Юртимизда барча сохада бўлганидек,диний сохада хам улкан ислохот ва янгланишлар бўлаётганига хаммамиз бевосита гувох бўлиб ич-ичимиздан хурсанд бўлиб турибмиз.
Аллоҳ таолога шукрки, диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар инсон қадри улуғланаётганига яққол далил бўлмоқда. Хусусан, уламолар, имом домлаларнинг меҳнатлари муносиб рағбатлантирилмоқда. Бу эътибор юксак даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирлашида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шу йил 23 август куни тарихий сана бўлди. Муҳтарам Президентимиз Фармонига асосан Ўзбекистон мусулмонлари мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари «Олий даражали Имом Бухорий» ордени ва бир гуруҳ фаол уламолар «Имом
Бухорий» орденига сазовор бўлдилар. Бу – юртимизда дин пешволарига, илм аҳлига бўлган юксак эътибор ва ҳурмат ифодасидир. Олиб борилаётган ислоҳотлар замирида илм-маърифат устувордир. Зеро, мўътабар манбаларда ҳам илм эгалари улуғланган. Қуръони каримда бундай зикр қилинади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм берилган зотларни (баланд) даражаларга кўтаради» (Мужодала сураси, 11-оят).
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларида: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дея олимларнинг мақоми ва фазли алоҳида таъкидланган.
Таъкидлаш керакки, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан
5 нафар давлат ва дин арбоби мукофотланган. Жумладан, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раислари, марҳум муфтийлар Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамда айни пайтдаги муфтийимиз Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари тақдирланган. Давлатимиз Раҳбари томонидан улуғ муҳаддис бобомиз Имом Бухорий номидаги ушбу мукофот билан Муфтий ҳазратларининг тақдирланиши бежиз эмас. Балки бу Аллоҳ таолонинг инояти ила Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Ватан равнақи, дин ривожи ва халқ саодати йўлидаги 35 йилдан зиёд вақт мобайнидаги меҳнатлари самарасидир. Хусусан, 4 йиллик муфтийлик даврида амалга оширилган энг асосий фаолият йўналишларига эътибор қаратилса, сабаблар юзага чиқади. Эътибор беринг, ҳозирга қадар 114 та янги масжид рўйхатдан ўтказилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, 389 та масжид қайтадан бунёд этилган бўлса, 227 таси жорий таъмирдан чиқарилди. Ҳар куни имом- хатиблар томонидан намоз олди ва ундан сўнг суҳбат ҳамда савол-жавобга алоҳида вақт ажратилаётгани ҳам янги жорий этилган анъана, дейиш мумкин. Фатво марказининг иш бошлаши ҳам жуда манфаатли бўлди. Марказда 25 нафар етук уламо етти йўналишда фаолият юритмоқда.
Колл-марказда бир неча мутахассислар ҳафтанинг ҳар куни турли масалалар юзасидан бериладиган саволларга жавоб қайтармоқдалар.
Қуръони каримни тажвид қоидалари асосида ўқишни ўрганишга бўлган талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда айни кунларда мамлакатимизнинг 28 та ҳудудда «Қуръон ва тажвид» ўқув курслари фаолият юритмоқда. Шу кунга қадар ушбу ўқув курсларида 70 мингдан зиёд юртдошимиз илм олди. Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан Сурхондарё вилоятида Имом Термизий номидаги ислом институтининг ташкил этилиши билан юртимиздаги олий диний таълим муассасаларининг сони 4 тага етди. Тошкент ислом институтида Магистратура босқичи йўлга қўйилиб, барча қулайликларга эга қўшимча бинолар ажратилди. Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2000 нафарга яқин талаба таҳсил олади. Қайд этиш керакки, ҳаж зиёратчилари сони аввалгига қараганда 3 карра оширилди. Сўнгги йилларда ҳар йили 15 минг нафар фуқаро улуғ амални бажараётган бўлса, охирги йилларда жами 75 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж қилиш бахтига эришди. Биргина ўтган йилда 800 минг нафар ҳам юртимиз умра амалини адо этдилар.
Муфтий ҳазратларининг видео ва аудио контентлари эълон қилинадиган
ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифаларининг жами обуначилари сони
қарийб 3 миллионга етди. Диний идора тасарруфида сайтлар сони 48 та,
ижтимоий тармоқлар сони икки мингдан ортди. Медиа макондаги «Қуръон
сабоқлари», «Онлайн диний савол-жавоб» каби тўғридан-тўғри эфирлар ва
фойдали лойиҳалар омма эътиборини қозонмоқда. Шайх Нуриддин
Холиқназар ҳазратлари томонидан руҳий тарбия, одоб-аҳлоқ, ихлос,
самимийлик, илм-маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, устозга
эҳтиром каби мавзуларда «Ихлос — амаллар зийнати», «Тасаддуқ, ё
Расулуллоҳ» сингари 20 та китоб нашр этилди.
Булардан ташқари деярли барча имом-хатибларнинг илмий,оммобоп китоблари нашр қилинаётгани хам кишини қувонтиради. Собиқ СССР даврида эса холат мутлақо акси эди. Диний кишиларни камситилиб, қолоқ шахс сифатида муомала қилинар эди. Юқоридаги неьматларни қадрини билиш учун аввалги замонга қиёс қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бу эса хозирги неьматларни шукрини қилишимизга ундайди.
Аллохим, уламоларимизнинг дин ривожи, уммат саодати ва ватанимиз равнақи йўлидаги хизматларини бардавом айласин, дунёю охиратда улуғ ажру мукофотлар билан мукофотласин.
Қ Машарипов
Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби