Исломда зулм яьни ноҳақлик ва золимлик қилиш жуда қаттиқ қораланган ва зулмнинг ҳар қандай шакли ҳаром қилинган. Қуръон ва Ҳадисларда зулмнинг турли кўринишлари ва ундан сақланиш буйруқ қилинади. Бу хақида Аллох таьоло Юнус сура 44-оятида шундай мархамат қилади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يَظْلِمُ النَّاسَ شَيْئًا وَلَـٰكِنَّ النَّاسَ أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ
Албатта, Аллоҳ одамларга ҳеч қандай зулм қилмайди, лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар.
Золимлар нажот топмаслиги хақида Аньом сураси 135-оятида: إِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ
Албатта, золимлар нажот топмайдилар,деб муминларни зулмдан қайтаради.
Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларида шундай мархамат қилганлар:
يَا عِبَادِي، إِنِّي حَرَّمْتُ الظُّلْمَ عَلَى نَفْسِي، وَجَعَلْتُهُ بَيْنَكُمْ مُحَرَّمًا، فَلَا تَظَالَمُوا
Эй бандаларим! Мен ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва сизнинг ораларингизда ҳам уни ҳаром қилдим. Шу боис бир-бирингизга зулм қилманглар. Ислом динида оилавий зўравонликка қатъий қарши кўрсатмалар бор. Қуръон ва ҳадисларда эр-хотин муносабатлари, оилада муҳаббат, меҳр-оқибат ва адолат устувор эканлиги таъкидланади.
Динимиз кишиларни меҳр-муҳаббат асосида оила қуришга буюради. «У Зот (Аллоҳ) ўзингиздан сизнинг учун жуфтлар яратгани ва ораларингизга муҳаббат ва раҳмдиллик солгани Унинг (буюк) аломатларидандир…»Рум сураси, 21-ояти. Бу оятда оилада муҳаббат ва раҳмдиллик асосий қадрият экани кўрсатилади. Зўравонлик эса бундай муҳитга зид хисобланади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа ҳадисларида: «Мўминларнинг иймон жиҳатидан энг комили – хулқи энг гўзал бўлганидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз – аёлларига нисбатан энг яхши муомала қилувчилардир.» (Термизий ривояти) Зўравонлик эмас, балки гўзал хулқ ва мулойим муносабат Исломий фазилат ҳисобланади.
Шунингдек,динимиз аёлларни уришдан эса қайтаради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) эркакларни аёлларини уришдан қайтарганлар ва: «Сизлардан бирингиз хотинини қул каби уриб, кечаси у билан бирга ётадими?» — деб насиҳат қилганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Исломда ҳар қандай зулмга — жумладан, оила ичидаги зўравонликга ҳам — ҳақни бузиш сифатида қарайди. Эркакнинг масъулияти эса оиласига раҳмдил ва адолатли бўлишдир.
«Зулмдан сақланинглар. Зулм – қиёмат куни зулматдир.» (Муслим ривояти)
Шариатимизда аёлнинг ҳимояси масала хисобланади. Агар аёл доимий зўравонликка учраса, у суд ёки қозига мурожаат қилиб ўзини ҳимоя қилиши мумкин. Зўравон эркакга нисбатан шариатда танбеҳ, жазо, ҳатто ажрим (талоқ) ҳукмлари амалга оширилиши мумкин.
Хуш, аёл билан қандай яшаш керак? Буни хам Аллох таьолони ўзи таьлим берган. Аллох таьоло нисо сураси 19-оятида шундай мархамат қилган:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
“Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб, иноқ яшайверинглар). Эҳтимол, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликлар пайдо қилиб қўйгандир?».(Нисо сураси, 19-оят).Ушбу оятда эр хотинини ёқтирмаса ҳам, хушмуомала ва яхшилик билан яшаш кераклиги айтилмоқда. Бунда Аллоҳнинг амрига бўйсунишнинг ўзи кифоя!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган хадисда шундай таьлим берилади.
«اسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا، فَإِنَّ الْمَرْأَةَ خُلِقَتْ مِنْ ضِلَعٍ، وَإِنَّ أَعْوَجَ مَا فِي الضِّلَعِ أَعْلَاهُ، فَإِنْ ذَهَبْتَ تُقِيمُهُ كَسَرْتَهُ، وَإِنْ تَرَكْتَهُ لَمْ يَزَلْ أَعْوَجَ، فَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا»(Саҳиҳул Бухорий, 5186-хадис)
“Аёлларга яхшилик билан насихат қилиб яшанглар. Чунки аёл киши қабурғадан яратилгандир. Қабурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғри қилмоқчи бўлсангизлар, синдирасизлар. Агар уни ўз ҳолича қўйсангизлар, у эгрилиги билан қолаверади. Шунинг учун аёллар ҳақида яхшилик билан насихат қилиб яшанглар”. Ушбу ҳадис аёллар билан бўладиган муомалада раҳмдил, мулойим ва сабрли бўлишга тарғиб қиланади.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Исломда оила муҳаббат, раҳм-шафқат ва адолат асосида қурилади. Оилавий зўравонлик — Ислом таълимотларига зид, гуноҳ ва жавобгарликни талаб қилувчи ҳолатдир. Эр ва хотин ҳар иккаласи ҳам бир-бирига ҳурмат ва масъулият билан муносабатда бўлиши шарт,шундагина оила хақиқий маьнода сакинат масканига айланади ва фарзандлар хам тўғри тарбия топишларига имкон яратилади.
Қ.Машарипов
Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби