ундан бошқаларга байъат қилишга одамларда майл уйғонмаган.
“Ҳулафои рошидин” (“тўғри йўлдан борувчи халифалар”) Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳум ажмаъин бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлганлар.
Демак, Аллома Тафтазоний айтишича, мусулмонларнинг норозилигига сабабчи бўлиб, бир тўда одамлар ўзларича халифалик эълон қилгани билан улар ҳақиқий бўла олмайдилар. Улар ўзларининг “халифалиги”га қанчалик оят ва ҳадис келтирсалар ҳам, улар ишончли ва том маънодаги халифа эмаслар!
Аллома Тафтазоний ҳам ҳозирги даврда халифалик тузишни тарғиб қилувчилар доим келтирадиган ҳадиси шарифга эътибор қаратган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис келтирилади: Аҳли қибладан ким ўз замонасининг имомини танимасдан вафот этса, жоҳил бўлиб вафот этибди”.
Аллома Тафтазоний мазкур ҳадис эътиборидан уммат Набий (с.а.в.) вафотидан кейин энг муҳим ишни қилдилар. Яъни, ўзларига раҳбарни тайинладилар. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинмасдан олдин бу ишни амалга оширдилар ва бу ишни ҳар бир раҳбар вафотидан кейин ҳам давом эттирдилар, деганлар. Бу ерда ҳеч қандай халифалик ҳақида гап-сўз йўқ. Мазкур ҳадисда ҳар бир даврдаги, ҳар бир юртнинг ўзлари тинч йўл билан сайлаб қўйган раҳбарлари назарда тутилган. Ҳадисда тилга олинган “имом” сўзи диний раҳбар – масжид имомини ҳам, сиёсий раҳбар – давлат раҳбарини ҳам назарда тутади. Фиқҳий манбаларда ҳам “имом” сўзи ана шу икки маънода қўлланади. Ундан фақат “халифа”ни эътиборга олиш маъноси йўқ. Иккинчидан, айтиш лозимки, “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия”нинг энг машҳур шарҳ қилувчиларидан Рамазон афанди фикрича, бу ҳадисдаги “ўз замонининг имоми” сўзидан мурод ўша даврга юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
Халифаликни ва халифалик тузишни тарғиб қилувчилар юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб, ўзларининг ғаразли мақсадлари учун ниқоб қилиб оладилар.
Иккинчидан, юқорида келтирилган ҳадис маъносидан маълум бўладики, “комил халифалик” ўттиз йил. Яъни, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳумлар даври. Шунингдек, мазкур тўрт саҳоба Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлганлар. Мазкур ўттиз йилдан кейин пайдо бўлган давлатлар эса, подшоҳлик ва амирликлар эди. Демак, бундан маълум бўладики, подшоҳлик ва амирликлар “ўринбосар”, яъни, “халифа” томонидан эмас, балки, “подшоҳ” ва “амир”лар томонидан бошқарилади.
Ш.Болтаев
Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби