Уқув қайда бўлса –улуғлик бўлар,
Билим қайда бўлса-буюклик бўлар…
Бу сатрлар Юсуф Хос Ҳожиб хазратларининг «Қутадғу билиг» асаридан олинди.
Асарнинг «Қутадғу билиг»-«Саодатга бошловчи билим» деб номланиши ҳам, унда бошдан-оёқ илм фазилати, илмнинг инсон хаётида тутган ўрни хақида сўз боради.
«Қутадғу билиг» тўққиз ярим аср муқаддам (1069 йили) ёзилган. Дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Шундан ҳам маълум бўладики, ота-боболаримиз азалдан илимни, олимни юксак қадрлаган, «Билимлига тоғлар эгар бошини» деб билганлар.
Амеркалик машхур кашфиётчи олим Томс Эдисон техника сохасидаги ихтиролари учун 4098 та патент олган. Шунга яраша катта бойликка ҳам эга бўлган. Олимнинг ихтиролари натижасида инсониятга етган фойдани пул билан ўлчаб бўлармикан?… Биргина кашфиёти – электр чироғини оладиган бўлсак, сайёрамизда бирор нуқта йўқки, унинг нуридан бахраманд бўлишмаса.. Бундан ташқари телефон, телеграф, киноаппаратураларнинг такомиллашувида ҳам олимнинг ҳиссаси катта. У биринчи электровозни, биринчи ишқорли аккумлятор батареясини ихтиро қилган. Темир рудасини бойитишнинг янги усулини ихтиро қилган. Хуллас Томас Эдисон техника тараққиётига улкан ҳисса қўшган олимдир.
Кўриниб турибдики, у фавқулотда иқтидорли бўлган. Бироқ бу қадар сермахсулликка фақат иқтидорнинг ўзи билан эришиб бўлмаслиги аниқ. У Аллох берган ноёб қобилятини машшақатли меҳнат эвазига юзага чиқарган. Олим эллик ёшига қадар суткасига 19 ярим соат, кейин эса 18 соатдан ишлаган экан. Бой бўлишига қарамай, оддий кийинган, маишатни ёқтирмаган, асло маст қилувчи ичимликлар ичмаган… Ва узоқ яшаган, ҳеч қачон касал бўлмаган.
Хуллас Томас Эдисон хақидаги сўзларимиз кимларгадир қизиқ туюлиши мумкин: нима, ўзимизда бундай зотлар ўтмаганми? Ҳақиқат юзига тик қарайдиган бўлсак, кейинги 3-4 аср бизда таназзул даври бўлди. Ғарб эса уйғонди. Биз эгасиз қолдирган буюк аждодларимиз меросини, ихтирою кашфиётларини Ғарб шиддат билан ўзлаштирди, янги замонга татбиқ этди ва тараққиёт йўлига тушди.
«Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни йиқар» деган мақол бор. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз билимли, тадбиркор инсонларни ниҳоятда ҳурмат қилгани, улардан бир кишини минг-минглаб илмсиз, тадбирсиз, лоқайд кимсалардан устун кўргани, олимлар суҳбатини ёқтириши, ҳамиша илм-маърифатга ҳомийлик қилганини яҳши биламиз… Модомики, суҳбатимиз олис тарих томон йўналиш олар экан, дунёни солаҳияти, қомусий билимлари билан лол қолдирган бобокалон алломаларимиз сиймоси бир-бир кўз ўнгимизга келади. Беруний, Фарғоний, Ибн Сино, Хоразимий, Замахшарий, Фаробий, Улуғбек ва х/клар Уларнинг хар бири, биз дунёвий деб атайдиган бир ёки бир неча фанга асос солган, башар тараққиётини янги босқичга кўтарган зотлардир…
Дарҳақиқат, муқаддас китобимиз Қуръони каримда илм олиш фарз экани кўп таъкидланади. Аллох таоло Қуръони каримда «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» (Зумар сураси 9-оят), «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси 11-оят) дея илм фазилати, олимлар мақоми юксак экани уқтирилади. Борлиқ моҳиятини илм билан англашга даъват этилади. Расули акрам (с.а.в)дан ривоят қилинадиган кўп ҳадиси шарифларда ҳам илимли инсонлар икки дунёда ҳам эъзозда бўлишлари, дунё илм билан, олимлар билан қоимлиги қайта-қайта такрорланади. Шундай экан, Қуръони карим ва ҳадиси шариф таълимотини ҳаётий дастурил-амал қилган алломаларимизнинг оламшумул довруқ қозонишлари ўз-ўзидан тушунарлидир.
Ҳулоса қилиб айтганда Бола бошидан деганидек, фарзандда илмга ҳавас, китобга бўлган эътибор ва эҳтиром оилада шакилланади. Она қорнидаги гўдак тақдири азалдан белгиланишига ишонмаслик, бу –инсоннинг имон-эътиқодига боғлиқ масала. Аммо оила муҳити кўп нарсани белгилаши аниқ. Тақдирий илоҳий билан туғулган гўдак нобоп муҳитга тушуб қолса, истеъдоди увол бўлиши турган гап. Айни чоғда, оила катталари китобсевар муҳит, илмга бўлган юксак эҳтиром мурғак гўдак қалбига сингдириб борилса, шубҳасиз уларда илм-фанга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Муҳаббатли кишилар эса бировларнинг тазйиқсиз ҳам йўлини топиб кетишаверади. Бунга биз юқорида номларини келтирган, дунё илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшган алломалар ҳаёти ёрқин мисолдир.
Дарҳақиқат сўзимиз аввалида тилга олганимиз Томас Эдисон илм туфайли, илмга бўлган чексиз садоқати, фидойилиги орқасидан буюклик топдилар. Албатта, бундай эътироф давомида ишонгинг келадики, ажаб эмас, бизнинг ёшларимиз орасида ҳам ана шундай инсонлар камолга етаётган бўлса!… бунга шуҳба йўқ. Бир замонлар дунёни лол қолдирган кўплаб алломаларни дунёга келтирган бу қадим замин, қаддини тиклаётган азим мамлакат яна ўзлигини намоён қилади.
Ёшлар келажакимиз устунларидир. Келгусида жамият юкини зиммасига оладиган авлод ҳар тарафлама баркамол бўлиши зарур. Баркамоллик илмли, ахлоқли ва жисман соғлом бўлиш дегани. Мамлакатимизда таълим-тарбия айнан ана шу йўналишлардаолиб борилмоқда. Ёшларимиз илм-фан асосларини мукаммал ўзлаштиришлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Жумладан янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар камолотига қаратаётган доимий эътибори, айниқса, таълим ислоҳотларида яққол кўзга ташланмоқда.
Хорижий таълим муассасаларидан ўзимиздаги олий ўқув юртларига ўқишини кўчириш, тест жараёнлари, бир вақтнинг ўзида 5 та ОТМда билимини синаб кўриш масалалалари бунинг ёрқин мисолидир. Албатта, бу кунларни асрлар давомида халқимиз орзу қилган.
Шунингдек, икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилди. Ёшларимизнинг нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Илм – ҳаёт ва турмушда орттирилган тажрибаларнинг амалий ва назарий натижаси. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан осон чиқиб кетиши мумкин.
Уламоларимиз: “Билимнинг офати унутиш, уни англамаган кишига гапириш эса зое қилишдир”, дейдилар. Аллоҳ таоло барчамизни илмига амал қиладиган бандалардан қилсин!
М.Абдуллаев
Урганч тумани “Назар Хўжа бобо” масжиди имом-ҳатиби