Ислом динида фарзанднинг маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Маънавий тарбия орқали ёшларда яхши ахлоқ, шижоат, раҳмдиллик ва меҳнатсеварлик сифатлари шаклланади. Ватан келажаги, инсон бахт-саодати учун қайғурар эканмиз, ёшлар тарбиясини издан чиқарувчи ёт таъсирлардан, тажовузкор ғоялардан ёшларни ҳимоялаш, ахборот таҳдидларига қарши тура оладиган маънавий куч ҳосил килиш – бугун сув ва ҳаводек зарур. Фарзанднинг эътиқодини мустаҳкам қилиш энг асосий вазифадир. Зеро, мустаҳкам имон-эътиқод ёшларнинг замон синовларидан ўтишида суянч ва таянч бўлади. Шунда дуч келган ҳаётий ва маънавий муаммоларга жавоб бера олади.
Расулуллоҳ (с.а.в) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди. Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли низо ва қонли тўқнашувлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар. Афсуски, сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади
Ёшлар турли ахборот хуружларига берилмаслиги учун уларда мустаҳкам, соғлом эътикодни шакллантириш зарур. Фарзанднинг эътиқодини мустаҳкам қилиш энг асосий вазифадир. Буни Куръон оятлари мазмун-моҳиятидан ҳам кўриш мумкин,жумладан: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз, унда дағал ва қаттиққўл, Аллох буюрган нарсага итоатсизлик килмайдиган,фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси, 6 оят).
Мазкур оят шарҳида инсон аҳли аёли ва фарзандларини ҳам доимо эътиборда тутиши, бунда факат моддий таъминот билан чекланиб колмасдан, уларнинг имон-эътикоди ҳам мустаҳкам бўлишига ҳаракат килиши лозим, деб алоҳида таъкидланади.
Ақидаси соғлом бўлмаган фарзанднинг адашиб кетиш эҳтимоли кўп бўлади.Айниқса, ғоялар кураши авж олган бугунги кунда фарзандлар эътиқодига тажовуз солаётган таҳдидлар қаторида динни ниқоб қилиб, қадриятларни оёқости қилишга уринаётган бузғунчи ҳаракатларнинг фаолияти жиддий ташвиш уйғотмокда. Бундай кучлар фарзандлар онгини забт этиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ йўллардан фойдаланишга уринмокда.
Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини шакллантиришимиз, тажовузкор ғоялардан асрашимиз,
! Имом Термизий раҳимахуллоҳ «Шамоили набавия» асарида ҳамда муҳаддислардан Имом Доримий раҳимахуллоҳ ўз «Сунан»ларида тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳнинг:
«Бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар!» деган гапларини келтирганлар. (Термизий, 408-рақам; Доримий, 432-рақам).
Бу гап «Канз ал-уммол»да саҳобалар Анас ва Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳумодан ҳам нақл килинган. Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳнинг гапини Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ хам ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муқаддимасида зикр қилганлар.
Динни кимдан олаётганга қараш керак, яхши ва баландпарвоз гап айтганга эмас!
Муҳаддислардан Имом Дайламий раҳимаҳуллоҳнинг нақл килган бир гапи бор. Уни «Тафсири Жалолайн» соҳибларидан бири, буюк олим Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Жомеъ ал-аҳодис» асарларида келтирганлар:
«Кимлар билан ўтиришаётганларингизга қаранг ва динингизни кимдан олаётганингизга эътибор қаратинг! Чунки, охирзамонда шайтонлар одам суратида пайдо бўлиб, «Бундай ҳадис бор», «Мана бундай хабар бор», дейишади. Агар бир киши билан ўтирсангиз, унинг исмини, отасининг исмини ва насл-насабини суриштиринг. Агар у ғойиб бўлса, уни топа олмай қоласизлар!» (Дайламий, 358-ракам; Суютий, 7/5862)
Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: «Ушбу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: «Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар» деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!», деганлар. Яъни, ҳадис айтгани билан, оятни тафсир қилгани билан унга эргашиб кетилавермайди.
Демак, диний даъватда, диний илмни тарқатишда, диний илмни олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернетда ўтирган, фесбукда диндан гапираётган, телеграмда ўзича канал очволиб ҳаққа бошламоқчи бўлган, лекин кимлиги номаълум, оқибати хам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмаслиги лозим. Чунки, бу диндир! Динда уни ким етказаётгани муҳимдир! Ҳадис айтди, оят келтирди, демак унга эргашиш вожиб,дейилмайди. Уни ким айтди, нимага айтди, қайси мақсадда айтди, нима учун айтди, қаерда ва қачон айтди — шунга қаралади.
Хулоса қилиб айтсак ақида масаласида ёшлар тафаккурини шаклантириш ва ёшларни ҳамда бутун жамиятнинг маънавиятини нотўғри ақидалардан ҳимоялаш, бугунги кунда барчамизнинг долзарб вазифамиз ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясида бунга катта эътибор беришлари керак. Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Тавал бобо” масжиди имом-хатиби