Она тили – миллатнинг руҳи ва кўзгусидир!

Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.

(Ш. М. Мирзиёев)

Она тили – миллатнинг руҳи, унинг кўзгусидир. Тил – давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Яъни она тилимиз мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси билан бир қаторда турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзи ҳисобланади.

Бундан роппа-роса 36 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо каби буюк сиймоларни етиштирган халқнинг тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ биринчи президентимиз И.А. Каримов ташаббуси билан ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Шундай қилиб, 1989 йил 21 октябрь санасида она тилимиз-ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва ҳар йили 21 октябрнинг мамлакатимизда тил байрами сифатида кенг нишонланиши она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат, маънавиятимизга, миллатимизга бўлган юксак эътибор намунасидир.

Тил- миллат қиёфасининг бир бўлаги, маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарси, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имкон яратади.

Ўз она тилини англаб, қадрлаб, унинг юксалиши учун, бошқа халқлар тиллари орасида ҳам ўз ўрнига эга бўлиши учун оз бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшган инсонни адашмай халқпарвар, чинакам маънавиятли инсонлар қаторига қўша оламиз. Аксинча, тилимиз бойликларига путур етказиб, ўзининг тилига, оиласига, жамиятига, халқига, қолаверса, ўзига, ўзлигига ҳурматсизлик қилаётган инсон эса фақат жаҳолат ботқоғига ботади, бу ҳам етмаганидек ён–атрофидагиларни ҳам қўшиб шу ботқоқ томон олиб кетади. Биз ота–боболаримиздан қолган ушбу муқаддас меросни асраб–авайламоғимиз лозим. Зеро, тил жамиятнинг маънавияти ва маданияти кўзгусидир.

Р.Рахимов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *