Яқин ўтмишга назар ташлар эканмиз, замонавийлик, дея ўзлигимизга ёт бўлган кийимларнинг оммалашиб кетганидан аслимизни унутаёзганимиз, ёшларнинг бошқа миллат вакилларига кўр-кўрона тақлидларча кийиниб бораётгани таассуфки, ҳақиқат.
Миллийлик – бу ўтмишга ҳурмат, ҳозирги кунга садоқат ва келажакка ишончдир. Шундай экан, биз ўз миллийлигимизни қадрлаб, уни келажак авлодларга етказишимиз лозим.
Миллийлигимизни кенг тарғиб қилишда аввало ўзимиз анъаналаримизга риоя қилган ҳолда намуна бўла олишимиз зарур. Шуни фахр билан айта оламизки, бизнинг ўзбекона либосларимиз, гўзал урф-одатларимиз дунёнинг қай бурчагида бўлмасин ҳар қандай халқнинг ҳавасини келтириб ўзига маҳлиё эта олади. Бежирим атласу адраслар ҳар кимнинг кўзини қувонтирмай қўймайди.
Миллийликни билиш ва англаш учун миллатлар ўртасидаги фарқ ва тафовутларни ўрганиш билан биргаликда уларни яқинлаштирувчи жиҳатларга жиддий эътибор бериш зарур. Чунки бошқа миллатларнинг ютуқ ва ижобий тажрибасини ўрганиш, уларни ўзлаштириш миллийликни бойитади ва ривожлантиради. Инсоният тарихида XX аср миллийликнинг ўсиши, миллий давлатчилик тамойили устуворлик касб этгани билан характерланади.
Шу қаторда миллий либослар ҳам миллийлигимизнинг бир қисми бўлиб, ҳар бир халқнинг ўзига хос маданияти ва тарихий анъаналари асосида яратилади.
Айниқса ўзбегим миллий кийимлари ўзининг мафтункор нақшлари ва ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Минтақамиздаги иқлим, шарт-шароит ва кўп йиллик тарихга эга эътиқодимиз асосида ўзига хос миллий либосларимиз шаклланиб келган. Миллий либосларимиз нафақат миллатимиз кўркини, балки маънавий мафкураларимизни ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни ҳам намоён этади.
Бугунги кунда мана шу узоқ тарихни босиб ўтган, аждодларимиз мафкураси ва дунёқараши ҳақида сўзлайдиган миллий либосларимизни тарғиб этиш миллийлигимизни сақлаб қолиш демакдир. Ҳар бир миллат ўзига хос маданият, тарих ва қадриятлар асосида шаклланади. Ўзликни англаш, миллий ғурурни ҳис этиш ҳар бир инсон учун муҳимдир. Миллийлик – бу фақат кийим ёки урф-одат эмас, балки қалбдаги ифтихор, юракдаги муҳаббат ва онгимиздаги тарихий хотирадир.
Ўз миллатининг тарихини, тилини ва қадриятларини асраб-авайлаган инсон ҳақиқий ватанпарвар бўлиши мумкин. Чунки миллатни сақлаб қолиш – бу унинг келажагини таъминлаш демакдир. Бугунги кунда глобаллашув таъсирида айрим ёшлар ўз миллийлигидан узоқлашаётган бўлсада, бу жараёнга қарши туриш ва миллий анъаналарни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Кийиниш маданияти – инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси , эстетикаси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини очиб беради. Кийиниш маданиятига бўлган қараш инсоннинг гўзаллик, нафосат, одоб борасидаги кўз қарашларини ифода этадиган омил ҳамдир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бугунги жадал ривожланиб бораётган глобал даврда кийимлар ҳам, кийинишга бўлган эътибор ва талаб ҳам ўзгариб бормоқда.
Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Бу кийимларнинг ўзбекона маданиятимизга менталитетимизга хос эмаслиги ҳақида эса ўйлаб кўришмаяпти. Афсуски мен бугунги йигит – қизларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида ижобий фикр билдири олмайман. Чунки бугун кўча куйда, европага тақлид қилиб кийинаётган ёшларимизда миллийлигимиз акс этган кийимлар тоборо камайиб бормоқда. Аслида кийиниш маданияти хам ўзбекона маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Бу масаланинг жиддий томони шундаки юзага келаётган ушбу муаммо бугунги куннинг мухим долзарб мавзусига айланди. Кўпчилик ёшларимиз эвропа услубида кийинмасликни замондан ортда қолиш деб хисоблашмоқда. Бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканлиги ҳақида фикр юритишмаяпти .
Европа модаси деб урф бўлган бемани кийимларни кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб хисоблайдиган хар бир йигит қиз қаттиқ адашади ва аксинча улар ўзларининг маънавияти тафаккури ва дунё қараши қанчалик саёз эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи мухим омил хисобланади. Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринли деб биламан. Йигит қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан. Афсуски ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.
Кийиниш борасида нафақат қизларимиз балки йигитларимиз ҳам тобора “замонавийлашиб” боришяпти. Ҳар хил бемани ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва шиппакларда кўчани тўлдириб юришгани айни ҳақиқат. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган ёки скелет расми солинган футболкаларни кийишга иштиёқманд ўзбек йигитларимизнинг бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини англай олишмаяпти. Тасаввур қилиб кўринг калта шим ёки футболка кийиб олган ота ёки тор ва очиқ либосга бурканган она ўз фарзандига ибрат бўлиш ўрнига шу муҳитда улғайиши учун замин яратаётгандек гўё. Ҳақиқатки бундай ота-оналар баъзи-баъзида учраб турибди.
Биз инсонийлик ва маънавият бобида дунёга танилган улуғ зотларнинг авлодларимиз. Аллома Фаридиддин Аттор айтганларидек, навниҳол ўғил-қизларимиз хатолардан ўзларини узоқроқ тутсалар, оилалари обрўси учун ҳам, мамлакатимиз шаъни учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир ажойиб удумлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди.
Энг аввало ота она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти хам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлади.
М.Абдуллаев
Урганч тумани “Назар Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби