Салом беришнинг аҳамияти

Ислом дини инсонлар ўртасида муҳаббат, биродарлик ва ҳурмат-эҳтиромни мустаҳкамлашга катта аҳамият беради. Ана шундай руҳий яқинлик ва муомала одобларидан бири — саломлашишдир. Салом мусулмонларни бирлаштирадиган, қалбларни бир-бирига мойил қилувчи муҳаббат калитидир. Бу ҳақда Қуръон ва ҳадисларда кўплаб таълимотлар берилган.

Салом — Аллоҳнинг исмларидандир

«Салом» сўзи арабча «السلام» бўлиб, тинчлик, осойишталик, омонлик маъноларини англатади. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ҳам Ас-Салом — яъни «Тинчлик ва омонлик берувчи»дир. Қуръони каримда шундай дейилади:

«У Аллоҳ,  Ундан ўзга илоҳ йўқ. У — Малик, У-Қуддус, У-Салом, У- Мўмин, У- Муҳаймин, У-Азиз, У-Жаббор, У-мутакаббирдир. Аллоҳ Унга ширк келтираётган нарсалардан покдир.»
(Ҳашр сураси, 23-оят)

Салом беришнинг фазилати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ўртасида саломни кенг ёйишни амр қилганлар. Салом биродарликни мустаҳкамлайди, ғина, адоват ва кибрни йўқотади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, иймон келтирмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмассиз. Сизни агар (амал) қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўргизадиган ишга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг ёйинг», дедилар».
(Имом Муслим ривояти)

Салом бериш ва қабул қилиш одоблари

  1. Кичик каттага, юрувчи ўтирувчига, кам сонли кўп сонлига салом беради.

«Кичик киши каттага, юрувчи киши ўтирувчига ва озгина кишилар кўпчиликка салом берадилар.»
(Бухорий ва Муслим ривояти)

  1. Мусулмонлар ўртасидаги салом: «Ассалому алайкум» ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуху».
    Қисқа саломга тўлиқ жавоб бериш мустаҳабдир:

«Ассалому алайкум» дейилса, «Ва алайкумус салом ва раҳматуллоҳи» деб жавоб қайтарилади.

  1. Биродарни кўриб салом бериш, сўнгра яна учрашганда яна салом бериш одобга тўғридир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларнинг бирингиз биродарига йўлиқса, унга салом берсин. Агар улар орасини дарахт ё девор ёки тош тўсиб қўйса, сўнгра унга яна йўлиқса, яна салом берсин», дедилар».
(Абу Довуд ривояти)

Саломда савоб ва ажр бор

Ҳар бир салом ва унга берилган жавобда Аллоҳнинг розилиги ва ажр бор. Ҳадисда келади:

«Инсон бошқа бир инсонга чин кўнгилдан ёруғ юз билан чиройли қилиб салом бериши яхшиликни кўпайтиради. Бу ҳақда ҳадисда:

“Бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларидан ўтиб кетаётиб:

“ассалому алайкум”, деди. Пайғамбар с.а.в.:

“Ўнта”, дедилар.

Яна бир киши ўтаётиб:

“ Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди.

Пайғамбар с.а.в.:

“Йигирмата”, дедилар.

Яна бир киши ўтиб кетаётиб:

“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ва баракатуҳ”, деди.

Пайғамбар с.а.в:

“Ўттизта”, дедилар.    Шунда бошқа бир киши “Ўнта, йигирмата, ўттизта “ дейишларининг сабабини сўради.

Пайғамбаримиз с.а.в:

“ Биринчи кишига ўнта деганим, у салом бериш билан ўн савобни, иккинчи ва учинчи киши эса салом бериш билан йигирма ва ўттиз савобни қўлга киритди”, деб жавоб бердилар.

          Салом бериш билан инсон сахийлик қилади. Зеро, дунёда энг бахил киши саломга бахиллик қилган кишидир. Ҳадисда:

“ Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишидир”, дейилади.

         Салом беришда инсонлар ким олдин салом беришда мусобақалашишлари лозим. Чунки ким олдин салом берса. Салом ва алик олингандаги савобнинг кўпроғини қўлга киритади.

Саломлашишда эътиборли бўлиш лозим

  • Номаҳрам аёл ва эркак ўзаро саломлашишдан сақланишлари керак, агар бу фитнага олиб борадиган бўлса.
  • Телефон орқали ёки ижтимоий тармоқларда ҳам саломлашиш одобларига амал қилиниши керак.
  • Салом беришда кибр ёки беэътиборлик билан эмас, ихлос ва ихтиёр билан салом берилиши лозим.

Салом бериш — мусулмоннинг шиори, иймон аломати ва руҳий поклик тимсолидир. У орқали муҳаббат, биродарлик ва тинчлик тарқалади. Ислом бизларни саломни кенг ёйишга, бир-биримизга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишга даъват этади. Шу боис ҳар бир мусулмон салом бериш маданияти ва одобларини чуқур англаши ва амал қилиши лозим.

 

У.Маликов

Қўшкўпир туман “Ҳазрати Иморат бобо” масжиди имом-хатиб

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *