Исроф қилишликдан сақланайлик

Ислом динимиз мўътадил дин бўлиб, барча ишларда мўътадил йўлни тутишга буюради. Айни пайтда исрофдек оғир гуноҳдан қайтаради. Чунки, ҳар қандай ишда ҳаддан ошиш   исроф саналади.

Исроф деб, шариат тилида бирор иш ҳаракатни бажаришда, сўз сўзлашда, молни сарф қилишда, хатто инфоқ-еҳсон қилишда мўътадиллик чегарасидан чиқишга, хаддан ошишга айтилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда исрофгарларни суймаслигини ва улар шайтоннинг биродарлари эканлигини айтиб ўтган. “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Биз кўпинча исроф деганда таомнинг ортиб қолиши ёки ортиқча сарф ҳаражат қилишнигина тушунамиз. Бу ҳам  тўғри. Аммо, нафақат ортиб қолиши, балки қолмасин деб, тўқ қорин устига ейиш ҳам исроф саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таола шундай марҳамат қилган. “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).  Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор.  Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот шундай деганлар:  “Таом ва ичимлик билан қоринни шиширишдан сақланинг. Зеро, бундай қилиш жасадни бузади, касаллик келтиради ва намозга ялқовлантиради. Таом ва ичимликда мўътадил бўлинг. Зеро, шундай қилиш жасадга фойда беради, исрофдан йироқ қилади ва ибодатга куч беради”.

Биз ўзбек халқи меҳмондўст, хайру саховатли, қўли очиқ халқмиз. Шунинг учун хилма-хил маросиму тадбирларимизнинг сони ҳам кўп. Ақиқа тўйи, никоҳ валимаси, ҳовли тўйи, мотамга оид вазима маросимларининг ҳам бир неча турлари мавжуд. Албатта, бундай маросимларнинг пайдо бўлиши ва амалга оширилишидан кўзланган мақсад аввало, қавму қариндош, қўни қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига ноил бўлишдир. Аммо, зинҳор, ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак бўлади. Акс ҳолда, эҳсон қилиб савоб топиш ўрнига оғир гуноҳга қолинади.  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривояти). Демак, эҳсон қилишнинг ҳам меъёри бор экан.

            Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратлари, исрофгарликдан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.

Исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омиллар:

 

  • Аввало тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
  • Маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
  • Тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
  • Бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканлигини унутиш ёки тушунмаслик;
  • Умуман инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.

Исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратлари:

 

  • Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
  • Шайтонни хурсанд қилиб, унинг биродарига айланиш.
  • Ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
  • Жасадда турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
  • Жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.

Исрофгарликдан қутулиш йўллари:

 

  • Ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
  • Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
  • Дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
  • Исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хоксор кишиларга яқин юриш;
  • Оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.

Аллоҳ таоло ҳаётимиз ва ризқимизни фаровон айлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишдан  Ўзи асрасин!

 

 

Б.Ходжаев

Хива шаҳар “Саид Ниёз Шоликор” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *